Ассалому алайкум! Мен масжидга кирсам Ассалому алайка я расулуллоҳ деб кираман. Шу тўғрими?
Ва алайкум ассалом! Нотўғри. Аслида қуйидагича бўлади. عَنْ فَاطِمَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم إِذَا دَخَلَ الْمَسْجِدَ صَلَّى عَلَى مُحَمَّدٍ وَسَلَّمَ وَقَالَ: رَبِّ اغْفِرْ لِي ذُنُوبِي وَافْتَحْ لِي أَبْوَابَ رَحْمَتِكَ، وَإِذَا خَرَجَ صَلَّى عَلَى مُحَمَّدٍ وَسَلَّمَ وَقَالَ: رَبِّ اغْفِرْ لِي ذُنُوبِي وَافْتَحْ لِي أَبْوَابَ فَضْلِكَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ Фотима розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кирсалар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот ва саломлар айтар эдилар ва: «Робби иғфир лий зунубий вафтаҳ лий абваба роҳматика», дер эдилар». Чиқсалар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот ва салом айтар эдилар ва: «Робби иғфир лий зунубий вафтаҳ лий абваба фазлика», дер эдилар». Термизий ривоят қилган. Шарҳ: Ушбу ҳадисда масжидга кирганда ва чиққанда айтиладиган дуолар бир оз батафсилроқ баён қилинмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кирганларида ҳам, чиққанларида ҳам аввало ўзларига саловот ва саломлар юборар эканлар. Биз, умматлари ҳам шундай қилмоғимиз керак. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кираётиб, саловот ва саломдан кейин: «Аллоҳим, менинг гуноҳларимни мағфират қилгин ва менга раҳматинг эшикларини очгин», дер эканлар. У зот бобаракот масжиддан чиқаётиб, саловот ва саломдан кейин: «Эй бор Худоё, менинг гуноҳларимни мағфират қилгин ва менга фазлинг эшикларини очгин», дер эканлар. Биз ҳам ушбу дуоларни ёдлаб олиб, доимо ўқиб юришимиз лозим. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!