Ассалому алайкум Шайх жаноблари. Сиздан бир илтимосим бор. Таҳажжут намозининг қоидаларини тушунтириб берсангиз. Олдиндан сизга рахмат.
– Ва алайкум ассалом! Таҳажжуд намози.
Бу намознинг ози икки, кўпи саккиз ракъатдир.Аллоҳ таоло: «Кечасида таҳажжуд (намози) қил. Сенга нофила бўлур. Шоядки, Роббинг сени мақоми маҳмудда тирилтирса», деган.
Ушбу оят ила таҳажжуд намозига тарғиб қилиш Қуръонда келгани эслатилмоқда. Кечаси бир ухлаб туриб ўқиладиган намозни таҳажжуд намози, деб аталади. Шунингдек, бу намозни қиём намози, деб ҳам айтилади. Аввал бошида бу намоз вожиб бўлган эди. Бир йилчадан кейин вожиблиги насх қилинган.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга кечанинг қиёми лозимдир. Чунки, у сизлардан олдинги солиҳларнинг одатидир. У Роббингизга қурбатдир. У ёмонликларга каффоротдир. У гуноҳларни қайтарувчидир», дедилар».
Бошқа бир ривоятда:
«У жисмдан дардни қувувчидир» ҳам дейилган.
Термизий, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилган.