Ассалому алайкум! Аллоҳ таоло сизлардан рози бўлсин. Биз тарафларда шаҳарда ҳам, чекка қишлоқларда ҳам свет кўп ўчади. Агар шаҳар ёки қишлоқларда тўй бўлса, свет ёнишини кутиб ўтиради. Менда генератор бор, шу генераторимни тўйларда ишлатиб, касб қилиб пул топишим жоизми? Тўйларда генератор асосан санъаткорларга ва даврадаги чироқларни ёритишга ёрдам беради. Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.
Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Моида” сураси 2-оятида марҳамат қилади :
«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг».
Ушбу мўъжазгина жумла дунёдаги барча ҳамкорликлар учун асосий қоида ҳисобланади. Исломдан аввалги даврда ҳамкорлик қоидаси уруғчилик, қабилачилик ва бошқа шунга ўхшаш ўлчовлар асосида бўлар эди. Ўзига яқин бўлган шахс, тоифа, қабила, давлат ёки халқ нима қилса, унга ҳамкор бўлиш зарур эди. Жумладан, зулм ва душманлик ишларида ҳам.
Исломда эса ҳамкорликнинг бош шарти яхшилик ва тақводир. Агар шу шарт вужудга келса, ҳамма билан ҳамкорлик қилинаверади. Аммо қаерда гуноҳ ва ёмонлик бўлса, ким бўлишидан қатъи назар, ҳамкорлик қилинмайди.
Бу ишларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолога боғлиқ. Мазкур ишларни амалга оширишда, албатта, тақво шарт. Шунинг учун ҳам
«Аллоҳга тақво қилинг», – деб алоҳида таъкидланмоқда.
Инсон Аллоҳдан қўрққанидагина Аллоҳни рози қиладиган ҳамкорликларни амалга оширади. Инсон Аллоҳга тақво қилгандагина ундан яхшилик кутиш мумкин. Кимки яхшилик қилса, ўзигадир. Ёмонлик қилса ҳам ўзигадир. Аллоҳдан қўрқмаган, Унинг амрида юрмаганлар билиб қўйсинларки:
«Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатлидир».("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам.