- Ва алайкум ассалом! Шариатнинг ҳар бир ҳукми инсон ҳаётини сақлаб қолиш, нотўғри ҳаракатларни олдини олиш учун, охиратда эса бахту саодатга эришиш учундир. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида марҳамат қилади:
وَلَكُمْ فِي الْقِصَاصِ حَيَاةٌ يَاْ أُولِيْ الأَلْبَابِ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ
179. Қасос олишда сизларга ҳаёт бор, эй ақл эгалари! Шоядки, тақво қилсангиз.
Бу ояти карима қасоснинг шариатга киритилишининг ҳикматини баён қилмоқда. Демак, қасос олишда кишилар учун ҳаёт бор экан. Қасос қалбдаги нафратни қондириш эмас, балки олий мақсад – ҳаёт учун экан. Қасос олиш йўлга қўйилса, инсон ҳаётини сақлаб қолишда катта иш қилинган бўлади. Чунки ҳар бир одам бошқа бировни ўлдирса, қасосига ўзининг ҳам ўлдирилишини билади ва ҳеч қачон одам ўлдиришга қўл урмайди. Бир кишининг ҳаётига қасд қилиш, умуман, ҳаётга қасд қилиш билан баробардир. Жиноятчи бир кишининг ҳаётига қасд қилса, умуман, ҳаётга қасд қилган бўлади.
Шунинг учун бунинг жинояти кучли бўлиб, қасос олинади. Қасос олиш ҳақидаги ҳукмнинг ўзи жиноятчини ҳушига келтириб қўяди. Оз сонли қотиллардан қасос олиш кўплаб бегуноҳ кишиларнинг ҳаётини сақлаб қолади. Набий алайҳиссаломнинг даврларида ушбу ҳукм жорий қилиниши билан одам ўлдириш тўхтаб қолгани ёки йўқ даражада камайиб кетгани ҳам шундан. Қасос ҳукмини жорий этиш ҳам тақвонинг бир шартидир. Чунки Аллоҳнинг амрини бажариш тақводандир. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Шу ўринда яхши тутшуниш керак, шахслар ўзича қасос олиши мутлақо мумкин эмас. Бу иш жамиятнинг ва ундаги масъулиятли муассасаларнинг вазифаси ва ҳуқуқи ҳисобланади.
Докторларни ҳам қилган хатоси учун хунини тўлатиш керак. Шунда касбининг устаси бўлмасдан бу ишга қўл урмайдиган бўлишади. Бу ҳукм фақат докторларга хос эмас. Ҳар бир ишбошига таъаллуқлидир. Сизни масалангизга келсак, аввало сиз уни хатосини тўлиқ исботлашингиз керак бўлади. У тан олса хунини олиш ёки кечиб юбориш ихтиёрингиз. Валлоҳу аълам!