Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Амаллар баёни

07:50 / 22.10.2016 | Sarvar | 8331

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, амалнинг фарз, вожиб, суннат ёки мустаҳаблиги қандай аниқланади? Илтимос, кенгроқ тушунтириб берсангизлар. Аллоҳ сизлардан рози бўлсин.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом!

БАЪЗИ ФИҚҲИЙ ИСТИЛОҲЛАР

Бошқа илмлардаги каби, фиқҳ илмида ҳам ўзига хос истилоҳлар бор. Мазкур истилоҳларни яхшилаб тушуниб олиш кишига фиқҳни англаб етишда катта ёрдам беради. Қуйида ўша истилоҳларнинг баъзилари билан танишамиз. 1. Фарз. Шариат жазм ила, шубҳасиз ва қатъий далил билан талаб қилган иш фарздир. Бунга қуйидаги мисолларни келтириш мумкин: Қуръони Карим ила собит бўлган фарз амалга Исломнинг беш рукнига ўхшаш амаллар киради. Мутавотир ва машҳур суннат ила собит бўлган фарзга намозда қироат қилишни мисол келтириш мумкин. Ижмоъ ила собит бўлган фарзга тўрт хил таом – буғдой, арпа, хурмо ва тузларнинг баъзиларини баъзиларига насияга сотиш ҳаромлиги мисол бўлади. Фарз амални қилиш лозим ва лобуддир. Уни қилган одам савоб олади. Фарз амални қилмаган одам осий бўлиб, иқобга қолади. Фарзни инкор қилган кофир бўлади. 2. Вожиб. Шариат жазм ила, аммо қатъий бўлмаган далил билан талаб қилган амал вожибдир. Фитр садақаси, витр намози ва икки ийд намозлари каби амаллар вожиб амаллардир. Вожиб амални қилиш лозим ва лобуддир. Уни қилган одам савоб олади. Лекин вожибнинг савоби фарзникидан озроқ бўлади. Вожиб амални қилмаган одам осий бўлиб, иқобга қолади. Лекин унинг иқоби фарзни қилмаганнинг иқобидан озроқ бўлади. Вожибни инкор қилган кофир бўлмайди. Ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳаблар фарз ва вожибни бир нарса деб тушунадилар ва иккисини қўшиб «вожиб» деб атайдилар. Аммо Ҳанафий мазҳаби юқоридаги дақиқ фарқни эътиборга олиб, иккисини алоҳида ҳукмлар деб билади. 3. Суннат. Шариат жазм этмасдан талаб қилган, уни қилган одам савоб олиб, қилмаган мазаммат қилинмайдиган амал «суннат» дейилади. Қарз олди-бердисини васийқа сифатида ёзиб қўйиш ҳақидаги ҳукм бунинг мисолидир. Суннат амални қилган одам савоб олади. Уни тарк этган одам иқоб қилинмайди. Ундай киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маломатларига ва итобларига қолиши мумкин. Ҳанафийлардан бошқалар суннатни мандуб, нафл, мустаҳаб, татоввуъ, эҳсон ва ҳасан каби номлар билан ҳам атайдилар. Ҳанафийлар эса суннат билан мандуб ва мустаҳабнинг орасида фарқ бор, дейдилар. Суннат таъкидланган амал бўлиб, динда шарт бўлмаган, аммо уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий равишда қилиб юрганлар ва баъзан узрсиз тарк қилганлар. Мандуб ёки мустаҳаб эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий равишда қилмаган амаллардир. Ҳанафийлар Суннатни бир неча турга тақсимлайдилар: 1. Суннати муаккада. Жамоат намозига ўхшаш амаллар. 2. Суннати машруъа. Душанба ва пайшанба кунлари рўзасини тутишга ўхшаш амаллар. 3. Суннати зоида. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ейиш-ичишлари, кийинишлари, юриш-туришлари, ухлашларига эргашишга ўхшаш ишлар. 4. Ҳаром. Шариат тарк қилишни шубҳасиз, қатъий далилга суяниб, жазм ила талаб қилган нарса ҳаромдир. Одам ўлдириш, ароқ ичиш, зино ва ўғрилик қилиш кабилар шу жумладандир. Ҳаромдан четда бўлиш фарздир. Уни қилган одам уқубатга сазовор бўлади. Ҳаром яна маъсият, гуноҳ деб ҳам аталади. Ҳаромни инкор қилган одам кофир бўлади. 5. Макруҳи таҳримий (ҳаром ҳисобланадиган макруҳ). Шариат (оҳод хабарларда) қатъий бўлмаган далил ила тарк қилишни жазм ила талаб қилган нарса макруҳи таҳримий бўлади. Бунга бировнинг савдоси устига савдо қилиш ёки совчилиги устига совчилик қилиш, эркакларнинг ипак ёки тилладан кийим ёки тақинчоқ сифатида фойдаланиши каби ишлар мисол бўлади. Ҳанафийларда макруҳи таҳримийни қисқа қилиб «макруҳ» деб қўйилади. Уларнинг наздида макруҳи таҳримий ҳаромга жуда яқин нарса ҳисобланади. Аммо уни инкор қилган киши кофир бўлмайди. 6. Макруҳи танзиҳий (озодалик макруҳи). Шариат тарк қилишни жазм бўлмаган ва уқубат та­йин қилмаган ҳолда талаб қилган нарса макруҳи танзиҳийдир. Бунга мушук ва йиртқич қушлар теккан сув билан таҳорат қилиш, суннати муаккада ишларни тарк қилиш кабилар мисол бўлади. Макруҳи танзиҳийни тарк қилган одам савоб олади. Уни қилган одам иқобга учрамаса ҳам, маломатга қолади. 7. Мубоҳ. Шариат томонидан мукаллаф кишига қилиш ёки қилмаслик ихтиёри тенг берилган нарса мубоҳдир. Емоқ ёки ичмоққа ўхшаш нарсалар, ҳаромлиги ёки ман қилингани ҳақида ҳукм келмаган барча нарсалар мубоҳдир. Мубоҳ нарсани қилганга ҳам, қилмаганга ҳам савоб ҳам, итоб ҳам йўқ. Аммо мубоҳ нарсани қилмаслик ҳалокатга олиб борадиган бўлса, уни қилиш вожибга айланади. Мисол учун, таом емаслик ўлимга сабаб бўладиган бўлса, уни ейиш вожибга айланади. 8. Шарт. Бир нарсанинг вужудга келиши унга боғлиқ бўлган ва ўзи ўшандан ташқарида бўлган нарса шартдир. Мисол учун, таҳорат намознинг шартларидан биридир. Таҳорат бўлмаса, намоз вужудга келмайди. Аммо таҳорат намоздан ташқарида қилинади. 9. Рукн. Бир нарсанинг вужудга келиши унга боғлиқ бўлган ва ўзи ўшандан бир бўлак бўлган нарсадир. Мисол учун, сажда намознинг рукнларидан биридир. Сажда бўлмаса, намоз вужудга келмайди. Шу билан бирга, сажда намознинг бир бўлаги бўлгани учун унинг ичида қилинади. 10. Адо. Қилиниши лозим бўлган нарсани шариатда белгиланган вақтда қилишни «адо» дейилади. 11. Қайта қилиш. Қилиниши лозим бўлган нарсани белгиланган вақт ичида иккинчи марта қилишга «қайта қилиш» дейилади. 12. Қазо. Қилиниши лозим нарсани белгиланган вақтидан кейин қилишни «қазо» дейилади. Имом Бухорий ва имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким намозидан ухлаб қолса ёки уни эсидан чиқариб қўйган бўлса, уни эслаганида ўқиб олсин. Унинг бундан бошқа каффороти йўқдир», деганлар. Ухлаб қолган ва эсидан чиқарган одамга дангасалик ёки қасд ила намозни тарк қилган одам қиёс қилинади. Чунки намознинг фарзлиги ҳар доим зиммада бордир. Фарз нарса қилинмагунича зиммадан тушмайди. ("Кифоя" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat