Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

ТАСАВВУФДАГИ ИХТИЛОФЛИ МАСАЛАЛАР (КАТТА МАВЗУ)

00:00 / 18.08.2009 | eski savollar | 6251
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи барокатуҳу!Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм!Аллоҳ таолога махлуқотлари ададича ҳамд ва санолар ҳамда У Зотнинг бандаси ва расули Муҳаммадга, аҳли байтларига салом ва саловатлар бўлсин. Саҳобаи киромлардан Аллоҳ таоло рози бўлсин! Муҳтарам устоз, шайх жаноблари!“Семург медия” томонидан тайёрланган “ХИКМАТЛИ ДУНЁ” силсиласига мансуб “ТАСАВВУФ” деб номланган ДВД диски сотувга чикканлигини кўпчилик билди, ундан кўпчилик маънавий озуқа олди, кўпгина ечими топилмаётган саволларга жавоблар олинди. Ҳозирда оммавий ахборот воситалари ривожланган даврда аудио ва видео маҳсулотларига кўпчиликнинг талаби кўпайган. Кўпчилик китоб харид қилишдан кўра дискдаги маълумотлардан фойдаланишга ҳаракат қилади. Китобда ўқиганидан кўра уламо ва фатво берувчининг шахсан ўзидан эшитиш кўпчиликка бошқача таъсир қилади. Тасаввуф таълимотлари тўғрисидаги кўплаб саволларга сиз томонингиздан жавоблар берилди. “Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобидан ҳам кўпчилик баҳраманд бўлди. Тасаввуф, тариқатлар, пир ва муридлар тўғрисидаги ихтилофли масалалар, тушунмовчиликлар сал ижобий томонга силжигандай бўлди, лекин барибир ҳали кўп иш қилиниши керак. Бунга барча тенгдан ҳаракат қилмоғи керак. Шуни инобатга олиб, қуйида бериладиган ва бундан бошқа ҳамюртларимиз томонидан берилган саволларни жамлаган ҳолда яна “ТАСАВВУФ” мавзусида видео диск шаклида саволларга жавоблар бериб маълумот бериб ўтсангиз. Сизга саволлар ила мурожаат қилишга ижозат бергайсиз:Ўзларини тариқатдаман деб юрган биродарларим билан гоҳида илмий суҳбатлар бўлиб туради. Гоҳида бу тортишув тарзида бўлади. Яқинда уларнинг бирлари билан “шариат ва унга қатъий амал қилиш, нотўғри фатво бериш ва амал қилиш, тасаввуфдаги хато ва камчиликлар” тўғрисида мунозара бўлиб ўтди. Мен ўз далилларимни, улар ҳам ўз далилларини келтиришди. Мени айтганларимни маъқуллашсада, унга қўшилгилари келмасди. Сизга тушунмаганларимни савол тарзида бераётирман:1. “...Албатта, яхши амаллар ёмонлик-гуноҳларни кетказур. Бу қулоқ тутгувчилар учун эслатмадир”. (Ҳуд сураси 114-оят). Мазкур оятда қандай гуноҳлар кечирилиши кўзда тутилган. Шу хусусга алоқадор ҳадислар ҳам бор экан. “Кимки хаж пайтида гуноҳ ишларни қилмаса, ҳамда аёли билан жинсий муносабатда бўлмай хаж қилса, у гуноҳларидан онадай туғилгандай покланиб қайтади”. Бундан тавба қилган кишининг ўтмиш гуноҳлари билан бирга ўқимаган намозлари, тутмаган рўзалари, бажармаган закот ва хажлари ҳам назарда тутилганми? 2. Ҳозирги давримизда тариқат деб аталиб турган ва фаолиятини олиб бораётган гуруҳлар билан шариат уламолари ўрталарида бўлиб ўтаётган тортишув ва ихтилофлар ҳақида ҳам сўз бориб, у биродарим айтдики: “Ўтмишдаги машойихлар ҳам шариат аҳли билан ҳеч келиша олишмаган, ҳозир ҳам шундай”. Мен айтдимки, “Ўтмишдаги шариат уламолари суфийларнинг шатаҳот (шавқ пайтидаги ёки атайлаб айтилган шариатга хилоф бўлган лафзлар), ақийдага хилоф равишда айтилган сўзлари учун ёки бўлмасам айрим уламоларнинг тасаввуф машойихларини кўра олмай туҳмат уюштиришлари сабабли ўртада тортишув ва ихтилофлар бўлган, лекин ҳозирги тариқат ва шариат уламолари ўртасидаги тортишув эса асосан фиқҳий масалалар устида бўлмоқда (худди қазо намоз масаласига ўхшаб)”. Саволим шундан иборатки, ҳозирда уламоларимиз ва ўзларини тариқат аҳлиман деб даъво қилаётган, нотўғри тасарруфлари ҳамда фатволари билан кўпчиликни бошини қотираётганларнинг тортишувларига четдан муносабат билдирган ислом уламоларининг фикри қандай? 3. Яна бир биродарим билан баҳс пайтида гап қазо намозлари ҳақида кетди. Мен “қазо намозларни албатта ўқиш керак, бу тавбанинг тўлиқ бўлиш шартларидан бири” деб тушунтирдим. “Кифоя” китобингиздан мавзуга алоқадор ҳадисни келтирдим. Лекин у биродарим мутаассиблик билан “шайх хазратлари ҳам қазо намоз ўқилиши шартлиги тўғрисида фатво бермаганлар” дедилар. Мен бу гапдан бироз хафа бўлиб, уйимда шайх ҳазратлари (яъни сиз)нинг китоблари, дисклари борлиги, унда қазо намоз ўқилиши кераклиги ҳақида кўплаб маълумотлар борлиги, мен билан юрсангиз ўзингиз ўқиб, эшитишингиз мумкинлигини айтдим. Бироқ у биродар пирни мақташдан нарига ўтмадилар ва қуйидаги ривоятни айтдилар: “Қиёмат кунида Аллоҳ таоло бандани ҳисоб қилаётган пайтида бандадан: - Мен учун нима иш қилдинг дунёда?, деб сўрар экан.Шунда бандаси:- Аллоҳим сен учун намоз ўқиб ибодат қилдим.Аллоҳ таоло:- Намозни фақат ўзингни фойданг учун ўқидинг, мен учун нима иш қилдинг.Банда:- Сен учун нима иш қилишим керак эди?Аллоҳ:- Фалон улуғ зотни зиёрат қилмадингми? Уни дуосини олмадингми?-дер экан”.Биродарим оғиз кўпиртириб, пирни мақтадилар. Пирда ладуний илм борлиги, у кишини хизматини қилганлар у илмдан манфаатдор бўлиши, агар пирлари илм олишга буюрса илм олиши, фақат нимани буюрса шуни қилишини тушунтирдилар. Саволим шундан иборатки, юқоридаги ривоят қай даражада ҳақиқатга яқин? Бундай қиссахонлик, кароматпарастлик ва пирни муболаға даражасида мақташ каби ишлар қачон барҳам топади? Уламоларимиз бу борада қандай ишларни амалга оширмоқдалар. Улар билан очиқ ва муросасиз тортишувлар вақти келмадими? Эндигина тавба йўлига кирган одамлар шу каби илмсиз пир ва муридларнинг тасарруфлари билан бидъат ботқоғига ботиб боришмоқда. Худо сақласин ақийдаларига ҳам нуқсон етиш хавфи бўлиши мумкин.4. Муридлар ҳозирда номи чиққан пирларнинг даргоҳига уламоларимиздан Абдулазиз Мансур ҳазратларини келганлигини ва пирлари билан суҳбатлашиб кетганлиги ҳақида ҳам гап-сўз қилиб юришади. У зотни ўзларининг пирларига ҳеч нарса дея олмай кетганликларини гапиришмоқда. Гоҳида уламолар ҳар томондан улар билан тортишгани ўз далиллари билан келганини ва пирнинг олдидан мулзам бўлиб чиқиб кетишгани тўғрисида ҳам бир биродаримнинг оғзидан эшитдим. Мени мулоҳаза қилганим шундаки, уламоларимиз у зотлар билан юзма-юз учрашиб, ўртадаги келишмовчиликларни бартараф қилиш юзасидан мулоқот ўтказишса бўлмайдими? Бу билан ҳар хил миш-мишлар, келишмовчилик ва хилофли масалалар ҳал бўлган бўларди. 5. Ўзларини тариқат пири деб атаган азизларимиз мурид бўлганларга қуйидаги вирд ва вазифаларни беришар экан. Қуйида ҳавола этиладиган вирдларнинг тартиби уларнинг рисолаларидан олинган. Уларнинг ҳар бирини бандма-банд китоб ва суннатга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслигини шарҳлаб, тушунтириб берсангиз. Нафл намозлардаги зам суралар, савобни пирларга аташ масалаларини тушунтириб берсангиз. Тариқатга қизиққанлар ҳақиқий суннатга мувофиқ вирдларни ажратиб олишсин:1. Шукри вузу – 2 ракат, ҳар таҳорат сўнгидан. Биринчи ракатга Фотиҳадан сўнг “Қадр” сурасини 2 марта, иккинчи ракатда Фотиҳадан сўнг 1 марта ўқилади. Савоби ислом подшоҳлари, ота-оналар ва диний биродарларга.2. Ишроқ – 2 ракат, қуёш чиққандан кейин. Ҳар икки ракатга Фотиҳадан сўнг Оятал курсий ва 5 марта Ихлос сураси. Савоби пирон Нақшбандияларга бағишланади.3. Шомдан кейин 2 ракат “Туҳфаи расул”. Ҳар икки ракатга Фотиҳадан сўнг Оятал курсий ва 3 марта Ихлос сураси. Савоби пайғамбаримизга (с.а.в). 4. Тунда 2 ракат таҳажжуд. Ҳар икки ракатга Фотиҳадан сўнг 3 марта Ихлос сураси. Савоби пирон Нақшбандияларга бағишланади.5. Зикрлар: 100 марта Астағфируллоҳ, Латоифи Ҳамсага қараб, “Аллоҳ” лафзи жалоласи 100 мартадан айтилади. Жами 500 марта. Савоби пирон Нақшбандияларга бағишланади. 6. Вазифалардан ташқари рисоланинг сўнгги бетида тариқат силсиласи берилган. Қуйида шуни ёзиб ҳавола этаман:1. Пайғамбаримиз С.А.В2. Абу Бакр Сиддиқ (р.а)3. Салмон Форсий (р.а)4. Қосим ибн Сиддиқ Акбар (р.а)5. Имом Жаъфар Содиқ (р.а)6. Боязид Бастомий (қ.с)7. Абул Ҳасан Ҳорақоний (қ.с)8. Абу Али Формадий (қ.с)9. Хожа ЮСуф Ҳамадоний (қ.с)10. Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний (қ.с)11. Хожа Ориф Ревгарий (қ.с)12. Маҳмуд Анжир Фағнавий (қ.с)13. Хожа Али Роминатий (қ.с)14. Хожа Бобо Саммосий (қ.с)15. Саййид Амир Кулол (қ.с)16. Хожа Бузрук Баҳо-ул-ҳаққи-ваддин Нақшбанд (қ.с)17. Мавлон Ёқуб Чархий (қ.с)18. Хожа Убайдуллоҳ Ахрор (қ.с)19. Мавлоно Зоҳид (қ.с)20. Мавлоно Дарвеш (қ.с)21. Мавлоно Хожа Амканагий (қ.с)22. Хожа Боқий Биллоҳ (қ.с) 23. Имом Раббоний (қ.с)24. Муҳаммад Саъийд25. Шайб Абдул Аҳад26. Мавлоно Обид27. Муҳаммад Мусохон28. Халифа Сиддиқ29. Халифа Хусойн30. Халифа Абдусаттор31. Халифа Муҳаммад Солиҳ32. Халифа Муҳаммад Амин33. Халифа Абдул Воҳид34. Халифа Қори Абдуллоҳ35. Халифа Иброҳимжон Муҳаммадқул ўғли (ҳозирда ҳаётлар Оққўрғон қишлоғида яшайдилар). Мазкур силсила тартиби бўйича қай даражада тўғри. Имом Раббонийдан кейинги зотларнинг номлари кўпчилик учун таниш эмас. Улар ҳақида бирор маълумот борми? 7. Муридларнинг яна бир шариатга ноўрин гапларидан бири ҳозирда тариқатни танқид қилаётган уламоларимиз ҳақида қуйидагича фикр билдирадилар. Ўз қулоғим билан эшитган ўша гапларлардан айримлари: - “Узоқда турган кемада нима борлиги токи кемани ичига бориб кирилмагунча билинмайди. Шариат уламолари ҳам китобларини шу тартибда ёзишади, яъни улар тариқатга кириб кўришмаган, шундай бўлгач улар тариқат ҳақида унчалик аниқ маълумотга эга эмаслар, бу ҳолдан бегоналар”. - Имом Ғаззолийдан ҳам далил келтириб шундай дейишади: “Шариат олимида тасодифан бир ҳол юзага келса, у буни билмаганлиги учун бу ҳолни рад этади.” Бу фикрни “Кимёи Саодат” китобидан деб таъкидлашади.8. Мажлисларда кўпроқ оят ва ҳадислар эмас, кароматлар ҳақидаги қиссалар, машойихларнинг гаплари айтилади. Бирор марта бирор ҳадисни ўзаро ўрганиб, оят ўрганаётганларини кўрмадим. Агар муридда жамоага нисбатан қалбида оғиш пайдо бўлса, бошқа муридлар унга: бу ўтиб кетади, мана фалончи қори акалардан сўраш керак, улар бу босқичлардан ўтиб кетишган, деб ёки бўлмасам пирнинг кароматлари ҳақида оғиз кўпиртириб гапира кетишади. Суҳбатларда пайғамбаримизнинг номлари зикр қилинса ёки бирор охират ҳақидаги гаплар кетса, бўйинларини эгиб, йиғлашади, лекин улар пайғамбаримизнинг сийратлари, суннатлари ҳақида кам билимга эга. Ҳаттоки намоздан кейин айтиладиган зикрларни айтмайдиган даражага келиб қолишган. Намоз тугагач бўйинларини эгиб, ичларида “Аллоҳ” зикрини такрорлаб, пиронларнинг руҳига бағишлашади. Пайғамбаримиз (с.а.в)дан ворид бўлган зикр, дуоларни ёдлаб, сингдириш ҳаёлларига келмайди. Бу илмларни мажлисларда ҳам ўргатилмайди. Анча сукутдан кейин пир бирор қисса ёки ҳикоя айтиб берса, ўшани ойлаб айтиб юришади бир-бирларига. Бундай ҳолатларга уламоларимиз нима деб жавоб беришади? Китобларимизда нима дейилган? 9. Бир мурид биродаримга илм олиш фазилатлари, суннатни ўрганиш, суннатда келган зикрларни, дуоларни ўрганиш тўғрисида кўп таъкидлайман. Муридларнинг кўпчилиги суннат деганда бошқалардан ажралиб турадиган кийим, соқол қўйишни тушуниб қолишган. Тўғри булар албатта суннат, лекин пайғамбаримиз (с.а.в) қолдирган энг қимматли хазина Қуръон ва у зотнинг суннатлари эмасми? Биргина соқол қўйиб, диний кийим кийишдан ташқари қанчадан қанча суннатлари бор. Уларга амал қилиш керак, уларни тирилтириш керак. Ҳозирда соқол қўйган кишиларни кўрганлар уларни “Ваҳҳобий” бўлса керак деган гумонга ҳам борадиган бўлиб қолишган. Бу замонанинг тақозоси сабабли юзага чиқиб қолган тушунмовчилик албатта. Лекин бир суннатни бажараман деб, кўпчиликни безовта қилиш, қалбида шубҳа пайдо қилиш яхши бўлмаса керак. Бундай қилиб юрганлар ҳам бошқаларга ҳам ўзларига моддий ва маънавий зарар келтирмоқдалар. Қонунларимизда жамоат жойларида диний кийим билан юришга маъмурий жазо чоралари белгиланган. Шунга кўра улар моддий зарар кўришади. Оила ва бола-чақаларининг рисқини қийиб, ўзини қийнаш шартмикин? Ҳадиси шарифларда Аллоҳ сизларни суратларингизга қарамайди, У Зот сизларни амалларингизга қарайди, дейилган. Шариатимизда бу масалалар ҳақида қандай маълумотлар бор? 10. Муридларнинг айримлари Имом Ғаззолий (р.а)ни китобларини зўр қизиқиш, ҳавас билан ўқишади. У зотнинг ёзганлари улар учун кўпроқ ҳақиқатга яқин, деб ўйлашади. Имом Ғаззолийни барча ислом уламолари “Ҳужжат-ул-ислом” деб эътироф этганликлари барча маълум. Юқоридаги каби масалаларга (яъни пир муридлик, шариатга қаттиқ амал қилиш, тавба қилганда қазоларни ўташ ва тасаввуфдаги бошқа нозик масалаларга Имом Ғаззолийнинг қарашлари қандай бўлган? У зотнинг китобларида бу ҳақда нима дейилган? Агар мумкин бўлса жавобингизни у зотнинг фикр қарашлари билан бойитиб, тушунтириб берсангиз.Саволларим ва мулохазаларим ўринсиз бўлган бўлса, сўзларимда одобсизлик аломатлари сезилган бўлса, айб ва камчиликларим учун аввало Аллоҳдан тавфиқ ва мағфират сўрайман. Қолаверса шайх жаноблари сиздан ҳам маъзур тутишингизни илтимос қиламан.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

10. Муридларнинг айримлари Имом Ғаззолий (р.а)ни китобларини зўр қизиқиш, ҳавас билан ўқишади. У зотнинг ёзганлари улар учун кўпроқ ҳақиқатга яқин, деб ўйлашади. Имом Ғаззолийни барча ислом уламолари “Ҳужжат-ул-ислом” деб эътироф этганликлари барча маълум. Юқоридаги каби масалаларга (яъни пир муридлик, шариатга қаттиқ амал қилиш, тавба қилганда қазоларни ўташ ва тасаввуфдаги бошқа нозик масалаларга Имом Ғаззолийнинг қарашлари қандай бўлган? У зотнинг китобларида бу ҳақда нима дейилган? Агар мумкин бўлса жавобингизни у зотнинг фикр қарашлари билан бойитиб, тушунтириб берсангиз.Саволларим ва мулохазаларим ўринсиз бўлган бўлса, сўзларимда одобсизлик аломатлари сезилган бўлса, айб ва камчиликларим учун аввало Аллоҳдан тавфиқ ва мағфират сўрайман. Қолаверса шайх жаноблари сиздан ҳам маъзур тутишингизни илтимос қиламан.- Хайрият! Муридлар ичида ҳам севиб китоб ўқийдиганлари бор экан. Лекин уларнинг китобларни даражаларга бўлиб, имом Ғаззолийнинг ёзганлар улар учун кўпроқ ҳақийқатга яқин деб ўйлашлари чатоқ. Улар улкан уламоларнинг китобларига баҳо берадиган бўлиб қолишибдими? Уламоларнинг баҳосини алломалар берадилар. Мана шу каби ҳақийқатга яқин ёки яқин эмас деб илмни ўзларининг қинғир торозулари билан тортишлари уларни ҳақийқий маърифатдан узоқлаштираётган бўлса, ажаб эмас.Имом Ғазолийнинг тасаввуфга оид китоблари:1. Одобус сўфийя.2. Ал-Арбаъун фи усулуддин.3. Эҳъёу улумуд Дийн.4. Жавоҳирул Қуръон ва дураруҳу.5. Ал-Рисола ал-Ладунийя.6. Мишкотул Анвор.7. Минҳожул Обидийн илал Жаннати.8. Мийзонул Амал. Шу билан бирга Имом Ғаззолий кўзга кўринган фақиҳ ва усули фиқҳ олими ҳам эдилар. У киши бу соҳалар бўйича ҳам барчанинг таҳсинига сазовар бўлган китоблар соҳиби ҳисобланадилар:1. Асрорул ҳажжи.2. Ал-Мустасфо фии усулил фиқҳи.3. Ал-Важийз фил фуруъ.Имом Ғаззолийнинг сизнинг мурид танишларингиз айтаётган, уламоларга хилоф қилиаётган гапларнинг бирортаси ҳам йўқ. Имом Ғаззолий тасаввуфни яхши билиш билан бирга фақиҳ ҳам бўлганлар. Юқорида айтиб ўтилганидек, усули фиқҳ ва фиқҳ илмлари бўйича ҳам китоблар ёзганлар. Имом Ғаззолийнинг ҳаётларини қисқа равишда баён қилишнинг ўзи сизнинг мурид танишларингизнинг даъволарини пучга чиқарса керак деб ўйлайман. Ғазолий ёшлигида она юртида Аҳмад ибн Муҳаммад Розконийдан фиқҳ илмини олди. Сўнгра Журжонга сафар қилиб, имом Абу Наср Исмоилийнинг ҳузурида таълим олди ва кўплаб нарсаларни ёзиб олди. Ўша ёзиб олинган нарсалар ўша вақт тилида «таълиқа» деб номланар эди. Кейин Ғазолий она юрти Тусга қайтди. Йўлда ажойиб ҳодиса юз берди. У ҳақда Ғазолийнинг ўзи қўйидагиларни айтади:«Йўлтўсарлар йўлимизни тўсдилар ва улар менинг бору будуримни олиб қўйдилар. Кетаётганларида ортларидан эргашдим. Шунда уларнинг бошлиғи менга қараб:«Орқангга қайт! Шўринг қурсин! Бўлмаса, ҳалок бўласан!» деди.«Сен Ундан саломатликни тилайдиган зот номи билан сўрайман, фақат таълийқаларимни қайтариб бер. Барибир сизларга улардан фойда йўқ», дедим.«Таълийқанг нима?» деди у.«Анави халтадаги китоблар. Мен ана ўшаларни эшитаман, ёзиб оламан ва ичидаги илмни оламан деб ҳижрат қилганман», дедим. У кулиб юборди-да:«Қандоқ қилиб сен улардаги илмни билибсан!? Биз уларни сендан тортиб олдикку! Сен улардан жудо бўлдинг! Илмингдан ажраб қолдинг!» деди. Сўнгра у одамларидан бирга амр қилган эди, у халтани менга қайтариб берди.Ўша одамнинг тили билан Аллоҳ таоло мени тўғри йўлга иршод қилишни ирода қилган бўлса ажаб эмас. Тусга етиб борганимда кейин уч йил ҳаракат қилиб барча таълийқаларни ёд олиб йўлтўсарлар илмимни тортиб олалмайдиган бўлиб олдим». Кейинчалик Ғазолий ўша пайтда салжуқийларнинг пойтахти ва Бағдоддан кейинги катта илмий марказ ҳисобланган Найсобурга бориб энг машҳур уламоларидан бири бўлган Имоми Ҳарамайнига шогирд тушди. Ғазолий бу улуғ устознинг ҳузурида ўта тиришқоқлик билан ўқиб фиқҳ, усул, хилоф ва жадал каби замоннинг кенг тарқалган илмларида пешқадам олим бўлиб етишди.Ғазолийнинг устози Имоми Ҳарамайни жуда ҳам яхши кўрар ва уни мақтаб: «Ғазолий тубсиз денгиздир», дер эди.Ғазолий ўзининг тўрт юз ҳамдарсидан анча илгарилаб кетди ва устозига ёрдамчи бўлиб фаолият кўрсата бошлади.478 ҳижрий санада Имом Ҳарамайни вафот этганидан кейин Ғазолий йигирма етти ёшида вазир Низомулмулкнинг олдига борди. Ўша вақтда Ғазолийнинг фазли зоҳир бўлиб, илмий шуҳрати тонг таратган эди. Низомулмулкнинг мажлиси эса аҳли илмнинг олий кенгашига айланган эди. Барча мажлисларда, ҳатто мотам марсимларда ҳам фиқҳ, илми калом ва бошқа илмлардан мунозаралар бўлар эди. Ғазолий Низомулмулкнинг мажлисида кўплаб уламолар билан баҳс ва мунозаралар қилиб ўзининг кимлигини намойиш қилди. Ҳамма унга тан берди. Охири вазир Низомулмулк Ғазолийни «Низомия» мадрасасининг бош мударриси этиб таъйинлади. Бу ўша вақтнинг энг обрўли диний мансаби эди. Ғазолий бу мансабга 484 ҳижрий санада, ўттиз тўрт ёшида эришди ва бундай шарафга сазовор бўлган энг ёш олим бўлди.«Низомия» мадрасасидаги дарслар олимнинг шуҳратига шуҳрат қўшди, уни имомлик даражасига олиб чиқди. Имом Ғазолийга нафақат аҳли илмлар, балки аҳли давлатлар ва аҳли ҳукмлар ҳам бўйин эгдилар. Халифалар ҳам Имом Ғазолийга яқин бўлишга интилдилар. Аббосий халифалардан Муқтадий биллаҳ у кишидан баъзи ишларни илтимос қилди. Халифа Мустазҳир биллаҳ Имом Ғазолийни ўзига дўст тутар эди. Унинг илтимосига биноан Имом Ғазолий ботинийларга раддия китобини ёзди ва китобни «Мустазҳирий» деб номладилар. Шундоқ қилиб Имом Ғазолий барча тарафдан обрў – эътиборнинг чўққисига чиқди. У киши учун бу дунёда интилиш мумкин бўлган мансаб, мартаба, шуҳрат ёки улуғлик қолмаган эди. Бугунги кун таъбири билан айтилганда инсон боласининг қўли узатган ерга етадиганига айланган эди.Кўриниб туридики, имом Ғаззолий илм ва маҳрифатли тасаввуф намояндаси бўлганлар. Саводсиз, ўзича ҳар хил гапларни айтадиган бўлмаганлар. Сизнинг мурид танишларингиз у кишининг асараларига баҳо беришнинг ўрнига, уларни ва бошқа китоблари яхшилаб ўқисинлар. Билимлари ва маҳрифатларини зиёда қилсинлар. Қурҳон, Суннат ва шариатни ўргансинлар. Динимизга ихлос билан амал қилсинлар. Ана шунда ишлар маромида бўлади.Сизнинг саволларингиз ва мулоҳазаларингиз жуда ҳам ўринли. Бунинг учун сизга алоҳида ташаккур. Айнан сизнинг саволларингиз менга анчадан буён айтмоқчи бўлган гапларимни айтишга сабабчи бўлди. Одобингиз, динимизга бўлган ихлосингиз, бошқаларга ҳам ўзингизга етган яхшилик етишини ўйлаганингиз, нотўғри ҳолатларни тўғрилашга бўлган интилишингиз учун Аллоҳ ажр савобни кўпайтириб берсин! Умид қилманки, иккимизнинг савоб жавобимизда фақат дийн қайғуси бор. Бировга нисбатан ғаразгўйлик ёки бошқа ният йўқ. Диндошларимиз бизни тўғри тушунадилар ва биргалашиб хатоларимизни тузатиб боришда ҳамкорлик қиламиз. Аллоҳ барчаларимизни Ўзининг сироти мустақиймида барқарор қилсин! Омийн!

Топ рейтинг www.uz Openstat