Ассалому алайкум! Узтозлар, агар инсонни ўгай онаси бўлса, сўнгра отаси вафот этганда сўнг ўгай она бошқа турмуш қурса ва турмушдан қайта ажрашгандан сўнг, ўгай фарзанди уни никоҳлаб олса бўладими? Яъни ўгай онани?
Ва алайкум ассалом! Бўлмайди. Ўғлига, отанинг ўз онасидан бошқа аёллари ҳам мутлоқ ҳаром ҳисобланади. Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида марҳамат қилади :
وَلاَ تَنكِحُواْ مَا نَكَحَ آبَاؤُكُم مِّنَ النِّسَاء إِلاَّ مَا قَدْ سَلَفَ إِنَّهُ كَانَ فَاحِشَةً وَمَقْتًا وَسَاء سَبِيلاً
22. Оталарингиз ўз никоҳларига олган аёлларни никоҳингизга олманг! Аввал ўтган бўлса, майли. Албатта, у фаҳш иш, жирканч ва жуда ҳам ёмон йўлдир! Жоҳилият даврида ўгай онага уйланиш одати бор эди. Бу кўпинча «азл»га – аёлларни зулм ила беҳуда тутиб туришга ҳам сабаб бўлар эди. Чунки аксар ҳолатларда боланинг катта бўлиб, вояга етишини, сўнгра отасининг хотинига – ўгай онасига уйланишини кутишга тўғри келар эди. Агар ўғил отаси ўлган пайтда вояга етган бўлса, ўгай онаси унга мерос тариқасида хотин бўлиб қолар эди. Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилиб, бу ишни ҳаром этди. «Оталарингиз ўз никоҳларига олган аёлларни никоҳингизга олманг! Аввал ўтган бўлса, майли». Яъни ушбу ояти карима нозил бўлганидан кейин ўғил отанинг никоҳида бўлган аёлга никоҳланиши тамоман ҳаром этилди. Агар бу иш ояти карима нозил бўлишидан олдин, жоҳилият одатига кўра содир этилган бўлса, кечирилади. Аллоҳ таоло мусулмонларга ўз оталари уйланган аёлга уйланишни шу йўл ила ҳаром этди. Ҳаром этганда ҳам, ўғилнинг отасининг никоҳида бўлган аёлларга уйланиши мумкин эмаслигини эълон қилиб қўйиш билангина кифояланмай, бу иш Аллоҳнинг ғазабини чиқарадиган ғазабнок иш эканини айтиб, уни «жуда ҳам ёмон йўлдир», деб таърифлади. «Албатта, у фаҳш иш, жирканч ва жуда ҳам ёмон йўлдир!» Ҳақиқатан ҳам, бу иш инсонгарчиликка ҳам тўғри келмайди. Чунки ота билан муқаддас алоқада бўлган аёл ўғилга она ҳисобланади. Отасининг ҳурмати бор, ахир! Иккинчидан, одатда эр ўз хотинининг биринчи эрини ёмон кўради. Агар ўғил отасининг хотинига уйланса, марҳум отасига муносабати қандай бўлади? Оятнинг бу ишни ғоят катта разолат деб таърифлашининг боиси ҳам шу. Бу ишни қилган одамга нисбатан кўриладиган чора ҳам ниҳоятда қаттиқ – ким шундай разолатга ботса, диндан қайтган ҳисобланади. Ўзи ўлдирилади, молу мулки мусулмонларнинг байтул молига қўшилади. Имом Аҳмад ва «Сунан» деб номланган тўрт машҳур китоб соҳиблари Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан, у киши ўз тоғалари Абу Бурдадан ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини отасидан кейин ўгай онасига уйланган бир одамга юбориб, уни ўлдириб, молини олиб келишга амр қилганлар. Имом Аҳмад ривоят қиладилар: «Баро ибн Озиб айтадики: «Олдимдан амаким (Ҳорис ибн Умайр) Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам берган байроқни кўтариб, ўтиб қолди. Унга: – Ҳа, амаки, Набий алайҳиссалом сизни қаёққа юбордилар? – деб сўрадим. У киши: – Отасининг хотинига уйланган кишига юбордилар. Унинг калласини олишга амр қилдилар, – деди». Кўриниб турибдики, Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан келган ривоят икки хил бўлиб, бири тоғалари Абу Бурдадан, иккинчиси амакилари Ҳорис ибн Умайрдан экан. ("Тафсири ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!