Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, Умар Ибн Хаттоб ривоят қилган ҳадисда кундуз кетиб тун келишлиги, қуёшнинг ботиши рўзадорнинг ифтор вақти эканлиги айтилган. Азиз устозлар биз яшаб турган жойимизда қуёш чиқар ва ботар тараф тоғликдан иборат. Яъни қуёш ботар тарафда тахминан 25 км узоқликда тоғ бор. Агар ҳадисга амал қилсак соат 19:45да қуёш тўлиқ ботади ва ифторлик. Тақвимда эса 20:09 ифторлик фарқи 24 минут.
Ва алайкум ассалом! Сизлар эртароқ оғизларингизни очишингиз мумкин. САВОЛ: Бир шаҳарда бўла туриб баландда турган киши билан пастда турган кишининг рўзасини очиш вақтида фарқ бўладими? ЖАВОБ: Рўзани очиш-очмаслик қуёшни ботган-ботмаганлигига боғлиқдир. Тақвимларда ёзилган вақтлар фақатгина пастдаги кишилар учундир. Шунинг учун баланд уйда яшовчилар ёки минора, тоғ каби баланд жойда турганлар пастдаги кишилар билан бир ҳил вақтда оғиз очмайдилар. Балки турган жойларида қуёш ботганига гувоҳ бўлсаларгина оғиз очадилар. Самолётда кетаётганлар ҳам вақт эътиборидан эмас, балки қуёш ботганига қараб оғиз очадилар. وَمَنْ كَانَ عَلَى مَكَان مُرْتَفِعٍ كَمَنَارَةِ إسْكَنْدَرِيَّةَ لَا يُفْطِرُ مَا لَمْ تَغْرُبْ الشَّمْسُ عِنْدَهُ وَلِأَهْلِ الْبَلْدَةِ الْفِطْرُ إنْ غَرُبَتْ عِنْدَهُمْ قَبْلَهُ وَكَذَا الْعِبْرَةُ فِي الطُّلُوعِ فِي حَقِّ صَلَاةِ الْفَجْرِ أَوْ السُّحُورِ Искандария минораси каби баланд жойда турувчи қуёшни ботганини кўрмасдан ифторлик қилмайди. Ҳолбуки шаҳар аҳлига ундан олдин қуёш ботганлиги учун ифторлик қилиш жоиз бўлган бўлсада. Бомдод намозини ўқиш ва саҳарлик қилишда субҳи содиқ киришлигидаги эътибор ҳам шунингдекдир. (Роддул Муҳтор). Валлоҳу аълам!