Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Суннат намози

19:29 / 03.11.2016 | Doston | 1760

Ассалому алайкум! Бир домлани айтишича масжидда пешин намозини 4 ракъатлик суннатини 1-ракъатини ўқиётганда, фарзга такбир тушурилиб қолинса, суннатни бузиб, фарзга қўшилиш керак экан. Шу тўғрими?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! 

ФАРЗ НАМОЗГА ЕТИШИШ

Киши фарз намозни бошлаганидан кейин ўша намозга иқома айтиб қолинса, агар биринчи ракъатга сажда қилмаган бўлса ёки тўрт ракъатли бўлмаган намозда сажда қилган бўлса, ўз намозини кесади ва иқтидо қилади. Шунингдек, тўрт ракъатлисида ҳам, бир ракъат қўшганидан кейин. Агар мазкур намоздан уч ракъатни ўқиган бўлса, уни тамом қилади ва нафлни ният қилиб иқтидо қилади. Илло, асрда буни қилмайди.Азон айтилган масжиддаги одам намозни ўқимай чиқиши макруҳдир. Бошқа жамоатни қоим қилувчига макруҳ эмас. Шунингдек, пешин ва хуфтонни ўқиб олганларга ҳам. Илло, иқома пайтида макруҳдир. Иккисидан бошқасида агар иқома айтилса ҳам, чиқаверади.Бомдоднинг суннатини ўқиса, фарз жамоатига етиша олмайдиган бўлса, суннатни тарк қилади. Ким фарздан бир ракъатга етадиган бўлса ҳам, суннатини ўқийди. Бомдоднинг суннати қазосини фақат фарзига тобеъ бўлган ҳолдагина ўқийди.Икки ҳолатда ҳам пешиннинг суннатини тарк қилиб, иқтидо қилади. Сўнгра унинг қазосини бир жуфт суннатидан аввал ўқийди. Ўша иккисидан бошқаларни асло қазо қилинмайди. 

Намозни жамоат билан ўқиш ўта савобли амал. Уни аввалидан охиригача имом билан ўқилса, савоби мукаммал бўлади. Такбири таҳримани имом билан бирга айтиш катта фазилатдир.

 عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم إِنَّمَا جُعِلَ الْإِمَامُ لِيُؤْتَمَّ بِهِ، فَإِذَا كَبَّرَ فَكَبِّرُوا، وَلَا تُكَبِّرُوا حَتَّى يُكَبِّرَ، وَإِذَا رَكَعَ فَارْكَعُوا، وَلَا تَرْكَعُوا حَتَّى يَرْكَعَ، وَإِذَا سَجَدَ فَاسْجُدُوا، وَلَا تَسْجُدُوا حَتَّى يَسْجُدَ رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Имом фақат унга эргашилмоғи учун қилинган. Бас, қачон у такбир айтса, сиз ҳам такбир айтинг. У такбир айтмагунча, сиз такбир айтманг. Қачон у рукуъ қилса, сиз ҳам рукуъ қилинг. У рукуъ қилмагунча, сиз рукуъ қилманг. Қачон у сажда қилса, сиз ҳам сажда қилинг. У сажда қилмагунча, сиз сажда қилманг», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.

عَنْ أَبِي الدَّرْدَاءِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم إِنَّ لِكُلِّ شَيْءٍ أَنَفَةً، وَإِنَّ أَنَفَةَ الصَّلَاةِ التَّكْبِيرَةُ الْأُولَى، فَحَافِظُوا عَلَيْهَا

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ҳар бир нарсанинг сараси бўлади. Намознинг сараси биринчи такбирдир. Бас, уни муҳофаза қилинг», дедилар». 
Шу билан бирга, жамоатни энг охирги лаҳзасида топган кишига ҳам савоб бўлаверади. Ким имом биринчи саломни беришидан олдин такбири таҳримани айтиб қолса, жамоатни топган бўлади. Ким келганда имомнинг рукуъ қилиб турганини кўрса, тик турган ҳолда такбир айтиб, кейин рукуъга бориб, бир тасбеҳ айтиб қолса ҳам, ўша ракъатни топган бўлади. Нима бўлса ҳам, имомга иқтидо қилишга ошиқиш керак. «Мухтасари Виқоя»нинг ушбу матнлари ҳам мана шу масалага бағишланади: Киши фарз намозни бошлаганидан кейин ўша намозга иқома айтиб қолинса, агар биринчи ракъатга сажда қилмаган бўлса ёки тўрт ракъатли бўлмаган намозда сажда қилган бўлса, ўз намозини кесади ва иқтидо қилади. Бир киши бехабар ҳолда бир намозни ёки унинг қазосини ўқиётган эди. Бирдан худди ўша намозга жамоат учун иқома айтилиб қолди. Шунда у биринчи ракъатнинг саждасини қилмаган бўлса, тик турган ҳолида икки тарафга салом бериб, намозини тугатади ва бориб, жамоатга қўшилади. Бомдод ва шом намозларида биринчи ракъатнинг саждасини қилган бўлса ҳам, намозини кесиб, жамоатга қўшилади, чунки бир ўзи ўқигандан кўра жамоат билан ўқиш савоблидир.

 عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ صَلَاةُ الْجَمَاعَةِ أَفْضَلُ مِنْ صَلَاةِ الْفَذِّ بِسَبْعٍ وَعِشْرِينَ دَرَجَةً رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Жамоат намози ёлғизнинг намозидан йигирма етти даража афзалдир», дедилар».
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган. 
Шунингдек, тўрт ракъатлисида ҳам, бир ракъат қўшганидан кейин. Яъни тўрт ракъатли намознинг биринчи ракъати саждасини қилган бўлса, унга яна бир ракъат қўшиб, салом беради ва жамоатга қўшилади. Агар мазкур намоздан уч ракъатни ўқиган бўлса, уни тамом қилади ва нафлни ният қилиб иқтидо қилади. Ўша тўрт ракъатли намознинг уч ракъатини ўқиб бўлганидан кейин иқома айтилиб қолса, қолган тўртинчи ракъатни ҳам ўқийди. Намозини тамомлаб бўлганидан кейин, савоб учун нафлни ният қилиб жамоатга қўшилади. Илло, асрда буни қилмайди. Чунки асрнинг фарзини ўқиб бўлгандан кейин нафл ўқиш макруҳдир. Азон айтилган масжиддаги одам намозни ўқимай чиқиши макруҳдир. Чунки бундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари қайтарганлар.

 عَنْ أَبِي الشَّعْثَاءِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ كُنَّا مَعَ أَبِي هُرَيْرَةَ فِي الْمَسْجِدِ، فَخَرَجَ رَجُلٌ حِينَ أَذَّنَ الْمُؤَذِّنُ لِلْعَصْرِ، فَقَالَ أَبُو هُرَيْرَةَ أَمَّا هَذَا فَقَدْ عَصَى أَبَا الْقَاسِمِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ 

Абу Шаъсоа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан масжидда бирга эдик. Муаззин асрга азон айтганидан кейин бир одам чиқиб кетди. Абу Ҳурайра: «Аммо мана бу, батаҳқиқ, Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлди», деди». 
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

عَنِ الْمَسْعُودِيِّ قَالَ أَمَرَنَا رَسُولُ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم إِذَا كُنْتُمْ فِي الْمَسْجِدِ فَنُودِيَ بِالصَّلَاةِ فَلَا يَخْرُجْ أَحَدُكُمْ حَتَّى يُصَلِّيَ رَوَاهُ أَحْمَدُ 

Масъудийдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга:«Масжидда бўлсаларингиз-у, намозга азон айтилса, бирортангиз ҳам намозни ўқимагунча чиқмасин», дея амр қилганлар».
Имом Аҳмад ривоят қилган. 
Келаси жумлаларда азон айтилганидан кейин масжиддан чиқишларига рухсат берилган шахслар зикр қилинади. Бошқа жамоатни қоим қилувчига макруҳ эмас. Агар у бошқа масжиднинг имоми ёки муаззини бўлса, усиз жамоати тарқаб кетадиган бўлса, азон айтилганидан кейин ҳам чиқиб, ўз масжидига боришига рухсат. Шунингдек, пешин ва хуфтонни ўқиб олганларга ҳам. Азон айтилгани ёки айтилмаганини билмасдан пешин ва хуфтон намозларини ўқиб олган одамлар мана шу намозларга азон айтилганидан кейин чиқиб кетаверсалар бўлади. Чунки улар намозларини ўқиб бўлганлар. Илло, иқома пайтида макруҳдир. Агар фарз намозни ўзи ўқиб олган бўлса ҳам, ўтириб-ўтириб, иқома айтилгандан кейин чиқиб кетиш дуруст эмас. Бунда худди Аҳли суннанинг ортидан намоз ўқишни ўзига эп кўрмайдиган хавориж ва равофизларга ўхшаб қолади. Иккисидан бошқасида агар иқома айтилса ҳам, чиқаверади. Пешин ва хуфтон намозларидан бошқа бомдод, аср ва шом намозларининг фарзини азондан олдин ўқиб олган шахс иқома айтилганидан кейин ҳам чиқиб кетса бўлади. Чунки у жамоатга қўшилса, намози нафл бўлади. Бомдод ва асрнинг фарзидан кейин нафл ўқиб бўлмайди. Шомга ўхшаш уч ракъатли нафлнинг ўзи йўқ. Бомдоднинг суннатини ўқиса, фарз жамоатига етиша олмайдиган бўлса, суннатни тарк қилади. Чунки фарзнинг савоби суннатнинг савобидан афзал. Ким фарздан бир ракъатга етадиган бўлса ҳам, суннатини ўқийди. Бомдоднинг фарзидан бир ракъатга етиш имкони бўлса ҳам, суннатни ўқилади. Чунки шу тариқа ҳам фарзнинг, ҳам суннатнинг фазли топилади.

 عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ إِذَا جِئْتُمْ إِلَى الصَّلَاةِ وَنَحْنُ سُجُودٌ فَاسْجُدُوا، وَلَا تَعُدُّوهَا شَيْئًا، وَمَنْ أَدْرَكَ الرَّكْعَةَ فَقَدْ أَدْرَكَ الصَّلَاةَ رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالدَّارَقُطْنِيُّ 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон намозга келсангиз, биз сажда қилиб турган бўлсак, сиз ҳам сажда қилинг ва уни ҳеч нарса санаманг. Ким ракъатни топса, намозни топган бўлади», дедилар». 
Абу Довуд ва Дора Қутний ривоят қилишган. 
Масжидга кирган одам бомдоднинг суннатини ўқимаган бўлса, бир четда ўқийди. Сафнинг орқасига бориб ўқимайди. Бомдоднинг суннати қазосини фақат фарзига тобеъ бўлган ҳолдагина ўқийди. Яъни бомдоднинг ҳам фарзи, ҳам суннати қазо қилинганда фарзга қўшиб суннатнинг қазоси ҳам ўқилади. Суннатнинг ўзини қазо қилиб ўқиш йўқ. Шунинг учун нима қилиб бўлса ҳам, фарздан қолмаслик шарти ила бомдоднинг суннатини фарздан олдин ўқиб олиш лозим. Имом Муҳаммад: «Завол вақтигача бомдоднинг икки ракъат суннатини ҳам қазо қилинади», деган. Икки ҳолатда ҳам пешиннинг суннатини тарк қилиб, иқтидо қилади. Яъни бир ракъатга етадими-йўқми, барибир, имом намозни бошлаётган бўлса, пешиннинг суннатини ўқимай, фарзга иқтидо қилинади, чунки фарзни ўқиб бўлгандан кейин қолган суннатни ўқиш имкони бор. Сўнгра унинг қазосини бир жуфт суннатидан аввал ўқийди. Фарзни ўқиб бўлгандан кейин, аввал қолган тўрт ракъат суннатни ва ундан кейин икки ракъатни ўқийди. Ўша иккисидан бошқаларни асло қазо қилинмайди. Яъни бомдоднинг ва пешиннинг фарздан олдинги суннатидан бошқа суннатлар қазо қилинмайди. ("Кифоя" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat