Ассалом алайкум! Устозлар, кўпчиликдан эшитганман иситма жуда баланд бўлганда спиртни баданга суртиб, иситмани тушириш учун ишлатилади. Шундай қилса инсоннинг иймонига зарари йўқми?
Ва алайкум ассалом! Ишлатса бўлади, иймонига зарари йўқ. Спирт турли нарсалардан олинади. 1-Узум, ҳурмо, буғдой ва асал. Улардан тайёрланган маст қилувчи ичимликлар билиттифоқ ҳаром бўлиб, уларни бирор нарсага дори воситасида фойдаланиш ҳам ҳаром. 2-узум ва ҳурмодан тайёрланган. Бу билиттифоқ нопок. У аралашган даво ҳам нопок бўлади. Уни ичиш ҳам ҳаром. Жуда ҳам мажбур ҳолатда моҳир табиб бирор беморга “Бундан бошқа шифо бўладиган даво йўқ” деса, зарурат миқдорича ушбу спиртдан аралаш дорини истеъмоли жоиз. “Ниҳоя” китобида “Заҳира”дан нақл қилиниб : “Ҳаром нарса билан даволаниш, унда шифо борлиги аниқ ва бундан бошқа даво йўқ бўлган суратда жоиздир” дейилган. (Баҳрур роиқ). 3-юқоридаги узум ва ҳурмодан бошқа нарсалардан олинган спирт масалан буғдой, асал. Унинг пок ва нопоклиги ҳақида уламолар ихтилоф қилганлар. Абу Ҳанифа ва Абу Юсуф роҳимаҳумаллоҳлар наздларида бундай спирт покдир. Маст бўлиш мақсадида ичилса жоиз эмас, лекин даво сифатида истеъмоли жоиздир. Имом Муҳаммад наздларида бундай спирт нажосати ҳафифадир. Фатво имом Муҳаммаднинг қавлига кўра берилган бўлсада, умумий балво қоидасига кўра, спирт аралаштирилган дориларни маст бўлиш мақсадидан ташқари даволаниш ўринларида фойдаланиш жоиздир. Гарчи тақво ва эҳтиёткорлик имом Муҳаммаднинг қовлида бўлсада. Валлоҳу аълам!