Ассалому алайкум! Устозлар, барчангиздан Аллоҳ рози бўлсин. Саволим: қандай ҳолларда эр-хотин орасига талоқ тушади? Жанжаллашганда жаҳл билан хотинга «сени менга керагинг йўқ, уйингга кетавер» каби ва шунга ўхшаш гаплардан талоқ тушадими? Аммо «талоқ» сўзи ишлатилмаган. Жавоб учун катта раҳмат.
Ва алайкум ассалом! Боин талоқ воқе бўладиган киноя сўзлар Киноя лафзлари турлича бўлиб, «Шарҳул виқоя», «Фатаво оламгрия» ва бошқа шу каби китобларда зикр қилинган. Масалан, эр аёлига қараб, қуйидаги лафзлардан бирини айтса, улар билан бир боин талоқ воқе бўлади. Агар бир ёки икки талоқни ният қилса, бас, бир боин талоқ тушади. Агар уч талоқни ният қилса, уч талоқ воқе бўлади. У лафзлар қуйидагилар: «Бир-биримиздан айрилдик», «алоқаларимиз узилди», «алоҳида-алоҳида яшаймиз», «менга ҳаром бўлдинг», «ўзинг қолавер», «сендан безор бўлдим», «ихтиёринг қўлингда», «уйингга кет», «сени ота-онангга бағишладим», «мен сенга рухсат бердим», «ишинг қўлингда», «эркинг қўлингда», «озодсан», «ёпинчиғингни ташлаб ол», «менинг олидимда рўмолингни ўраб ол», «ўзингни мендан олиб қоч», «чиқ», «кет», «тур», «ўзингга бошқа эр топ». Эр аёлига уч марта: «Иддангни сана», деб айтиб, «Аввалгисидан бир талоқни, иккинчи, учинчисидан ҳайзни санаш муддатини айтганман», деса, эрнинг гапи эътиборга олинади ва аёлга бир ражъий талоқ воқе бўлади. Агар эр: «Уч лафзни ҳам ҳеч қандай ниятсиз айтганман», деса, уч талоқ воқе бўлади. Боин талоқ воқе бўладиган турли жумлалар Юқорида боин талоқ воқе бўладиган қоидалар ва унинг турли суратлари баён қилинди. Қуйида эса хулоса тарзида «Фатаво» ва бошқа турдаги китобларда келтирилган боин талоқнинг суратлари зикр қилинади: 1. Бир киши аёлига: «Унинг менга кераги йўқ», деса, талоқ нияти билан бир боин талоқ воқе бўлади. Аксинча бўлса, талоқ тушмайди; 2. Бир киши аёлига: «Мен сени қўйдим», деса, Муфтий Маҳмуд соҳиб раҳматуллоҳи алайҳининг қавлига биноан, ражъий талоқ воқе бўлади. Лекин баъзи фатво китобларида бу лафз воситасида бир боин талоқ воқе бўлиши зикр қилинган; 3. Бир киши аёлига уч марта: «Мен сени қўйдим, қўйдим, қўйдим», деса, бу билан бир боин талоқ воқе бўлади. Чунки боин талоқдан кейин боин талоқ воқе бўлмайди 4. Бир киши талоқни ният қилиб, аёлига: «Менга юзингни кўрсатма, энди мен билан сенинг ўртангда алоқа йўқ», деса, бир боин талоқ воқе бўлади. Аксинча, яъни талоқни ният қилмаган ҳолатда талоқ воқе бўлмайди; 5. Бир киши аёлига: «Мен билан сенинг ўртангда боғлаб турувчи бирор нарса қолмади», деб, талоқни ният қилса, бу билан бир боин талоқ воқе бўлади; 6. Бир киши аёлига: «Мен сенинг эринг эмасман, сен эса менинг хотиним эмассан», деб талоқни ният қилса, бир боин талоқ воқе бўлади; 7. Бир киши аёлига: «Қаерга кетишни хоҳласанг, кетавер», деб талоқни ният қилса, бир боин талоқ тушади; 8. Бир киши аёлига: «Сен менга ҳаромсан ёки сени ўзимга ҳаром қилдим» деб талоқни ният қилса, бир боин талоқ воқе бўлади; 9. Аёл эрига: «Менга қоидага биноан талоқ қўй, бўлмаса, бошқа эрга тегиб кетаман», деса, эр унга жавобан: «Тегмоқчи бўлсанг, тегиб кетавер», деб талоқни ният қилса, бир боин талоқ воқе бўлади; 10. Бир киши аёлига: «Хотинликдан чиқдинг», деб талоқни ният қилса, бир боин талоқ воқе бўлади; 11. Бир киши аёлига: «Сени ўзим билан олиб қолсам, ўзим билан синглим ёки онамни олиб қолган бўламан», деб талоқни ният қилса, бир боин талоқ тушади; 12. Бир киши аёлига: «Кимга эрга тегишни истасанг, тегавер», деб талоқни ният қилса, бир боин талоқ тушади; 13. Бир киши аёлига: «Ишимга ярамайсан. Ҳинддан бошқа бирор аёл менинг ишимга ярамайди», деб талоқни ният қилса, бир боин талоқ тушади; 14. Бир киши аёлига: «Рўзғоримиз бошқа-бошқа бўлди», деб талоқни ният қилса, бир боин талоқ тушади; 15. Бир киши аёлига: «Сенга ҳожатим йўқ», деб талоқни ният қилса, бир боин талоқ тушади; 16. Бир киши аёлига: «Менинг унга хоҳишим йўқ», деб талоқни ният қилса, бир боин талоқ тушади; 17. Бир киши аёлига: «Унга табиатим мойил эмас», деб талоқни ният қилса, бир боин талоқ воқе бўлади; 18. Бир киши аёлига ишора қилиб: «Мен у билан яшамайман, у менга лойиқ эмас», деб талоқни ният қилса, бир боин талоқ воқе бўлади; 19. Бир киши аёлига: «Хотиним эмассан», деб талоқни ният қилса, бир боин талоқ воқе бўлади; 20. Бир киши аёлига: «Менга алоқанг йўқ», деса, талоқ нияти билан бир боин талоқ тушади; 21. Бир киши аёлига: «Бошқа эрга тегиб ол», деб талоқ ниятида айтса, бир боин талоқ тушади; 22. Бир киши талоқни ният қилиб, аёлига: «Кет», деб айтса, бир боин талоқ тушади; 23. Бир киши аёлига: «Сен билан яшаб кетишга умидим қолмаяпти», деб талоқни ният қилса, бир боин талоқ тушади; 24. Бир киши қайнотасига: «Мен томондан рухсат, қачон хоҳласангиз, қизингизни никоҳ қилаверинг», деб талоқ ниятида айтса, бир боин талоқ воқе бўлади; 25. Бир киши аёлига: «Мен сени озод қилдим», деб уч бор айтса ва бу билан талоқни ният қилса, бир боин талоқ воқе бўлади; 26. Бир киши аёлига: «Эндиликда ўртамизда эр-хотинлик алоқаси қолмади», деб талоқ ниятида ёки талоқ зикр қилинаётган пайтда айтса, бир боин талоқ тушади. Аксинча бўлса, талоқ тушмайди; 27. Бир киши аёлига: «Мен томондан унга жавоб», деб талоқ ниятида айтса, бир боин талоқ воқе бўлади; 28. Қайнотасига: «Қизингизни олиб, кимга хоҳласангиз, ўшанга никоҳ қилиб беринг, мен унга талоқ қўйдим», деб айтса, бир боин талоқ тушади; 29. Бир киши: «Мен уни аёлим қаторидан чиқардим», деб талоқ ниятида айтса, бир боин талоқ тушади; 30. Бир киши аёлига: «Ҳаромсан», деб айтса, бир боин талоқ тушади; 31. Бир киши (қўшилиш ниятида) аёлига: «Кел», деди. Аёл: «Йўқ», деди. Шунда эр: «Ўзинг ҳам, ишинг ҳам керак эмас, кет», деб талоқ ниятида айтса, бир боин талоқ тушади; 32. Бир киши аёлига: «Хотиним эканлигинга даъвойим йўқ», деб талоқ ниятида айтса, бир боин талоқ тушади; 33. Бир киши аёлига: «Аёлимни тинч қўйдим», деб талоқ ниятида айтса, бир боин талоқ тушади; 34. Эр аёлига ишора қилиб: «Уни аёлим ҳисобламайман», деб талоқ ниятида айтса, бир боин талоқ тушади; 35. Эр ғазаб билан аёлига: «Сен озодсан», деб айтса, қазоан, бир боин талоқ воқе бўлади. Бунда ниятга эътибор қилинмайди; 36. Эр аёлига: «Мен сенга лойиқ эмасман. Қачон хоҳласанг, бошқага никоҳланавер», деб талоқ ниятида айтса, бир боин талоқ тушади; 37 . Эр аёлига: «Мен сени соф қилдим», деб талоқ ниятида айтса, бир боин талоқ тушади; 38. Эр аёлига: «Аёлим менга сингилдек. Менинг ундан бирор мақсадим йўқ», деб талоқ ниятида айтса, бир боин талоқ тушади; 39. Эр аёлига: «Никоҳимиз узилди», деб талоқ ниятида айтса, бир боин талоқ тушади; 40. Эр аёлига: «Ўртада бирор боғловчи ришта қолмади», деб талоқ ниятида айтса, бир боин талоқ тушади; 41. Куёв қайнотага: «Қизингизга ярим давлатингизни хатлаб бермасангиз, бошқа куёвингиз учун идда ўтираверсин», деб талоқ ниятида айтса, бир боин талоқ тушади; 42. Эр аёлга: «Мен томондан қўйилдинг», «чиқдинг», деб талоқ ниятида айтса, бир боин талоқ тушади; 43. Эр аёлига: «Сен мен учун тугагансан», деб талоқ ниятида айтса, бир боин талоқ тушади; 44. Жанжал пайтида аёл эридан талоғини сўради, эр: «Кетавер, шу билан жанжал тугайди», деб талоқ ниятида айтса, бир боин талоқ тушади; 45. Эр умрбод қамоққа маҳкум қилинган ҳолатда аёлига: «Сенга рухсат, менинг кичик укамга турмушга чиқавер», деб талоқ ниятида айтса, бир боин талоқ тушади; 46. Эр аёлга: «Никоҳимдан чиқдинг», деб талоқ ниятида айтса, бир боин талоқ тушади; 47. Эр аёлга тааллуқли қилиб: «Мен у билан ажрашдим», деб талоқ ниятида айтса, бир боин талоқ тушади; 48. Эр аёлга қарата: «Мен сен билан ажрашяпман», деб талоқ ниятида айтса, бир боин талоқ тушади; 49. Аёл томонидан бир киши эрга: «Уни ўзинг билан олиб қол ёки талоғини бер», деди. Шунда эр: «Олиб қолмайман», деб талоқ ниятида айтса, бир боин талоқ тушади; 50. Қайнота куёвига: «Бирор иш билан шуғулланинг», деди. Шунда куёв: «Менинг қўлимдан ҳеч нарса келмайди. Мана қизингиз, хоҳласангиз, бошқасига узатинг. Мен кетдим», деб талоқ ниятида айтса, бир боин талоқ тушади; 51. Эр аёлига талоқ ниятида: «Бор! Бир, икки, уч» деб айтса, ғализа талоқ воқе бўлади. Агар ният қилмаса, ҳеч нарса бўлмайди; 52. Эр аёлига: «Никоҳимда қолма», деб талоқ ниятида айтса, бир боин талоқ тушади. Валлоҳу аълам!