Ва алайкум ассалом! Шариатда бирор амални фарз, вожиб, суннат ёки мустаҳаб эканлигини билдириш ҳуқуқи Аллоҳ ва Унинг расулига тегишлидир. Ҳадис ва оятларда келмаган амалларнинг ҳукмини баён қилиш мужтаҳидларнинг ишларидир. مُعَاذٍ رضي الله عنه أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلي الله عليه وسلم حِينَ بَعَثَهُ إِلَى الْيَمَنِ فَقَالَ كَيْفَ تَصْنَعُ إِنْ عُرِضَ لَكَ قَضَاءٌ؟ قَالَ أَقْضِي بِمَا فِي كِتَابِ اللهِ، قَالَ فَإِنْ لَمْ يَكُنْ فِي كِتَابِ اللهِ، قَالَ فَبِسُنَّةِ رَسُولِ اللهِ صلي الله عليه وسلم، قَالَ فَإِنْ لَمْ يَكُنْ فِي سُنَّةِ رَسُولِ اللهِ صلي الله عليه وسلم، قَالَ أَجْتَهِدُ رَأْيِي وَلَا آلُو، قَالَ فَضَرَبَ رَسُولُ اللهِ صلي الله عليه وسلم صَدْرِي ثُمَّ قَالَ الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي وَفَّقَ رَسُولَ رَسُولِ اللهِ صلي الله عليه وسلم لِمَا يُرْضِي رَسُولَ اللهِ صلي الله عليه وسلم. رَوَاهُ أَحْمَدُ Муъоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени Яманга юбораётиб: «У ерда сенга бир масала ориз бўлса, қандай қилиб ҳукм чиқарасан?» дедилар. «Аллоҳнинг Китоби ила ҳукм чиқараман», дедим. «Аллоҳнинг Китобида бўлмаса-чи?» дедилар. «Аллоҳнинг Расули суннати ила», дедим. «Аллоҳнинг Расули суннатида ҳам бўлмаса-чи?» дедилар. «Фикрим билан ижтиҳод қиламан, сусткашлик қилмайман», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўксимга урдилар ва: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вакилини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин», дедилар». Аҳмад ривоят қилган. Деярли барча ҳадис китобларида келтирилган ушбу машҳур воқеа асрлар давомида фақиҳларимизни янгидан-янги илмий чўққиларга, изланишларга чорлаши билан бирга, Қуръони Карим оятлари, бошқа ҳадислар билан бир қаторда, фиқҳ илмига ҳужжат ва далил ҳам бўлиб келмоқда.("Кифоя" китобидан). Манбааси келтирилмаган шу каби гаплардан эҳтиёт бўлиш керак. Валлоҳу аълам!