Ассалому алайкум! Баъзи хайдовичлар автоуловларини билиб билмасдан тўхташ мумкин бўлмаган жойларда қолдирганликларини, баъзилари эса тор кўчаларда бошқа автоуловларнинг ўтишига ноқулай тарзда йўлни тўсиб қўйганлигини гувоҳи бўламиз. Бу ҳолатда ҳам бошқа инсонлар ҳаққи поймол бўлган ҳисобланадими? Бундай пайтда ўша ноқулайлик етказган хайдовчилар гуноҳкор бўлиб қолмайдими?
Ва алайкум ассалом! Бундай қилиш кишиларнинг ҳаққларини поймол қилиш бўлиб, ҳаром амал ҳисобланади. ابن عمر أن رسول الله - صلى الله عليه وسلم - قال: ((سبع مواطن لا تجوز فيها الصلاة: ظهر بيت الله، والمقبرة، والمزبلة، والمجزرة، والحمام، وعطن الإبل، ومحجة الطريق))23رواه ابن ماجة Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам еттита жойда намоз ўқишдан қайтарганлар. Каъабанинг тепасида, қабристонда, ахлатхонада, қушхонада, ҳаммомда, туянинг қўрасида ва йўлнинг ўртасида". Ибн Можа ривояти. عن ابن عباس رضي الله عنهما أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: اتقوا الملاعن الثلاث، قيل: ما الملاعن يا رسول الله؟ قال: أن يقعد أحدكم في ظل يُسْتَظلُّ به أو في طريق أو في نقع ماء Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Учта лаънат келтирадиган ишдан сақланинглар” дедилар. Шунда улар “Ё расуллуллоҳ лаънат келтирадиган ишлар нима” дейилди. У зот : “Бирортангиз сояланадиган жойга, йўлга ва сув четига ўтирмоқлигингиз(ҳожат чиқармоқ)” дедилар". Имом Аҳмад ривояти. Фуқаҳоларимиз йўлни тўсиб, жаноза намозини ўқишни макруҳ дейдилар. Ҳолбуки жаноза ўқиш фарз эканлиги ҳаммамизга маълум. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ “Одамларни йўлни тўсиб ўқилган жаноза, намоз бўлмайди” деганлар. Яъни масжиднинг ичида жой бўла туриб, маййитни йўлга қўйиб ўқиш. Валлоҳу аълам!