Ассалому алайкум! Қайси амал ёки қайси сураларни ўқисам фаришталар менинг номимдан Аллоҳга гуноҳларим кечирилиши учун истиғфор айтадилар? Жавоб учун ташаккур олдиндан.
Ва алайкум ассалом!
عن ابن عمر عن النبي صلى الله عليه و سلم قَالَ مَنْ بَاتَ طَاهِرًا بَاتَ فِي شِعَارِهِ مَلَكٌ فَلَمْ يَسْتَيْقِظْ إِلَّا، قَالَ الْمَلَكُ : اللَّهُمَّ اغْفِرْ لِعَبْدِكَ فُلَانٍ، فَإِنَّهُ بَاتَ طَاهِرًا أخرجه ابن حبان في صحيحه
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Ким кечани таҳоратли ҳолатда ўтказса, баданига тегиб турувчи кийим ичида у билан бирга бир фаришта ҳам кечани ўтказади. Қачон уйғонса, (бир ривоятда тунда қайси тарафга ёнбошласа) бир фаришта “Аллоҳим фалон бандангни мағфират қилгин, чунки у кечани покиза ҳолатда ўтказди” дейди” деганлар".
Ибн Ҳиббон ривояти.
عَنْ صَفْوَانَ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَدِمْتُ الشَّامَ، فَأَتَيْتُ أَبَا الدَّرْدَاءِ فِي مَنْزِلِهِ فَلَمْ أَجِدْهُ وَوَجَدْتُ أُمَّ الدَّرْدَاءِ، فَقَالَتْ: أَتُرِيدُ الْحَجَّ الْعَامَ؟ قُلْتُ: نَعَمْ، قَالَتْ: فَادْعُ اللهَ لَنَا بِخَيْرٍ، فَإِنَّ النَّبِيَّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم كَانَ يَقُولُ: دَعْوَةُ الْمُسْلِمِ لِأَخِيهِ بِظَهْرِ الْغَيْبِ مُسْتَجَابَةٌ، عِنْدَ رَأْسِهِ مَلَكٌ مُوَكَّلٌ كُلَّمَا دَعَا لِأَخِيهِ بِخَيْرٍ قَالَ الْمَلَكُ الْمُوَكَّلُ بِهِ: آمِينَ، وَلَكَ بِمِثْلٍ، قَالَ: فَخَرَجْتُ إِلَى السُّوقِ فَلَقِيتُ أَبَا الدَّرْدَاءِ فَقَالَ لِي مِثْلَ ذَلِكَ عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ
Сафвон ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Шомга бордим. Абу Дардонинг манзилига бориб, уни топмадим. Умму Дардони топдим. У менга:«Бу сана ҳаж қилмоқчимисан?» деди.«Ҳа», дедим.«Бизга яхшилик сўраб, дуо қил. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Мусулмоннинг ўз биродарига ғойибдан қилган дуоси мустажобдир. Унинг бошида бир муваккал фаришта туради. У ўз биродарига ҳар сафар яхшилик тилаб дуо қилганда муваккал фаришта «Омин! Сенга ҳам ўшандоқ бўлсин!» дейди» дер эдилар», деди.Бозорга чиқиб, Абу Дардони топдим, у ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан худди шу гапни нақл қилди».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Шарҳ: Улуғ саҳобий Абу Дардо розияллоҳу анҳу оилалари билан Мадинаи Мунавварадан Шомга кўчиб кетганлар ва ўша ерда яшаганлар. Шунда куёвлари уларни кўргани Шомга борибдилар. Борсалар, уйда фақат қайноналари Умму Дардо розияллоҳу анҳо бор эканлар. Абу Дардо розияллоҳу анҳу қаергадир чиқиб кетган эканлар. Ривоятда зикр қилинишича, ўшанда Умму Дардо розияллоҳу анҳо куёвларидан: «Бу йил ҳажга борасанми?» деб сўрабдилар. «Ҳа», дебди куёв. Шунда Умму Дардо розияллоҳу анҳо: «Унда бизнинг ҳаққимизга хайрли дуо қилиб қўй. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Мусулмон кишининг ўз биродари учун ғойибдан қилган дуоси қабул бўлади. Дуо қилаётган кишининг боши устида бир муваккал фаришта туради ва дуо хайрли бўлса, «Омин! Сенга ҳам шундай бўлсин», деб туради», деганлар», дебдилар. Масалан, бу киши «Эй Аллоҳ! Фалон биродаримга тақво бергин, хайр-барака бергин» деб дуо қилса, унинг боши устида турган фаришта «Омин! Сенга ҳам шундай бўлсин!» деб турар экан. Куёв бу гапни эшитибди. Сўнг қайтиб кетаётиб, бозорда қайнотасини учратиб қолибди. Қайноталари ҳам худди Умму Дардо розияллоҳу анҳо айтган гапларни айтибдилар. Демак, бу нарса саҳобаларнинг кўпчилиги кўрган, эшитган, собит бўлган нарса экан. Сафарга, ҳажга ва умуман, дуоси қабул бўладиган жойларга борадиган кишилардан дуо сўраш, «Ҳаққимизга дуо қилиб қўйинг», деб илтимос қилиш саҳобаи киромлар қилган амаллардан экан. Албатта, улар бу ишни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига биноан қилганлар. Алҳамдулиллаҳ, бу нарса бизда ҳам яхши йўлга қўйилган бўлиб, кўпчилик ҳажга кетаётганлардан, мусофирлардан дуо қилишни сўраб қолишади. Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар: 1. Мусулмонлар бир-бирларига дуо сўраб туришлари кераклиги. 2. Бировнинг орқасидан ўзи йўқлигида қилинган дуо мақбул бўлиши. 3. Орқадан қилинган дуога муваккал фаришта «Омин» деб туриши. 4. Бировга ғойибдан яхши дуо қилувчининг ўзига ҳам у биродарига сўраган яхшиликчалик яхшилик етиши. Ҳар биримиз ушбу ҳадиси шарифга амал қилишга ўтмоғимиз лозим.
عَنْ تُوَيْرِ بْنِ أَبِي فَاخِتَةَ، عَنْ أَبِيهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: أَخَذَ عَلِيٌّ بِيَدِي قَالَ: انْطَلِقْ بِنَا إِلَى الْحَسَنِ نَعُودُهُ، فَوَجَدْنَا عِنْدَهُ أَبَا مُوسَى، فَقَالَ عَلِيٌّ عَلَيْهِ السَّلَامُ: أَعَائِدًا جِئْتَ يَا أَبَا مُوسَى أَمْ زَائِرًا؟ فَقَالَ: لَا بَلْ عَائِدًا، فَقَالَ عَلِيٌّ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم يَقُولُ: مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَعُودُ مُسْلِمًا غُدْوَةً إِلَّا صَلَّى عَلَيْهِ سَبْعُونَ أَلْفَ مَلَكٍ حَتَّى يُمْسِيَ، وَإِنْ عَادَهُ عَشِيَّةً إِلَّا صَلَّى عَلَيْهِ سَبْعُونَ أَلْفَ مَلَكٍ حَتَّى يُصْبِحَ، وَكَانَ لَهُ خَرِيفٌ فِي الْجَنَّةِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ
Тувайр ибн Абу Фохитадан, у отасидан ривоят қилади:
«Али қўлимдан ушлаб: «Юр, Ҳасанни кўриб келамиз», деди. (Бориб), унинг олдида Абу Мусони кўрдик. Бас, Али: «Эй Абу Мусо, кўргани келдингми, ёки зиёратгами?» деди.«Йўқ, кўргани келдим», деди Абу Мусо.«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бир мусулмон бемор мусулмонни эрталаб бориб кўрса, албатта, унга кечгача етмиш минг фаришта саловот айтади. Агар беморни кечқурун бориб кўрса, албатта, унга етмиш минг фаришта эрталабгача саловот айтади. Ҳамда унга жаннатда бир боғ бўлади», деганларини эшитганман», деди Али».
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Шарҳ: Аввало ровий Тувайр ибн Абу Фохита розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик. Тувайр ибн Абу Фохита Саъийд ибн Алақо Ҳошимий ал-Куфий – Умму Ҳониъ розияллоҳу анҳанинг қуллари эдилар. Ҳадисларни оталари Абу Фохитадан, Ибн Умар, Зайд ибн Арқам, Ибн Зубайр, Мужоҳид, Абу Жаъфарлардан ривоят қилганлар. Бу зотдан Аъмаш, Саврий, Шуъба, Ҳажжож ибн Артоталар ривоят қилганлар. Ушбу ривоятдан бир неча фойдалар оламиз: 1. Бемор кўргани борганда бошқа одамни ҳам таклиф қилиб,бирга бориш яхшилиги. 2. Беморни холис ният билан кўргани борган одамгина савоб олиши. Бошқа иши билан бориб, «беморни кўргани келдим», деса, ниятига яраша бўлиши. 3. Эрталаб бемор кўргани борган одамга кечқурунгача етмиш минг фаришта саловот айтиб туриши. 4. Кечқурун бемор кўргани борган одамга эрталабгача етмиш минг фаришта саловот айтиб туриши. 5. Бемор кўргани борган одамга жаннатдан бир боғ ато қилиниши. Шунинг учун ҳам таниш-билишларнинг беморлиги ҳақида хабар эшитган одам уларни кўргани боришга шошилиши керак.
عَنْ أَبِي أُمَامَةَ الْبَاهِلِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: ذُكِرَ لِرَسُولِ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم رَجُلَانِ أَحَدُهُمَا عَابِدٌ وَالْآخَرُ عَالِمٌ فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: فَضْلُ الْعَالِمِ عَلَى الْعَابِدِ كَفَضْلِي عَلَى أَدْنَاكُمْ. ثُمَّ قَالَ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم: إِنَّ اللهَ وَمَلَائِكَتَهُ وَأَهْلَ السَّمَوَاتِ وَالْأَرَضِ حَتَّى النَّمْلَةَ فِي جُحْرِهَا وَحَتَّى الْحُوتَ لَيُصَلُّونَ عَلَى مُعَلِّمِ النَّاسِ الْخَيْرَ
Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки киши зикр қилинди: бири обид, бошқаси олим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Олимнинг обиддан афзаллиги худди менинг сизнинг энг кичигингиздан афзаллигимга ўхшайди», дедилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару ернинг аҳли, ҳаттоки уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчига Саловот айтадилар», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифни Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳу ривоят қилмоқдалар. Одатимизга кўра, аввал у киши билан танишиб олайлик: Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳунинг асл исмлари Судай ибн Ажлондир. Бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 250та ҳадис ривоят қилганлар. У киши ривоят қилган ҳадисларнинг кўпчилигини шомликлар ҳузуридан топиш мумкин. Абу Умома аввал Мисрда яшайдилар, кейин Шомга кўчиб ўтадилар. Ҳижратнинг 86-санасида ўша ерда вафот этадилар. Бу зот Шомда энг охирги вафот этган саҳоба эдилар. Саҳобаи киромлар томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга икки киши – олим ва обид зикр қилинди ва уларнинг қайси бири афзал эканлиги ҳақида сўралди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Олимнинг обиддан афзаллиги худди менинг сизнинг энг кичигингиздан афзаллигимга ўхшайди», дедилар. Саҳобалик – катта бахт, ҳатто энг кичик саҳоба бўлиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларини топиш ҳам чексиз саодатдир. Шунингдек, обид бўлиш ҳам яхши нарса. Аммо обидни олим билан тенглаштириб бўлмайди. Олимлик даражаси жуда ҳам устундир. Олим билан обиднинг орасидаги фарқ худди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан энг кичик саҳобанинг орасидаги фарққа ўхшайди. Бу фарқни тўла тасаввур этиш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зоти мубораклари нақадар олий эканлигини англаб етишимиз керак бўлади. У зот одам боласининг энг улуғи, Аллоҳ пайғамбарларининг энг афзалидирлар. Оддий инсонлар ичида энг афзал инсонлар саҳобалар бўлиб, уларнинг ичида катта саҳобалар, катта саҳобалар ичида эса тўрт халифа энг афзалдирлар. Уларнинг ҳаммаларининг фазллари тўпланса ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазллари олдида ҳеч нарса бўлмай қолади. Энди мана шу қиёсни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан энг кичик саҳобий ўртасида қилиб кўрайлик. Орадаги фарқ қандай бўлишини шундан билиб олаверсак бўлади. Ислом назарида олим билан обид орасидаги фарқ шунчалик бўлса, энди олим билан оддий одам ўртасидаги фарқ қанчалик бўлишини билиб олаверинг. Шунинг учун ҳам ўшандай фазлга эга бўлишни хоҳлаган киши дийний илмларни эгаллаб, олим бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим. Дийний илмларни эгаллаган мусулмон олимлар пайғамбарларнинг меросхўрлари эканлиги аввал ўрганган ҳадисларимизнинг бирида айтиб ўтилган эди. Энди эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам энг кичик саҳобийдан қанчалик афзал бўлсалар, дийний илмлар олимининг обид кишилардан шунчалар афзал эканликлари баён қилинмоқда. Бунда эса дийний илмларни ўрганишга катта тарғиб бор. Чунки ҳар бир жамиятгина эмас, балки бутун инсоният исломий илмларни яхши билган олимларга жуда ҳам муҳтож. Аллоҳнинг каломини, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини, шариатимиз таълимотларини кишиларга етказишда ана ўша олимлар зарурдирлар. Инсониятга Ислом ҳидоятини таништириш, мусулмонларга шариат аҳкомларини баён қилиш, ҳалолни ҳаромдан, гуноҳни савобдан, яхшини ёмондан ажратиш йўлларини кўрсатиш учун мусулмон уламолар керакдир. Шунинг учун ҳам уларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўрлари, умматимизнинг гултожлари деб қаралади. Уларни чексиз ҳурмат қилинади. Исломда ҳақийқий дийний илмлар уламолари қанчалик тақдирланишларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадис давомидаги сўзларидан ҳам билиб олсак бўлади: «Албатта, Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару ернинг аҳли, ҳаттоки уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчига саловот айтадилар». Саловот айтиш Аллоҳ таоло томонидан бўлгани У зотнинг бандага кўрсатадиган раҳматини ифода қилади. Саловот осмонлар аҳли, яъни фаришталар томонидан бўлиши эса уларнинг бандага истиғфор айтишини ифода қилади. Саловот айтиш ер аҳли, яъни одамлар томонидан бўлиши эса уларнинг дуо қилишларини ифода этади. Одамларга яхшиликни ўргатувчилар мусулмон уламолардир. Чунки Ислом нуқтаи назарида яхшилик Ислом шариати яхши деб айтган нарсалардир. У нарсалар нима эканлигини уламолар биладилар ва одамларга ўргатадилар. Уламолар ўз дарслари, ваъз-насиҳатлари, илмий суҳбатлари билан, ёзган китоблари ва ҳозирги замонда матбуот ва ахборот воситалари орқали тарқатган мақолалари билан одамларга Аллоҳнинг дийнини – айни яхшиликни ўргатадилар. Ана шундай ишни ихлос билан, Аллоҳнинг розилиги учунгина адо этадиган ҳақийқий уламоларга: 1. Аввало Аллоҳ таоло саловот айтади, яъни уларга раҳмат назари билан қарайди. 2. Сўнгра осмонларнинг аҳли, яъни фаришталар ва яна осмонда бўлиши мумкин зотлар саловот – истиғфор айтадилар. 3. Ернинг аҳллари, яъни одамлар ва жинлар ҳам ўша уламоларни одамларга яхшиликни ўргатганлари учун дуо қилиб турадилар. 4. Ердаги бошқа жонзотлар ҳам, ҳаттоки уясидаги чумоли ва сувдаги балиқлар ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчи кишиларга саловот айтиб турадилар. Бу нарсалар ҳақийқий мухлис уламолар Исломда қандай тақдирланишларини яна бир бор намоён қилмоқда. Кези келганда эслатиб ўтиш жоиз бўлган бир нарса бор. Ҳамма яхшиликлар суиистеъмол қилинганидек, уламолик шарафи ҳам баъзи кишилар томонидан суиистеъмол қилинади. Баъзи одамлар мусулмонлар томонидан уламоларга кўрсатиладиган эҳтиромни кўзлаб, ўзларини уламо қилиб кўрсатиб юрадилар. Аслида эса улар ҳақийқий уламо бўлмайдилар, баъзилари билганларига амал ҳам қилмайди. Албатта, бундай кишилар мазкур мадҳ ва ваъдалардан мустаснодирлар. Дунё учун, риё учун, шуҳрат учун ўзини олим қилиб кўрсатган, илмига амал қилмаган кишиларнинг ҳоли қандай бўлиши бошқа ҳадисларда баён қилинган. Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар: 1. Олим билан обиднинг орасидаги фарқни ва шунга ўхшаш нарсаларни сўраш мумкинлиги. 2. Олимнинг обиддан фазли худди Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг кичик саҳобийдан кўра афзалликларига ўхшаши. 3. Одамларга яхшилик ўргатувчига Аллоҳ таолонинг раҳмат назари билан қараши. 4. Осмонлардаги зотларнинг уламолар ҳаққига истиғфор айтиб туришлари. 5. Ердаги зотларнинг уламолар ҳаққига дуо қилиб туришлари. 6. Ҳаттоки уясидаги чумоли ва сувдаги балиқ ҳам уламолар ҳаққига дуо қилиб туришлари. Ушбу ҳадиси шарифни ҳаётимизга татбиқ қилиш учун олим бўлишга уриниш, олимнинг обиддан фазли қанчалар кўп эканлигини тушуниш керак. Олимлар эса ўз исмларига яраша ихлос билан Аллоҳнинг йўлида кишиларга яхшиликни ўргатишлари зарур. Мусулмонлар эса ҳақийқий олимга Аллоҳ тарафидан, осмонлар аҳли тарафидан, ер аҳли тарафидан, ҳаттоки уясидаги чумоли ва сувдаги балиқ ҳам саловот айтишидан ибратланиб, уламоларнинг ҳақларига дуо қилишлари, уларни иззат-икром этишлари лозим. Мусулмонман, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматиданман, деган киши у зотнинг ҳадисларига амал қилиши керак. Пайғамбаримизнинг ҳадислари эса уламоларни ҳурмат қилишни буюрмоқда. Бу нарса бир вақтнинг ўзида уламоларни беҳурмат қилмаслик лозим, деган маънони ҳам англатади. Ислом дийнида ҳақийқий уламоларни беҳурмат қилиш – одамларга яхшилик ўргатувчини, пайғамбарлар меросхўрларини, Аллоҳнинг раҳмат назарига сазовор кишиларни, осмондаги ва ердаги зотлар – барчасининг саловотига сазовор зотларни беҳурмат қилиш бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бошқа бир ҳадисларида «Ким кичигимизни иззат қилмаса, каттамизни улуғламаса ва уламоларимизни эҳтиром қилмаса, биздан эмасдир», деганлар. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан).
عن قبيصة بن المخارق قال: "أتيت النبي صلى الله عليه وسلم، فقال: ما جاء بك؟ قلت: كبر سني، ورق عظمي، وأتيتك لتعلمني ما ينفعني الله به". قال: "يا قبيصة، ما مررت بحجر ولا شجر ولا مدر إلا استغفر لك". مسند الإمام أحمد
Қубайса ибн Махориқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келдим. У зот : “Нима нарса сени (бу ерга) келтирди” дедилар. “Ёшим кексайди, суягим заифлашди (ҳузурингизги) Аллоҳ у билан менга манфаат берадиган нарсани таълим беришингиз учун келдим” дедим. У зот : “Эй Қубайса, бирор тош, дарахт, кесак ёнидан ўтган бўлсанг, барчаси сенга истиғфор айтишди” дедилар".
Имом Аҳмад ривояти. Валлоҳу аълам!