Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазон олдидан бир, икки кун олдин рўза тутманглар. Магар бир киши одатидаги рўза бўлса тутсин»- дедилар. Бешовлари ривоят қилган.Сунан эгалари ривоятида: «Қачон Шаъбон ярмига етса рўза тутманглар»- дейилган.Аҳли китоб бўлмиш кофир қавмлар ўзларига фарз қилинган рўзанинг қайси кун бошланишига шубҳа қилиб бир-икки кун олдин тутишар, оқибатда нафл ибодат билан фарз ибодатни аралаштириб юборишар эдилар. Исломда унга ўхшаш иккиланиш, нафл ва фарзларни аралаштириб юбориш ишларига рухсат йўқ. Мусулмонлар ҳар бир ибодатни жазм билан, азму қарор билан, нафлни нафл ўрнида, фарзни фарз ўрнида адо этишлари лозим. Шунинг учун ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон киришидан олдин бир икки кун қолганда рўза тутишдан қайтарганлар. Аммо бир одам маълум кунларда, мисол учун, душанба ва пайшанба кунларда нафл рўза тутиб юришга одатланган бўлсаю, ўша кун Рамазондан олдинги кунларга тўғри келиб қолса, тутса бўлаверади. Шунингдек, баъзи бир кишилар назр рўза ният қилиб қўйган бўлса, улар ҳам ўша назр рўзани тутса бўлаверади.Юқорида зикр этилган сабабларга биноан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, қачон Шаъбон ярмига етса рўза тутмаганлар, деган ҳадисларига амал қилиб, Шаъбон ойининг ўн олтинчи кунидан бошлаб то Рамазони шариф киргунча нафл рўза тутиш макруҳ бўлади. Одамлар ичида, ушбу тафсилотларни яхши тушунмаганлик оқибатида, Шаъбон ойида рўза тутиб бўлмас экан, деган тушунча юзага келган. Аслида эса гап Шаъбон ойининг иккинчи ярмида эканини билиб олдик. Шаъбон ойининг аввалида рўза тутиш масаласини эса, келажак ҳадисларни ўрганиш жараёнида иншааллоҳ билиб оламиз. Сила розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аммор ибн Ясир ҳузурида эдик. Бир оловда пиширилган қўй келтирилди. Бас, у: «Енглар», - деди. Қавмдан баъзилар ортга сурилиб: «Мен рўзадорман», - деди. Шунда Аммор розияллоҳу анҳу: «Ким одамлар шак қилган куни рўза тутса, батаҳқиқ, Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлибдир», - деди». Сунан эгалари ривоят қилган. Бухорий таълиқ ила ривоят қилган. «Абул Қосим» Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг куняларидир. Ушбу ривоятга биноан шак куни рўза тутиш мумкин эмас ҳисобланади. Бунга ҳам Шаъбон охирида рўза тутишдан манъ қилиш сабаблари боисдир. Шак бўлиб тургани устига баъзи бир кишилар рўза тутиб олса қолганларнинг шаклари яна ҳам кучайиши, орада турли тушунмовчиликлар гапу-сўзлар ва ҳатто уриш жанжаллар ҳам келиб чиқиши мумкин. Шунинг учун мусулмонлар бирлиги ва иттифоқини сақлаш мақсадида ҳамма рўза тутмаса яхши бўлади. Эртасидан, барча баробар Рамазоннинг биринчи куни шу кун, деган жазм билан рўза тутаверади. Сиз истиғфор айтсангиз, кифоя қилади.