Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Мазлум

08:58 / 16.06.2016 | Nodira | 21692

Ассалому алайкум! Мазлум сўзини маноси нима? Мазлумлар қандай инсонлар?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Зулм деб ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўймасликка айтилади. Уламолар хулоса тарзда зулмни уч қисмга бўлганлар. 1-банда Аллоҳ таолога нисбатан зулм қилиши. 2-банда ўзидан бошқаларга зулм қилиши. 3-банда ўзига-ўзи зиулм қилиши. Аллоҳ таолога нисбатан зулм қилиш ҳақида Аллоҳ таоло “Луқмон” сураси 13-оятида:

  وَإِذْ قَالَ لُقْمَانُ لِابْنِهِ وَهُوَ يَعِظُهُ يَا بُنَيَّ لَا تُشْرِكْ بِاللَّهِ إِنَّ الشِّرْكَ لَظُلْمٌ عَظِيمٌ۝ 

13. Луқмон ўғлига ваъз-насиҳат қилиб: «Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирма. Албатта, ширк катта зулмдир», – деганини эсла. 

Устозимиз шайх Ҳазратлари раҳимаҳуллоҳ буни қуйидагича шарҳлаганлар: Фарзандига панд-насиҳат қилиш отанинг вазифасидир. Айниқса, иймон-эътиқод, дину диёнат масаласида ота фарзандларига нисбатан улкан масъулият ҳис этмоғи даркор. Аллоҳ томонидан ҳикмат берилган зот – Луқмони Ҳаким ҳам оталик бурчини адо этиб, ўғлига панд-насиҳат қилмоқда: 

«Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирма». Ота фарзандига қилиши лозим бўлган бош насиҳат мана шу. Чунки доимо – қадимда ҳам, ҳозирда ҳам бош масала шудир. Мана, ушбу оятда қайсидир замонларда Луқмони Ҳаким ҳам ўғлига шундай насиҳат қилганлиги келтирилмоқда. Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ушбу оятлар нозил бўлаётган пайтда ҳам шундай насиҳат қилинган. Бундан кейин ҳам шундай қилинаверади. Луқмони Ҳаким ўғлини ширкдан қайтариш билангина кифояланиб қолмади. Балки ширкнинг нима эканини ҳам баён қилди: 

«Албатта, ширк катта зулмдир», – деди. Ҳа, ширкдан каттароқ зулм йўқ. Чунки ширк яратган Холиқ, ризқ берган Розиқ, Роббул оламийн бўлган Аллоҳ таолога нисбатан катта жиноятдир. Дунёдаги ҳар бир инсон яккаю ёлғиз Аллоҳ таолога иймон келтириб, фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилиши лозим эди. Лекин баъзи одамлар айнан шу маънода Аллоҳга нисбатан зулм қилдилар. Унга ширк келтирдилар. Баъзи махлуқотларни Аллоҳга шерик қилдилар. 2-банда ўзидан бошқаларнинг ҳаққини риоя қилмаслиги, обрўларига, молларига, жонларига тажовуз қилиши, уларга нисбатан зулм қилишдир. Зулмнинг энг каттаси маънавий зулмдир. Бунга оддий мисол қилиб уламолар, “эр ўз аёлига бирданига бир неча ишни буюриши ҳам зулмдир. Чунки бунда аёлнинг миясини ташвишга солиш, зўриқтириш бордир” деганлар. 3-банда Аллоҳ таолога ширк келтириши, катта кичик гуноҳларга қўл уриши ўз жонига зулм қилишдир. Аллоҳ таоло “Бақара” сураси 231-оятида марҳамат қилади: Хотинларни талоқ қилганингизда, муддатлари охирига етганда, уларни маъруф ила ушлаб қолинг ёки маъруф ила қўйиб юборинг. Уларни тажовуз қилиш учун, зарар етказиш юзасидан ушлаб турманг. Ким ўшани қилса, шубҳасиз, ўзига зулм қилибди. Чунки у одам мана шу иши билан ўзини ўзи Аллоҳнинг иқобига тутган бўлади. Аллоҳ таоло Одам отамиз ва Ҳавво онамиз тарафларидан содир бўлган хатоликни ўзларига зулм қилиш деб, улар тарафидан қилинган дуони қуйидагича баён қилган. 

“Аъроф” сурасида 

قَالاَ رَبَّنَا ظَلَمْنَا أَنفُسَنَا وَإِن لَّمْ تَغْفِرْ لَنَا وَتَرْحَمْنَا لَنَكُونَنَّ مِنَ الْخَاسِرِينَ۝ 

23. Икковлари: «Роббимиз, ўзимизга зулм қилдик. Агар бизни мағфират қилмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, албатта, зиён кўрувчилардан бўламиз», – дедилар. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Юқоридаги оятдан улар ўзларини қилган хатоликларини, ўзларига зулм деб эътироф қилганлар ва ушбу дуони Аллоҳ таоло уларнинг мағфиратларига сабаб қилган. Зулм қилганнинг иккинчи тарафи мазлум бўлади. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat