Ассалому алайкум! Йиринг, қон каби нажаслар оқмайдиган миқдорда бадандан чиқса таҳоратни бузмаганидeк, олд жинсий аъзодан оқмайдиган даражда оз намлик зоҳир бўлса таҳорат бузиладими? Раҳмат.
Ва алайкум ассалом! Ўша нажосат олд жинсий аъзода кўринса бўлди, оқиши шарт эмас. Дастлаб таҳоратни энг кўп бузадиган ва кўп такрорланадиган нарса ҳақида сўз юритилмоқда. Икки йўлдан чиққан нарса. Бу жумладаги «икки йўл»дан мурод инсоннинг олд ва орқа тараф жинсий аъзоларидир. Мазкур икки йўлдан одатда чиқадиган нарсалар: пешоб, ахлат, ел, мазий, вадий ва манийлардир. Одатдан ташқари чиқиши мумкин бўлган нарсалар: қурт, майда тош, қон ёки шунга ўхшаш нарсалар бўлиши мумкин. Мазкур нарсалар икки йўлдан чиққанда таҳорат кетишига далиллар: Аллоҳ таоло Моида сурасида: وَإِن كُنتُم مَّرْضَى أَوْ عَلَى سَفَرٍ أَوْ جَاء أَحَدٌ مَّنكُم مِّنَ الْغَائِطِ أَوْ لاَمَسْتُمُ النِّسَاء فَلَمْ تَجِدُواْ مَاء فَتَيَمَّمُواْ صَعِيدًا طَيِّبًا «Агар бемор ёки сафарда бўлсангиз, ёхуд сизлардан бирингиз ҳожатдан келса, ёхуд аёлларга яқинлашган бўлсангиз-у, сув топа олмасангиз, покиза тупроқ ила таяммум қилинг», деган (6-оят). Ушбу оятдаги «сизлардан бирингиз ҳожатдан келса» иборасида пешоб ва ахлат чиқариш кўзда тутилган. Демак, ушбу ҳолатда таҳорат кетади. ("Кифоя" китобидан). Валлоҳу аълам!