Ассалому алайкум! Мен Қозоғистонда яшайман. Бизнинг масжидда бир муаммо бўлиб қолди, шунга ойдинлик киритиб берсангизлар. Имом ортидан саф тортилгандан кейин 2 қатор сафдан сўнг устунлар жойлашган. 3-саф тортилса, устунлар орасига туришга тўғри келади. Лекин бизни жамоат “устунларни орасига туриш макруҳ, саф узилиб қолгани учун” деб, устунлар жойлашган қаторни ташлаб, кейинги қаторга туриб намоз ўқишмоқда. Бунинг масаласи қанақа бўлади?
Ва алайкум ассалом! عن عبد الحميد بن محمود قال صلينا خلف أمير من الأمراء فاضطرنا الناس فصلينا بين الساريتين فلما صلينا قال أنس بن مالك كنا نتقي هذا على عهد رسول الله صلى الله عليه وسلم وفي الباب عن قرة بن إياس المزني قال أبو عيسى حديث أنس حديث حسن صحيح Абдулҳамид ибн Маҳмуддан ривоят қилинади : “Амирларнинг бирини ортида намоз ўқиб, одамлар бизни мажбур қилиб икки устун орасида намоз ўқидик. Намозни тугатганимизда Анас ибн Молик : “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замоналарида бундай қилишдан сақланар эдик” дедилар”. Термизий ривояти. Ушбу ҳадисни далил қилиб, имом Аҳмад, имом Исҳоқ ва баъзи аҳли зоҳирлар икки устун орасида саф тортишни макруҳи таҳримий дейдилар. Моликий ва шофеъий мазҳабдагилар “кароҳиятсиз жоиз” дейдилар. Ҳанафийлардан бу борада очиқ бир ривоят йўқ. Баъзи фиқҳий иборалардан улар ҳам шофеъий ва моликий мазҳабига мувофиқ эканлиги маълум бўлади. Ҳанафийларнинг мутааххир уламолари шуни ихтиёр қилганлар. Юқоридаги ҳадисга келсак, Масжиди Набавийнинг устунлари текис бўлмасдан қийшиқроқ бўлган. Улар орасида тортилган саф текиз бўлмай, қийшиқ бўлади. Шунга биноан икки устун орасида саф тортишни макруҳ дейилган. Устунлар текис сафнинг орасида қоладиган бўлса, кароҳиятсиз жоиздир. (“Дарси Термизий” Муҳаммад Тақий Усмоний). Устуннинг икки тарафида саф тортиш Намозда масжид ичидаги устунлар саф орасига тушиб қолса, макруҳ эмас. Устуннинг икки ёнидаги сафлар, узун бўлмасада алоҳида-алоҳида саф бўлиб қолаверади. Сафнинг ўртасига устун тўғри келиб қолиши, орага бирор нарса қўйилган кабидир. Бу иқтидонинг дурустлигини ман қилмайди, кароҳиятни ҳам вожиб қилмайди. Саф уланиши учун устунни олд тарафига бирор киши туриб олса, лекин устун сабабидан сафдан бироз чиқиб қолса жоиз эмас. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафни текис қилишга қаттиқ эътибор берганлари учун. http://savollar.islom.uz/smf/index.php?topic=33613.0 Бир саф ташлаб намоз ўқиш макруҳдир. Валлоҳу аълам!