Ассалому алайкум! Яҳудийлар нега ўзларини танланган одамлар деб ҳисоблашади?
Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида марҳамат қилади :
يَا بَنِي إِسْرَائِيلَ اذْكُرُواْ نِعْمَتِيَ الَّتِي أَنْعَمْتُ عَلَيْكُمْ وَأَنِّي فَضَّلْتُكُمْ عَلَى الْعَالَمِينَ
47. Эй Бану Исроил, сизга инъом этган неъматларимни ва Мен сизларни оламлардан афзал қилиб қўйганимни эсланг! Ўша пайтларда пайғамбарлар, илоҳий китоблар ва бошқа афзалликлар Бану Исроилга берилган эди. Лекин улар бу неъматларга шукр этмадилар, аҳдга вафо қилмадилар. Шундан сўнг Аллоҳ уларни лаънатлади, ғазаб қилди ҳамда уларга хорлик ва зорликни раво кўрди. Бу оятда уларнинг афзал бўлганликларини эслатишдан мақсад Исломни кўрсалар, иймон йўлига юрсалар, яна қайтадан ўша афзалликларга эришишлари мумкинлигини эслатишдир.يَا بَنِي إِسْرَائِيلَ اذْكُرُواْ نِعْمَتِيَ الَّتِي أَنْعَمْتُ عَلَيْكُمْ وَأَنِّي فَضَّلْتُكُمْ عَلَى الْعَالَمِينَ
122. Эй Бану Исроил, сизга инъом этган неъматларимни ва Мен сизларни оламлардан афзал қилиб қўйганимни эсланг! Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Бану Исроилга аввалги оятларда қилган эслатмаларини умумлаштирмоқда. Юқорида ўтган оятларда «Уни эсланг, буни эсланг», деб, ҳар оятда биттадан неъмат зикр қилинган эди. Энди эса: «Эй Бану Исроил, сизга инъом этган неъматларимни... эсланг!» – деб ҳамма неъматлар бирдан эслатилмоқда. Шу билан бирга, Бану Исроилга яна алоҳида эътибор бўлганини ҳам эслатиб: «…Мен сизларни оламлардан афзал қилиб қўйганимни эсланг!» – деб айтилмоқда. Ушбу жумлада зикр қилинган «Бану Исроилни оламлардан афзал қилиб қўйиш» ўша даврга хосдир. Яҳудийларнинг ўзлари даъво қилганларидек, бу дунё-ю, у дунёнинг абадий афзаллиги эмас. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло маълум муддат уларни оламлардан афзал қилиб қўйди. Лекин яҳудийлар ўз нобакорликлари ила сийлашга арзимасликларини кўрсатдилар ва Аллоҳ таолонинг лаънатига учрадилар. Шундай бўлса ҳам, Аллоҳ таолонинг даргоҳи кенглиги учун яна бир бор уларни қиёмат кунидан қўрқишга, ўзларини ўнглаб олишга ундамоқда. Улар бу неъматларни қадрламаган эди, “Моида” сурасида :فَبِمَا نَقْضِهِم مِّيثَاقَهُمْ لَعنَّاهُمْ وَجَعَلْنَا قُلُوبَهُمْ قَاسِيَةً يُحَرِّفُونَ الْكَلِمَ عَن مَّوَاضِعِهِ وَنَسُواْ حَظًّا مِّمَّا ذُكِّرُواْ بِهِ وَلاَ تَزَالُ تَطَّلِعُ عَلَىَ خَآئِنَةٍ مِّنْهُمْ إِلاَّ قَلِيلاً مِّنْهُمُ فَاعْفُ عَنْهُمْ وَاصْفَحْ إِنَّ اللّهَ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ
13. Аҳду паймонларини бузганлари учун уларни лаънатладик ва қалбларини қаттиқ қилдик. Улар калималарни ўз ўрнидан ўзгартирурлар. Ўзларига эслатилган нарсалардан кўп улушни унутдилар. Уларнинг озгиналаридан бошқаларини мудом хиёнат узра кўрасан. Бас, уларни афв эт ва ўтиб юбор. Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севадир. Бану Исроил яҳудийлигига борди. Ҳатто Аллоҳ таоло билан бўлган аҳдномани ҳам бузди. Уни бажо келтирмади. Намозни қоим қилмади. «Намоз» деб аталмиш улуғ ибодатни Аллоҳ айтганидек эмас, ўзлари хоҳлаганларидек бузиб адо этадиган бўлишди. Закот бериш у ёқда турсин, ҳамма иқтисодий алоқаларга ҳаром-харишни қўшдилар. Одамларнинг молини ботил йўл билан ейишни жорий қилдилар. Аллоҳнинг барча пайғамбарларига бирдай иймон келтиришмади, аксинча, уларнинг кўпчилигини ҳақорат қилдилар. Иғво ва бўҳтонлар ёғдирдилар. Ҳатто Закариё, Яҳё алайҳиссалом кабиларни ўлдиришгача бориб етдилар. Ийсо алайҳиссаломни ўлдирдик, деб даъво қилдилар. Охирги Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам ўлдиришга ҳаракат қилдилар. Аллоҳга яхши қарз бериш тугул, бандага ҳам яхши қарз бермадилар. Бутун дунё бўйича қарз беришда рибохўрликни йўлга қўйдилар. Мазкур бузғунчиликлари ва яна бошқа жиноятлари учун Аллоҳ таоло уларни лаънатлади – Ўз раҳматидан қувди. Аллоҳ таоло уларнинг қалбларини қаттиқ қилиб ҳам қўйди. Шу сабабдан озгиналаридан бошқа аксариларининг қалбларига ҳидоят нури ҳам кирмайди. Аҳдномани бузишнинг баъзи кўринишлари ояти кариманинг ўзида ҳам зикр қилинган: «Улар калималарни ўз ўрнидан ўзгартирурлар». Калималарни – сўзларни ўзгартириш деганда Таврот назарда тутилмоқда. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга Ўзининг самовий китоби бўлмиш Тавротни нозил қилганда, Бану Исроилдан бу китобни муҳофаза қилиш, қандай нозил бўлган бўлса, шундай сақлаш ҳақида аҳднома олган эди. Аммо бундай бўлмади. Яҳудий тарихчиларнинг ўзлари айтишларича, асл Таврот йўқолганига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Яҳудийлардан бирор киши Тавротни ёдламагани ҳам ҳақиқатдир. Ҳозирги кунда яҳудийлар «Мусо алайҳиссаломдан қолган», деб олиб юрган беш китобдан иборат Талмуд эса Тавротнинг қандай ёзилганлиги, уни сақлаш ҳақида аҳднома олинганлиги каби ишларни ҳикоя қилади. Яҳудийларнинг ўзлари таъкидлашларича, Таврот бобилликлар яҳудийларни асир олган пайтларда йўқолган. Бу ҳам етмагандек, улар калималарни ўз ўрнидан ўзгартирганлар. Яъни баъзи лафзларнинг ўзини, баъзиларининг маъноларини ўзгартирганлар. Яна бошқа бирларини эса асл маънодан бошқа маънога бурганлар. Улар яна: «Ўзларига эслатилган нарсалардан кўп улушни унутдилар». Яъни Аллоҳ томонидан уларга келган Тавротдаги ва бошқа эслатмаларни қасддан эсларидан чиқардилар. Оятнинг давомида Аллоҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб: «Уларнинг озгиналаридан бошқаларини мудом хиёнат узра кўрасан», – дейди. Аллоҳ ҳидоятга солиб, Исломни қабул қилган яҳудийларни эътиборга олмаганда, хиёнат уларнинг асосий сифатлари ҳисобланади. Улар румликларга ҳам, форсликларга ҳам хиёнат қилганлар. Доим яхшилик кўришларига қарамай, мусулмонларга қайта-қайта хиёнат қилганлар. Лекин шунга ҳам қарамай, Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига: «Бас, уларни афв эт ва ўтиб юбор», – демоқда ва орқасидан: «Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севадир», – деб хушхабар бермоқда. Бу ҳукм ушбу оят нозил бўлган вақтга хос ва муносиб ҳукм эди. Кейинчалик Аллоҳ таоло Пайғамбарига уларни Мадинаи Мунавварадан ва Арабистон ярим оролидан бутунлай ҳайдаб чиқаришни амр қилди. ("Тафсири ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!