Ассалому алайкум! Ёш келин куёв яқинлик қилаётган маҳалда боласи йиғлаб юборса ғусл қилмасдан унга қараса бўладими? Нотўғри савол берган бўлсам узр?
Ва алайкум ассалом!
http://savollar.islom.uz/savol/89615
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَقِيَنِي رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم مَرَّةً فِي طَرِيقٍ مِنْ طُرُقِ الْمَدِينَةِ وَأَنَا جُنُبٌ فَاخْتَنَسْتُ. وَفِي رِوَايَةٍ: فَانْسَلَلْتُ فَذَهَبْتُ فَاغْتَسَلْتُ ثُمَّ جِئْتُ، فَقَالَ: أَيْنَ كُنْتَ يَا أَبَا هُرَيْرَةَ؟ قُلْتُ: إِنِّي كُنْتُ جُنُبًا فَكَرِهْتُ أَنْ أُجَالِسَكَ عَلَى غَيْرِ طَهَارَةٍ، قَالَ: سُبْحَانَ اللهِ! إِنَّ الْمُسْلِمَ لَا يَنْجُسُ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир марта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга Мадинанинг йўлларидан бирида йўлиқиб қолдилар. Мен жунуб эдим, ўзимни четга олдим». Бошқа ривоятда:«(Билдирмай четландим). Бориб, ғусл қилиб келдим. У зот: «Эй Абу Ҳурайра, қаерда эдинг?» дедилар. Мен:«Жунуб эдим, сиз билан нопок ҳолимда ўтиришни ёқтирмадим», дедим. У зот: «Субҳаналлоҳ! Мусулмон нажас бўлмас», дедилар», дейилган.
Шарҳ: Ҳадисда жунубликнинг ҳукмини тўлиқ билмайдиган одамнинг холи баён қилинмоқда. Жунублик ҳақидаги дастлабки маълумотларни эшитган одамда кўпгина ғалати фикрлар тўпланиб қолади. Жумладан, баъзилар жунуб одамни кўрган одам ҳам жунуб бўлиб қолар экан, фалон бўлар экан, пистон бўлар экан, деган эътиқодларни қилиб, ноўрин гапларни айтиб юрадилар. Аслида ундай эмаслигини ушбу ҳадисдан билмоқдамиз. Мадинаи Мунавваранинг йўлларидан бирида Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга йўлиқиб қолган Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳам шунга ўхшаш хаёлга борганлар. Яъни, жунуб ҳолда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга кўриниб, у киши билан ўтириб бўлмайди, деган фикрга бориб, бекиниб олган эдилар. У киши бориб, ғусл қилиб келганларидан кейин бўлиб ўтган ишнинг мулоҳазасини қилиб турган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Ҳурайра, қаерда эдинг?» деб сўрадилар. Бу юксак одоб намунасидир. Нима учун мени кўриб, бекиниб олдинг? Ёки ҳа, фалон ҳолатда эдингми, демай, «Қаерда эдинг?» дедилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу эса тўғрисини айтдилар: «Жунуб эдим, сиз билан нопок ҳолимда ўтиришни ёқтирмадим», дедилар. Бу у кишининг ҳаққи эди. Ўз ҳолатини хоҳласа, айтсин, хоҳласа, беркитсин эди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ўз ҳолатларини ва фикрларини очиқчасига айтишни раво кўрдилар ва айтдилар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг фикрлари нотўғри эканлигини баён қилиб: «Субҳаналлоҳ! Мусулмон нажас бўлмас», дедилар». «Субҳаналлоҳ»нинг луғавий маъноси «Аллоҳни поклаб, ёд этаман» бўлиб, гоҳида ажабланиш маъносидаги гап ўрнида ҳам ишлатилади. Мусулмон одам нажас бўлмас, у жунуб бўлади. Жунублик эса уни намоз ўқиш, Қуръон ушлаш каби баъзи нарсалардан четда туришини тақозо қиладиган ҳолатдир. Жунублик инсонни нажасга айлантириб қўймайди. Биров билан гаплашиш, сўрашиш ёки бирга ўтиришини ман қилмайди. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Ғусл вожиб бўлгандан кейин кўчага чиқиб юриш жоизлиги. 2. Гарчи ғусл вожиб бўлиши билан уни қилиб олиш яхши бўлса ҳам, бир оз ортга суриш мумкинлиги. Лекин ортга суриш намоз вақтидан чиқиб кетиш даражасида бўлмаслиги керак. 3. Раҳбар, олим одам ўзига тобеъ кишиларда нотўғри иш содир бўлганини мулоҳаза қилса, ундан сўраб, тўғри йўлни кўрсатиб қўйиши лозимлиги. 4. Мўмин-мусулмон одам нажас бўлмаслиги. 5. Жунуб одам бошқалар билан кўришиши, бирга ўтириши мумкинлиги. Шунингдек, оғзи ва бурнини яхшилаб чайиб олиб, ичимлик ва таом тановул қилиши ҳам мумкин. Бу ҳукмларни кейинги ҳадиси шарифлардан ўрганамиз. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!