Қабр азобидан мурод барзах азобидир. Ҳар бир ўлган одам, азобга лойиқ бўлса, қабрга кўмилса ҳам, кўмилмаса ҳам, ўз насибасини тортади. Йиртқичлар еб кетса ҳам, куйиб кул бўлиб, ҳавога учиб кетса ҳам, осилса ҳам, ғарқ бўлса ҳам барибир. Қабр аҳлларига етган азоб, уларнинг ҳам руҳу, ҳам баданларига етади. Ибораларда қабр ва дафнни зикр қилиш эса ғолиб ҳолат эътиборидан бўлган.Ўлимдан сўнг қиёматгача руҳларнинг қароргоҳи ҳақида. Бу ҳақидаги гаплар ўн тўрттадан иборат бўлиб, хулосаси, руҳлар барзахда турли даражада бўлурлар: 1. Баъзи руҳлар олий тўпда, юксак иллийинда бўлади. Булар Пайғамбарлар соллаллоҳу алайҳи васалламларнинг руҳларидир. Уларнинг даражалари ҳам турлича бўлади. 2. Бандалар ҳақидан қарздор бўлмаган шаҳидларнинг руҳлари жаннатда хоҳлаган жойларига эркин бориб юрадиган яхши қушлар жиғилдонида бўлади. 3. Баъзи руҳлар жаннат эшиги олдида ҳибсга олинган бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларидан бирида: «Соҳибингизни жаннат эшиги олдида ҳибсга олинган ҳолда кўрдим», деганлар. 4. Баъзи руҳлар қабрида ҳибсга олинган бўлади. 5. Баъзилари ерда ҳибсга олинган бўлади. 6. Баъзилари зинокор эр-аёллар таннурида бўлади. 7. Баъзилари қон дарёсида сузиб, тош ютиб юради. Буларнинг ҳаммасига суннатдан далиллар бор.Одамнинг ўлимидан то қиёматгача бўладиган ҳолини барзах дейилади.