Ассалому алайкум! Ҳурматли “Зикр аҳлидан сўранг” ҳайъати, Аллоҳ дин йўлидаги хизматларингизга улкан ажрлар берсин!
Саволим қуйидагича: «Аллоҳ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳалол нарсаларни ҳаром қилишдан қайтариб оятда: «Нима учун Аллоҳ сенга ҳалол қилган нарсаларни ҳаромга чиқарасан», деган. Ҳадисда эса Фотима онамиз тилла тақинчоқ таққанларида Пайғамбаримиз уни дўзах ўтига ўхшатиб тақмасликка буюрганлар.
Саволим шундан иборатки, нима учун ушбу ҳадисда аёлларга ҳалол қилинган нарсани пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қизларига ман қилиб қўйдилар?»
Жавоб учун олдиндан раҳмат!
Ва алайкум ассалом! Оят ва ҳадис ҳеч қачон бир-бирига зид келмайди. Чунки оят ҳам ваҳий, ҳадис ҳам. Ҳадислар оятларнинг шарҳларидир. Оят ҳалол қилган нарсани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўғридан-тўғри ҳаром қилишлари ҳам ҳеч ҳам мумкин эмас. Сиз келтирган оятда эса, қасам орқали ўзларига ҳаром қилиб олганлар. Иккиси бир-биридан катта фарқ қилади. Аёлларга тилла тақинчоқнинг ҳаромлигига келсак, бу ҳақида келган ҳадис ҳалол қилинганлиги тўғрисидаги ҳадислар билан мансуҳ(бекор) бўлган. Исломнинг аввалида жуда кўп ҳалол бўган нарсалар кейинчалик ҳаром қилинган. Ҳаром бўлганлари ҳалол қилинган. Шунинг учун “тўғри келган саҳиҳ ҳадисга амал қиламиз” дейиш хатодир. Аввал уни мансуҳ бўлган ёки бўлмаганини, тарихини, даражасини ўрганиш керак бўлади. Кейин бирор нарсага ҳукм чиқариш керак. Бу ишларни биздан олдинги мужтаҳид уламолар аъло даражада бажариб, бизга фақат амал қилишгина қолган холос. Валлоҳу аълам!