Ассалому алайкум! Устозлар, бир “ким таҳоратни мукамал олиб, осмонга қараб қайсидир бир калимани айтса, у инсон учун жаннат эшикларини барчаси очилади деб эшитдим. Бу гап қанчалик тўғри?
Ва алайкум ассалом! عَنْ عُمَرَ رضي الله عنه، عَنِ النَبِيِّ صلي الله عليه وسلم قَالَ: مَا مِنْكُمْ مِنْ أَحَدٍ يَتَوَضَأُ فَيُحْسِنُ الْوُضُوءَ ثُمَّ يَقُولُ حِينَ يَفْرُغُ مِنْ وُضُوئِهِ: أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ وَأَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّداً عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ إِلَّا فُتِحَتْ لَهُ أَبْوَابُ الْجَنَّةِ الثَّمَانِيَةُ يَدْخُلُ مِنْ أَيِّهَا شَاءَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ وَزَادَ التِّرْمِذِيُّ: اللَّهُمَّ اجْعَلْنِي مِنَ التَّوَّابِينَ وَاجْعَلْنِي مِنَ الْمُتَطَهِّرِينَ. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардан бирортангиз таҳорат қилса-ю, таҳоратини яхшилаб қилса, сўнгра таҳоратидан фориғ бўлишида: «Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу. Ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва Росулуҳу», деб айт¬са, албатта, унга жаннатнинг саккиз эшиги очилур ва у хоҳлаганидан кирур», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. Термизий эса: «Аллоҳумма ижъалний минат-таввабийна ва ижъалний минал мутатоҳҳирийн»ни зиёда қилган. Шарҳ: Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган бу ҳадиси шарифда ҳам таҳоратни тугатгандан сўнг ўқиладиган дуо эслатилмоқда. Охирида эса мазкур икки амалга бериладиган мукофот – жаннатнинг саккиз эшиги очилиши-ю, таҳоратни яхшилаб қилиб, ҳадисда келган дуони ўқиган одамнинг ўзи хоҳлаган эшикдан жаннатга кириши айтилмоқда. Бу ҳам таҳоратни яхшилаб қилиш ва шаҳодат калимасини ихлос билан айтишнинг қанчалар фазийлатли эканлигини яна бир бор кўрсатиб турибди. Уламоларимизнинг айтишларича, таҳорат қилиб, аъзоларни турли кир ва ифлосликлардан поклаб бўлгандан кейин шаҳодат калималарини айтиш Аллоҳга ихлос ила амал қилганликка ва қалбнинг риё ва ширклардан пок бўлганига ишорадир. Имом Термизий ушбу ҳадисни ривоят қилганларида шаҳодат калималаридан кейин: «Аллоҳумма ижъалнии минат таввабийн ва ижъалнии минал мутатоҳҳирийн» деган дуони ҳам ўқиган эканлар. Бу дуонинг мазмуни «Аллоҳим! Мени кўп тавба қилувчилардан ва покланувчилардан қилгин»дир. Бу билан киши таҳорат қилиб, баданини сув билан поклагач, Аллоҳ таолодан тавба қилинмаса, кечирилмайдиган гуноҳлари учун ўша дуо билан тавбага муяссар этишини сўрайди. Аллоҳ таолонинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шу тоифа кишиларга жаннатнинг саккиз эшиги очилиб, хоҳлаганидан киришлари мумкинлигини башорат этмоқдалар. Шундай экан, доимо таҳоратимизни маромига етказиб, мукаммал қилайлик, сўнгра ихлос билан калимаи шаҳодатни ва ушбу ҳадисда келган дуони ўқишга одатланайлик.("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!