Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

салом бериш хакида

05:21 / 18.01.2017 | Умид | 3765

Ассалому алайкум! Берган саломингизга киёматда ер гувох утади деб эшитган эдим шу хакида айтиб утсангиз


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Фуссилат” сурасида :

وَيَوْمَ يُحْشَرُ أَعْدَاء اللَّهِ إِلَى النَّارِ فَهُمْ يُوزَعُونَ۝ 

19. Аллоҳнинг душманлари оловга жамланадиган, улар тизиб қўйиладиган Кунда...
Бу Кун қиёмат кунидир. Ўша куни Аллоҳнинг душмани бўлмиш кофирлар маҳшарга тўпланадилар. Улар дўзахга ташланишлари учун жамланадилар. Сўнгра бир-бирларига етиб олишлари учун аввалгилари тўхтатилиб, охиргилари суриб келинади.

حَتَّى إِذَا مَا جَاؤُوهَا شَهِدَ عَلَيْهِمْ سَمْعُهُمْ وَأَبْصَارُهُمْ وَجُلُودُهُمْ بِمَا كَانُوا يَعْمَلُونَ۝ 

20. Ниҳоят, унга етиб келишгач, қулоқлари, кўзлари ва терилари қилиб ўтган нарсалари ҳақида уларга қарши гувоҳлик берадилар.
Аллоҳнинг душманлари бўлган кофирлар жаҳаннам томон ҳайдалганларидан кейин, жаҳаннамга етиб келишгач, гуноҳлари ҳақида қулоқлари, кўзлари ва терилари уларга қарши гувоҳлик беради.

وَقَالُوا لِجُلُودِهِمْ لِمَ شَهِدتُّمْ عَلَيْنَا قَالُوا أَنطَقَنَا اللَّهُ الَّذِي أَنطَقَ كُلَّ شَيْءٍ وَهُوَ خَلَقَكُمْ أَوَّلَ مَرَّةٍ وَإِلَيْهِ تُرْجَعُونَ۝ 

21. Ва териларига: «Нима учун бизга қарши гувоҳлик бердингиз?» – дедилар. (Терилари:) «Ҳар бир нарсани нутқ қилдирган Аллоҳ бизни ҳам нутқ қилдирди. У Зот сизларни аввал бошда яратган ва Унгагина қайтарилурсизлар», – дедилар.
Қиёмат куни кофирларнинг ўз тана аъзолари ўзларига душман бўлди. Қулоқлари, кўзлари ва терилари уларга қарши гувоҳлик берди. Бу ҳолдан уларнинг ўзлари ҳам ҳайратга тушдилар.
«Ва териларига: «Нима учун бизга қарши гувоҳлик бердингиз?» – дедилар».
Улар, ўзларича, Аллоҳ бизнинг амалларимизни кўриб ўтирибдими, деб юрган эдилар. Терилари ишни расво қилиб, ҳамма нарсани айтиб қўйиб, шарманда этди. Ўзининг териси бўла туриб ҳам шундай қиладими? Аччиқлари чиқиб, териларидан нима учун ўзларига қарши гувоҳлик берганларини сўраган эдилар,
«(Терилари:) «Ҳар бир нарсани нутқ қилдирган Аллоҳ бизни ҳам нутқ қилдирди», – деб жавоб беришди.
Биз ўзимизча гапириб кетаверганимиз йўқ, бизни Аллоҳ гапиртирди. У ҳамма нарсани гапиртирадиган Зотдир. Нима, сизлар бу ҳақиқатни билмайсизларми?
«У Зот сизларни аввал бошда яратган ва Унгагина қайтарилурсизлар», – дедилар».
Аллоҳ сизларни йўқдан бор қилган Зот-ку, нима учун Унга душман бўлдингиз ўзи?! Охир-оқибат қайтиб борадиган жойингиз ҳам фақат Аллоҳнинг даргоҳи-ку! Нима учун Унга иймон келтирмадингиз?! Нима учун Унга ибодат қилмадингиз?! Яна «Нима учун бизга қарши гувоҳлик бердингиз?» – дейсизлар!

وَمَا كُنتُمْ تَسْتَتِرُونَ أَنْ يَشْهَدَ عَلَيْكُمْ سَمْعُكُمْ وَلَا أَبْصَارُكُمْ وَلَا جُلُودُكُمْ وَلَكِن ظَنَنتُمْ أَنَّ اللَّهَ لَا يَعْلَمُ كَثِيرًا مِّمَّا تَعْمَلُونَ۝ 

22. Қулоғингиз, кўзларингиз ва териларингиз ўзингизга қарши гувоҳлик беришларидан яширинмас эдингиз. Лекин Аллоҳ қилаётган амалларингизнинг кўпини билмас, деб гумон қилар эдингиз.
Сиз гуноҳ ишларни қилаётган вақтингизда, баъзи одамлар гувоҳ бўлиб қолмасин деб, улардан беркинсангиз ҳам, қулоқ, кўз ва териларингиздан беркина олмас эдингиз, бизга қарши гувоҳлик бермайди, деб ўйлардингиз. Умуман олганда, қилаётган гуноҳларимизни Аллоҳ кўрмайди, деб гумон этар эдингиз. Шу сабабли бемалол гуноҳларни қилавергансиз.

وَذَلِكُمْ ظَنُّكُمُ الَّذِي ظَنَنتُم بِرَبِّكُمْ أَرْدَاكُمْ فَأَصْبَحْتُم مِّنْ الْخَاسِرِينَ۝

23. Роббингиз ҳақида қилган гумонингиз сизни ҳалокатга учратди. Бас, зиён кўрувчилардан бўлдингиз.
Аллоҳ ҳақида, бизнинг гуноҳларимизни кўрмайди, деб қилган гумонингиз сизни ҳалокатга дучор қилди. Мана, энди зиёнкорлардан бўлиб, дўзахга тушиб турибсиз.

“Залзала” сурасида :

إِذَا زُلْزِلَتِ الْأَرْضُ زِلْزَالَهَا۝ 

1. Вақтики, ер ўзига хос зилзилага тушса...  

وَأَخْرَجَتِ الْأَرْضُ أَثْقَالَهَا۝

2. Ва ер ўз юкларини отиб чиқарса...  

وَقَالَ الْإِنسَانُ مَا لَهَا۝

3. Ва инсон: «Унга нима бўлди?!» – деса... 

يَوْمَئِذٍ تُحَدِّثُ أَخْبَارَهَا۝ 

4. Ўша Кунда у (ер) ўз хабарларини айтадир. 
Яъни ўша шиддатли ва ўта қўрқинчли қиёмат кунида ер ўз устида қилинган яхшилик ва ёмонликларнинг ҳаммасининг хабарини айтиб беради. Ўша кунда ер ҳар бир инсоннинг ўз устида нима ишлар қилгани ҳақида батафсил хабар беради.
Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар айтилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ўша кунда у (ер) ўз хабарларини айтадир» оятини қироат қилдилар ва:
– Унинг хабари нималигини билмайсизларми? – дедилар.
– Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ, – дейишди.
– Албатта, унинг хабари ҳар бир банда ва чўрига ўз устида нима қилгани ҳақида гувоҳлик беришидир. «У фалон куни фалон-фалон ишни қилди», деб айтадир. Бас, ана шулар унинг хабарларидир, – дедилар у зот.
Имом Тобароний ривоят қилган ҳадисда эса: «Ердан ҳушёр бўлинг¬лар. Зотан, у онангиздир. Албатта, унинг устида қайси бир яхши ёки ёмон амал қилувчи бўлса, у, албатта, анинг хабарини берувчидир», – дейилган.
Ернинг бундай қилиши

بِأَنَّ رَبَّكَ أَوْحَى لَهَا۝ 

5. Сенинг Роббинг унга ваҳий юборгани учундир.
Яъни ернинг изтиробга тушгани, ичидаги нарсаларни отиб чиқаргани ва ўз устида ҳар бир инсоннинг қилган барча ишлари ҳақида хабар бериши Аллоҳ таоло унга амр қилгани учун бўлади. Ўз-ўзидан бўлмайди, албатта.

يَوْمَئِذٍ يَصْدُرُ النَّاسُ أَشْتَاتًا لِّيُرَوْا أَعْمَالَهُمْ۝ 

6. Ўша Кунда одамлар амалларини кўриш учун жойларидан алоҳида алоҳида бўлиб қўзғалурлар.
Яъни қиёмат куни одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб – мўминлар алоҳида, кофирлар алоҳида – жойларидан қўзғаладилар. Кейин бу дунёда қилган ишларига яраша мукофот ёки жазо оладилар.

فَمَن يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ خَيْرًا يَرَهُ۝  وَمَن يَعْمَلْ مِثْقَالَ ذَرَّةٍ شَرًّا يَرَهُ۝ 

7. Бас, ким зарра вазнича яхшилик қилса ҳам кўрадир.
8. Ва ким зарра вазнича ёмонлик қилса ҳам кўрадир.
Яхшиликнинг ҳам, ёмонликнинг ҳам катта-кичиги бўлмайди. Ҳаммасининг ҳисоб-китоби бўлади, қиёматда жавоб бериш керак.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қиладилар: Соъсоъа ибн Муовия исмли одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганда, ул ҳазратлари унга «Фаман яъмал мисқола зарротин хойрон яроҳ, ва ман яъмал мисқола зарротин шарран яроҳ»ни ўқиб берганларида, у: «Бундан бошқа нарсани эшитмасам ҳам, менга шунинг ўзи етарли», – деган экан.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир хурмонинг ярми ёки бир оғиз ширин сўз билан бўлса ҳам, ўзларингизни дўзахдан сақланглар», – деганлар. Яъни бу яхшиликнинг кичиги бўлмайди, деганларидир.
Бошқа бир ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кўзга илинмайдиган гуноҳлардан сақланинглар, чунки улар тўпланиб, кишини ҳалок қилади», – деганлар.
Ҳар доим, кўзга кўринмас зарра миқдорида бўлса ҳам яхшиликни қилиб, шунингдек, кўзга кўринмас зарра миқдорида бўлса ҳам ёмонликдан қочиш керак. (“Тафсири Ҳилол” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat