Ассалому алайкум! «Ижмоъ қилинган фиқҳий ва ақидавий масалалар» номли электрон китобидаги қуйидаги ҳолатга тушунолмадим. Иктибос:
721. Ҳиба фосид шартлар билан ботил бўлмайди, деб ижмоъ қилдилар. Яни, ҳиба қилувчи ҳиба қилишда ўртага бирор шарт қўйса, масалан, «фалон ишимни қилиб берсанг» деганга ўхшаш, бу билан ҳиба саҳиҳлигича қолаверади. Ҳиба қилинган мол олувчининг мулкига айланади... иқтибос тугади. Бу ҳолатда ҳибанинг порадан нима фарқи бор ва ушбуга ўхшаш шарт билан берилган ҳиба ҳалолми?
Жавобингиз учун олдиндан раҳмат.
Ва алайкум ассалом! Бу ерда гап баъзи бир келишувлар ўртага қўйилган турли шарт орқали бекор бўлиши, баъзилари эса бекор бўлмасдан ўртага қўйилган шартлар бекор бўлиши ҳақида кетмоқда. Сиз айтган “фалон ишимни қилиб берсанг шунча бераман” деган гап бир неча суратларни ўз ичига олиши мумкин. Бирортасини ишга ёллашни, буни “ижарага олиш” дейилади. Масалан “Фалон нарсамни сотиб берсанг шунча хизмат ҳақи бераман” дегани каби. Вакил қилишни ҳам, масалан “Сен шу борада менинг вакилимисан. Иш юрит, эвазига фалонча маош оласан” дейиш. Улар шаръан жоиздир. Ўзи ҳақдор ва лойиқ бўлмаган нарсани ўзиники қилиш учун ёки бировнинг ҳаққини бекорга чиқариш ва ўзлаштириш учун “Шу ишни битириб берсанг фалонча бераман” дейиш бу порадир. Булари ажратиб олиш учун уларнинг таърифини яхшилаб тушиниб олиш керак.
Поранинг таърифи
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه ، قَالَ: لَعَنَ رَسُولُ اللهِ صلي الله عليه وسلم الرَّاشِيَ وَالْمُرْتَشِيَ فِي الْحُكْمِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳукмда пора берувчини ва пора олувчини лаънатладилар».
Термизий ва Аҳмад ривоят қилишган.
Аллоҳдан Ўзи хуш кўрадиган ва рози бўладиган нарсага муваффақ қилишини сўраймиз. Аллоҳу аълам. Пора араб тилида «ришва» деб аталиб, шаръий истилоҳда адолатни йўққа чиқариш ва ботилни юзага чиқариш учун бериладиган нарсага ишлатилади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчини ҳам, пора олувчини ҳам лаънатламоқдалар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг лаънатлари жуда оғир жазодир, чунки лаънат бировнинг Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишини сўрашдир. Аллоҳнинг маҳбуб Расули Аллоҳ таолодан сўраган нарса бўлмай қолмаслиги ҳаммага маълум. Содруш Шаҳийдоннинг «Адабул қозий» номли китобида бу ҳақда қуйидагилар айтилган: «Пора тўрт хил бўлади: 1. Қози бўлиш учун пора бериш. Олганга ҳам, берганга ҳам ҳаром. Бу ҳолда у қози бўлмайди. 2. Қозилик қилгани учун пора олиш. Олганга ҳам, берганга ҳам ҳаром ва агар ҳақ бўлса ҳам, ҳукми ўтмайди. 3. Ўзига ёки молига бўлган хавфни қайтариш учун берилган пора. Бу олганга ҳаром, берганга эмас. 4. Султоннинг ҳузурида ҳоли яхшиланиши учун берилган пора. Олганга ҳаром».
ҲИБАНИНГ ТАЪРИФИ
«Ҳиба» муайян молни бировга эвазсиз мулк қилиб беришдир. У «ҳиба қилдим», «кўнгилдан чиқариб бердим» ва шунга ўхшаш иборалар билан тўғри бўлади. Унинг батамом бўлиши мажлисда изнсиз бўлса ҳам, мажлисдан кейин изн билан, қўлга олиш биландир. Тақсимланадиган шериклик нарсада ҳиба бўлмайди. Тақсимлаб бўлиб топширса, тўғри бўлади. Шунингдек, елиндаги сут ва шунга ўхшаш нарсаларда ҳам ҳиба бўлмайди. (Ҳали тегирмонда тортилмаган) буғдойнинг унини ҳиба қилиб бўлмайди, гарчи кейин тортиб, топширилса ҳам. Бировнинг қўлидаги нарсани унга ҳиба қилинса, тугал бўлади. Худди ота ўзининг гўдагига ҳиба қилган-у, у оқил ҳолида ёки унинг билан турган тарбиячиси олгани каби. Эр хотинини уйига тушириб келганидан кейин бегона киши хотинга қилган ҳибани олса, мўътабардир. Икки киши бир кишига ҳовлини ҳиба қилса, тўғри бўлади. Бунинг акси тўғри бўлмайди. Худди ўн тангани икки бойга ҳиба қилиб бўлмагани каби. Аммо икки фақирга қилса бўлади. «Ҳиба» манфаат берадиган нарсани бировга етказишдир. Ҳанафий фуқаҳолар истилоҳида эса: Ҳиба муайян молни бировга эвазсиз мулк қилиб беришдир. Бундан вақтинчалик фойдаланиб туриш учун ёки ижарага берилган нарсалар ҳиба бўлмаслиги билинади. Шариатда ҳиба мандуб амал ҳисобланади. Қуръони Карим ва Суннатда унга бир неча далиллар бор. Аллоҳ таоло Нисо сурасида:
وَآتُواْ النَّسَاء صَدُقَاتِهِنَّ نِحْلَةً فَإِن طِبْنَ لَكُمْ عَن شَيْءٍ مِّنْهُ نَفْسًا فَكُلُوهُ هَنِيئًا مَّرِيئًا
«Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг. Агар ундан бирор нарсани сизга рози бўлиб берсалар, бас, уни енглар. Ош бўлсин, офият бўлсин», деган (4-оят). Чин кўнгилдан қайтариб берилган маҳрни куёв бемалол қабул қилиб олса бўлади. Аллоҳ таоло Бақара сурасида:
وَآتَى الْمَالَ عَلَى حُبِّهِ ذَوِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينَ وَابْنَ السَّبِيلِ وَالسَّآئِلِينَ وَفِي الرِّقَابِ
«Молини яхши кўра туриб, яқин қариндошларга, етимларга, мискинларга, йўқсил йўлчига, тиланчиларга ва қул озод қилишга берган…» деган (177-оят).
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه ، عَنِ النَّبِيِّ صلي الله عليه وسلم قَالَ: تَهَادَوْا تَحَابُّوْا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالنَّسَائِيُّ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васалам: «Ҳадя қилишинглар, муҳаббатли бўласизлар», дедилар».
Бухорий ва Насоий ривоят қилишган.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه ، عَنِ النَّبِيِّ صلي الله عليه وسلم قَالَ: تَهَادَوْا، فَإِنَّ الْهَدِيَّةَ تُذْهِبُ وَحَرَ الصَّدْرِ، وَلَا تَحْقِرَنَّ جَارَةٌ لِجَارَتِهَا، وَلَوْ شِقَّ فِرْسِنِ شَاةٍ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзаро ҳадя қилишинг, чунки ҳадя кўнгилдаги ғилли-ғашни кетказади. Қўшни аёл аёл қўшнисига қўй туёғининг бир бўлагини бўлса ҳам беришни ҳақир санамасин», дедилар».
Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.
Ҳиба ҳадя, садақа, атийя ва бошқа маъно ҳамда муомалаларни ҳам ўз ичига олади. Бу истилоҳларнинг маънолари бир-бирига жуда ҳам яқиндир. Агар молни муҳтож кишига эвазсиз мулк қилиб беришдан Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш кўзланса, садақа бўлади. Агар молни бериладиган шахсни улуғлаб ва меҳрини қозониш учун олиб борилса, ҳадя бўлади. Ўлими олдидан мол улашиш атийя бўлади. Бошқа ҳолатларда ҳиба бўлади. Уламоларнинг ижмоълари ила ҳибанинг барча турлари мустаҳаб дейилган. Айниқса, қариндошларга қилинган ҳиба жуда ҳам яхши ҳисобланади. Уламолар ҳиба ийжоб, қабул ва қабз билан амалга ошишига ҳам иттифоқ қилганлар. У «ҳиба қилдим», «кўнгилдан чиқариб бердим» ва шунга ўхшаш иборалар билан тўғри бўлади. Унинг батамом бўлиши мажлисда изнсиз бўлса ҳам, мажлисдан кейин изн билан, қўлга олиш биландир. Тақсимланадиган шериклик нарсада ҳиба бўлмайди. Тақсимлаб бўлиб топширса, тўғри бўлади. Шунингдек, елиндаги сут ва шунга ўхшаш нарсаларда ҳам ҳиба бўлмайди. Қўйнинг устидаги жунини, зироатни, ердаги дарахтни ёки дарахтдаги мевани ҳам ҳиба қилиб бўлмайди. Чунки бу нарсалар ҳиба қилувчининг мулкига боғланиб турибди. (Ҳали тегирмонда тортилмаган) буғдойнинг унини ҳиба қилиб бўлмайди, гарчи кейин тортиб, топширилса ҳам. Чунки ҳиба қилаётганда мавжуд бўлмаган, ҳибачига мулк бўлмаган бунга ўхшаш нарсаларни ҳиба қилиб бўлмайди. Бировнинг қўлидаги нарсани унга ҳиба қилинса, тугал бўлади. Худди ота ўзининг гўдагига ҳиба қилган-у, у оқил ҳолида ёки унинг билан турган тарбиячиси олгани каби. Ота тириклигида ўз мулкини фарзандларига ҳиба қилса, фарзандлар ўша вақтнинг ўзида қабз қилиб олсалар ва ота ўша нарсани тўлиқ топширган бўлса, ҳиба ҳисобланади. Агар ота «Ўлганимдан кейин», деган бўлса, бу ҳолатда ҳиба бўлмайди, балки мерос ўлароқ тақсимланиши керак бўлади. Эр хотинини уйига тушириб келганидан кейин бегона киши хотинга қилган ҳибани олса, мўътабардир. Икки киши бир кишига ҳовлини ҳиба қилса, тўғри бўлади. Бунинг акси тўғри бўлмайди. Худди ўн тангани икки бойга ҳиба қилиб бўлмагани каби. Аммо икки фақирга қилса бўлади. ("Кифоя" китобидан). Валлоҳу аълам!