Ассалому алайкум! Меҳр кўзда дейишади. Мен одамлар билан гаплашганда негадир сўзим охиригача уларнинг кўзига қараб гаплашаолмайман, дарҳол ўнгайсиз бир ҳолатга тушаман. Бу нимадан? Баъзан кўпчилик олдида гапириш ёки савол сўрашга, Қуръон оятларидан ўқишга тўғри келиб қолса, эркин ҳолатда ўқишга ёки гапиришга қийналаман. Ота-она билан гаплашганда уларнинг кўзига қараб гаплашиш керакми? Умуман одамлар билан гаплашганда кўз нигоҳининг ўрни қаерда бўлиши керак? Шулар ҳақида кўпроқ тавсия ва маслаҳатлар беришингизни илтимос қиламан. Жавоб учун раҳмат.
Ва алайкум ассалом! «Ҳаё» сўзи луғатда уятсизликнинг тескарисини англатади. Бошқача қилиб айтганда, Ҳаё айбдан ва ёмонланишдан қўрқиб, ўзини паст олиш ва ўзгаришдир. Уламолар ҳаёни турлича таъриф қилганлар: Журжоний: «У – нафснинг бир нарсадан тортиниши ва маломатдан эҳтиёт бўлиб, уни тарк қилишидир», деган. Яна: «У – қабиҳни тарк қилишга боис бўладиган ва ҳақ эгасининг ҳаққида нуқсонга йўл қўйишни ман қиладиган хулқдир», деган. Ибн Муфлиҳ Ҳанбалий: «Ҳаёнинг ҳақиқати – у бир хулқ бўлиб, гўзал нарсани қилишга, ёмон нарсани тарк этишга боисдир», деган. عَنْ عِمْرَانَ بْنَ حُصَيْنٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: الْحَيَاءُ لَا يَأْتِي إِلَّا بِخَيْرٍ، فَقَالَ بُشَيْرُ بْنُ كَعْبٍ: مَكْتُوبٌ فِي الْحِكْمَةِ إِنَّ مِنَ الْحَيَاءِ وَقَارًا، وَإِنَّ مِنَ الْحَيَاءِ سَكِينَةً، فَقَالَ لَهُ عِمْرَانُ: أُحَدِّثُكَ عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم وَتُحَدِّثُنِي عَنْ صَحِيْفَتِكَ. رَوَاهُ الثّلَاثَةُ Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаё фақатгина яхшилик келтиради», дедилар. Бушайр ибн Каъб: «Ҳикмат»да «Виқорли бўлиш ҳаёдандир. Сокинлик ҳаёдандир», деб ёзилган», деди. Шунда Имрон унга: «Мен сенга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис сўзласам, сен менга саҳифангдан сўзлайсанми?!» деди». Учовлари ривоят қилганлар. Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар: 1. Ҳаёнинг фақат фойда келтириши. 2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари турганда бошқа манбаларга мурожаат қилиш дуруст эмаслиги. عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: مَرَّ النَّبِيُّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم عَلَى رَجُلٍ وَهُوَ يُعَاتَِبُ فِي الْحَيَاءِ يَقُولُ: إِنَّكَ تَسْتَحِي حَتَّى كَأَنَّهُ يَقُولُ قَدْ أَضَرَّ بِكَ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: دَعْهُ فَإِنَّ الْحَيَاءَ مِنَ الْإِيمَانِ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бировни ҳаёси учун «Сен ҳаё қилиб, ўзингга зарар қиласан» деб итоб қилаётган кишининг олдидан ўтиб қолдилар ва: «Уни ўз ҳолига қўй! Албатта, ҳаё иймондандир», дедилар». Тўртовлари ривоят қилганлар. Шарҳ: Демак, ҳаё иймоннинг баркамоллигидан келиб чиқадиган хулқдир. Ҳар бир мўмин-мусулмон ҳаёли бўлишга ҳаракат қилсин. عَنْ أَبِي مَسْعُودٍ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: إِنَّ مِمَّا أَدْرَكَ النَّاسُ مِنْ كَلَامِ النُّبُوَّةِ الْأُولَى إِذَا لَمْ تَسْتَحْيِ فَاصْنَعْ مَا شِئْتَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар нубувватнинг биринчи каломидан идрок қилган нарсалардан бири «Агар ҳаё қилмасанг, истаганингни қилавер»дир», дедилар». Бухорий, Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилганлар. Шарҳ: Ҳа, ҳаёсиз киши барча ёмонликларни тап тортмай қилаверади. Одам боласини ёмонликдан қайтарадиган нарса унинг ҳаёсидир. عَنْ عَبْدِ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: اسْتَحْيُوا مِنَ اللهِ حَقَّ الْحَيَاءِ، قُلْنَا: يَا رَسُولَ اللهِ، إِنَّا نَسْتَحْيِي وَالْحَمْدُ ِللهِ، قَالَ: لَيْسَ ذَاكَ وَلَكِنِ الْاِسْتِحْيَاءُ مِنَ اللهِ حَقَّ الْحَيَاءِ أَنْ تَحْفَظَ الرَّأْسَ وَمَا وَعَى، وَالْبَطْنَ وَمَا حَوَى، وَلْتَذْكُرِ الْمَوْتَ وَالْبِلَى، وَمَنْ أَرَادَ الْآخِرَةَ تَرَكَ زِينَةَ الدُّنْيَا، فَمَنْ فَعَلَ ذَلِكَ فَقَدِ اسْتَحْيَا مِنَ اللهِ حَقَّ الْحَيَاءِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилинглар», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули! Биз, албатта, ҳаё қиламиз, алҳамдулиллаҳ», дедик. «Ундоқ эмас. Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилиш бошни ва у ўз ичига олган нарсаларни, қоринни ва у ўз ичига олган нарсаларни сақламоғингдир. Ўлимни ва чиришни эсламоғингдир. Ким охиратни хоҳласа, дунё зийнатини тарк қилур. Ким ўшаларни қилса, Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилган бўлур», дедилар». Термизий, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар. Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақиқий ҳаё одамлар ўйлаб юрадиган баъзи бир ишларни қилишдан уялиш эмаслигини, балки улкан бир маънони ўз ичига олишини баён қилмоқдалар. «Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилиш бошни ва у ўз ичига олган нарсаларни, қоринни ва у ўз ичига олган нарсаларни сақламоғингдир». Бош ўз ичига олган нарсалар – кўз, қулоқ, бурун, оғиз ва тил эканини билиб қўймоқ лозим. Ушбу нарсаларни ёмонликдан сақлаш ила Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилишнинг баъзи шартлари юзага келар экан. Қорин ўз ичига олган нарсалар жумласида озуқалар ва фарж бордир. Демак, озуқанинг ҳалол бўлиши ва фаржнинг гуноҳдан сақланиши ила Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилишнинг баъзи шартлари юзага келар экан. «Ўлимни ва чиришни эсламоғингдир». Ўлимини эсламаган одам ҳеч нарсадан ҳаё қилмайди. Қабрда чиришини эсламаган ҳеч нарсадан ҳаё қилмайди. «Ким охиратни хоҳласа, дунё зийнатини тарк қилур». Албатта, бу ерда Аллоҳ таоло ҳалол қилган зийнатларни тарк қилиш ҳақида эмас, Аллоҳ таоло ҳаром қилган зийнатлар ҳақида сўз кетмоқда. Зеро, Аллоҳ таолонинг Ўзи «Аъроф» сурасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб: «Сен: «Аллоҳ Ўз бандаларига чиқарган зийнатларни ва покиза ризқларни ким ҳаром қилди?!» – деб айт», деган («Аъроф» сураси, 32-оят). Ушбу оят эгниларига кийим киймай тавоф қилишни, ҳаж мавсумида яхши таом истеъмол этмасликни ўзларига русум қилиб олиб, бу Аллоҳнинг амри, деб юрган араб мушрикларининг қилмишлари нотўғри эканини билдириш учун тушган ва бу орқали ҳаммага хитоб қилинган. Модомики, Аллоҳ таоло ўша кийимларни бандаларга ҳалол қилиб қўйибдими, демак, ҳеч ким уни ҳаром қила олмайди. Шунингдек, Аллоҳ покиза таомларни бандаларига ризқ қилиб бериб қўйибдими, уларни ҳам ҳеч ким ҳаром қила олмайди. Зийнат кийимлари ва покиза таомлар иймонлилар учун бўлмай, ким учун бўлсин?! Бу ризқу рўзга моддий дунёда бошқалар ҳам шерик бўлиши мумкин, аммо охиратда, ушбу ояти каримада таъкидланганидек, зийнат либослари ва покиза ризқлар фақат мўминларга хос бўлади. Аллоҳ таоло Ўз Зотига иймон келтирган бандаларига ҳеч қачон хушрўй кийим-бошларни ва покиза таомларни ҳаром қилмайди. «Ким ўшаларни қилса, Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилган бўлур», дедилар». Ким бу ҳадиси шарифда айтиб ўтилган ишларни мукаммал қилган бўлса, Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилган бўлур. Ҳа, Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилишимиз зарур. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!