Ассалому алайкум! Аллоҳ таоло осмонда дeйиш, унга макон бeрган ҳисобига ўтиб куфр кeлтирган бўламизми? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло ёнига чиқишда Жаброил алайҳиссалом учар жонзот билан осмонга кўтарганлиги ҳақида биламиз. Бу аниқ далил бўла олмайдими? Саволим бир ҳикматли сўздан кeлиб чиқябди. Иқтибос: «Ердаги жонзотларга раҳм қил, шунда юқоридаги зот сeнга раҳм қилади» дeган. Олдиндан раҳмат.
Ва алайкум ассалом! Али розияллоҳу анҳудан шу ҳақида сўралганида : “Аллоҳ таоло Арш ва бутун махлуқотларни яратишдан олдин ҳам мавжуд эди, ҳозир ҳам ўша мавжуд бўлганидекдир” деганлар. "Арш тепасида", "Самода" маъносидаги оят ва ҳадислар муташобиҳ бўлиб, уларни ҳақлигига иймон келтирамиз, нимани ирода қилганлигининг илмини Ўзига ҳавола қиламиз. Аллоҳ таолони бирор маконда дейишдан сақланамиз. “Ақийдатут-Таҳовия шарҳининг талҳийси” китобида :
وَتَعَالَى عَنِ الْحُدُودِ وَالْغَايَاتِ، وَالْأَرْكَانِ وَالْأَعْضَاءِ وَالْأَدَوَاتِ، لَا تَحْوِيهِ الْجِهَاتُ السِّتُّ كَسَائِرِ الْمُبْتَدَعَاتِ
44. У Зот чегаралар, ниҳоялар, арконлар, аъзолар ва асбоблардан олийдир. У Зотни бошқа пайдо бўлган нарсаларга ўхшаб, олти тараф ўрай олмас. Шарҳ: Шарҳни бошлашдан олдин ижобий ва салбий сифатлар баҳсида машъала бўлиши учун Имом Валиюллоҳ Деҳлавийнинг Аллоҳнинг сифатларига иймон ҳақидаги гапларини зикр қилайлик: «Билки, Ҳақ таоло ақл етадиган ва ҳис қилинадиган нарсага қиёс қилинишдан; ёки жисмларда бўладиган хоссаларга (ҳарорат, ўлчам, ҳажм каби сифатларга) эга бўлишдан; ёки омманинг ақли У Зотни таҳлил қилишидан ёки урфий лафзлар ифода қилишидан устундир... Шунинг учун қуйидагилар вожиб бўлади: 1. Сифатлар дастлаб вужудга келадиган маънода эмас, уларнинг мақсади маъносида ишлатилади. Мисол учун, «раҳмат» – қалбнинг юмшаши маъносида эмас, неъматларни кўплаб бериш маъносида бўлиши керак. Билки, ҳамма сифатларда ҳам дастлаб вужудга келадиган маъно эмас, уларнинг мақсади ирода қилинавермайди. Агар ундай бўлса, мўътазилийларга ўхшаб, ҳамма сифатларни инкор қилиш лозим бўлиб қолади. Аммо биз айтган нарсада дастлабки маъноси нуқсонга далолат қиладиган ғазаб ва раҳматга ўхшаш сифатлар кўзда тутилмоқда. 2. Аллоҳ таолонинг жамики махлуқотларини Ўзига бўйсундиришини подшоҳ ўз шаҳрини ўзига бўйсундириб олганига истиора қилишга ўхшаш лафзларни ишлатиш лозим. Чунки бу маънода шундан кўра фасоҳатлироқ маъно – ибора йўқдир. 3. Ўхшатишлар уларнинг ўзини қасд қилмаган ҳолда ишлатилмоғи лозим. Балки урфда уларга муносиб бўлган маънолар қасд қилинмоғи керак. Мисол учун, қўлни чўзишдан сахийлик қасд қилингани каби. Яна бир шарт шуки, бу мухотаб (яъни хитоб қилинаётганлар) учун очиқ-ойдин ҳайвоний қудратларни англатмаслиги керак. Бу эса мухотабнинг ҳолига қараб ўзгариб туради. Бас, Аллоҳ кўради, эшитади, дейилади. Аммо татиб кўради, силаб кўради, дейилмайди. 4. Бирор нарсада барча маъноларни ифодаловчи бир исмга иттифоқ қилинган бўлса, У Зотни ўша исм билан номланади. Масалан, Розиқ, Мусаввир. 5. Аллоҳ таолога У Зотга лойиқ бўлмаган нарсалар, хусусан, золимларнинг У Зот ҳақида гапирган нарсалари нисбат берилмаслиги керак. Самовий динларнинг барчаси сифатларни шу тариқа баён қилишда иттифоқ бўлганлар. Шунингдек, ўша ибораларни ўз ўрнида ишлатишга, истеъмол қилишдан нарига буриб баҳс қилмасликка иттифоқ қилганлар. Яхшилиги ҳақида гувоҳлик берилган асрлар шундай ўтди. Сўнгра мусулмонлардан бир тоифаси уларни кучли ҳужжат-далилсиз баҳс қилишга, маъноларини тадқиқ қилишга шўнғидилар» («Ҳужжатуллоҳил Болиға» 1-жилд, 131-132-бетлар). Энди имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳининг гапини шарҳ қилишга қайтайлик. У киши раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «У Зот чегаралар...» деган гапи ила Аллоҳ таоло Уни бирортаси ўз чегараси билан иҳота қилишидан олий эканини таъкидламоқда. Чунки У Зот Ўз махлуқотларидан ажралиб туради, улардан тамоман ўзгачадир. Абдуллоҳ ибн Муборакдан: «Роббимизни нима ила таниймиз?» деб сўралганда, у киши: «У Зот Аршда экани ва Ўз махлуқотларидан ажраб туриши билан», деганлар. Билки, агар «чегара» деганда бир нарсанинг бошқалардан ажралиб туриш белгилари кўзда тутилган бўлса, буни Аллоҳ таолодан рад қилиш тўғри эмасдир. Чунки бу Роббининг мавжудлигини ва Унинг ҳақиқатини рад қилишга олиб келадиган нарсадир. Агар «чегара»дан мурод бирор нарсанинг зотини ва улардан таркиб топган қавлни билиш бўлса, ҳеч шак-шубҳа йўқки, Аҳли сунна иттифоқи ила у нарса Аллоҳ таолога нисбатан манфийдир. «Ниҳоялар»дан мурод жисмларга хос бўлган тугаш нуқталаридир. Аллоҳ таоло нарсаларнинг ҳақиқатини баён қилувчи чегаралар иҳотасидан ҳам олий – устун бўлганидек, ниҳояларнинг иҳотасидан ҳам олийдир. Чунки жисмнинг ниҳояси сатҳдир. Сатҳнинг ниҳояси чизиқдир. Чизиқнинг ниҳояси нуқтадир. Бу нарсаларнинг ҳаммаси жисмларга хосдир. Аллоҳ таолони чегара ёки ниҳоянинг баёни билан таниб бўлмайди. У Зотни сифатларидан, афъолларидан ва пайғамбарларининг баёнидан танилади. Шунингдек, Аллоҳ таоло аркон, аъзо ва асбоблардан ҳам олийдир. «Арконлар»дан олийлигига келсак, рукн моҳиятнинг бир бўлагидир. Аллоҳ таоло эса яккаю ёлғиздир, бўлакларга бўлинмас. «Аъзолар»дан олийлигига келсак, унда ҳам бўлиниш ва парчаланиш маъноси бордир. Аллоҳ таоло бундай нарсалардан олийдир. Шу маънода Аллоҳ таоло: «Қуръонни парча-парча қилганларга», (Ҳижр сураси, 91-оят) деган. Яъни уни бўлак-бўлак, қисм-қисм қилиб, бир қисмини қабул қилиб, бир қисмини инкор қилишди (Қуръонни парчалаб бўлмаслиги Аллоҳ таолони ҳам бўлакларга парчалаб бўлмаслигига далилдир). «Асбоб» эса манфаат топиш ёки зарарни даф қилиш учун ишлатиладиган нарсадир. Бу маънони ҳеч қачон Аллоҳга нисбатан ишлатиб бўлмайди. Шунингдек, Аллоҳ таолони ўнг, чап, уст, ост, олд ва ортдан иборат олти тараф ҳам иҳота қила олмайди. Аллоҳ таолони махлуқотлардан ҳеч бири иҳота қила олмайди ва чегаралай олмайди. Олти тараф хоҳ нисбий, хоҳ ҳақиқий маънода бўлсин, махлуқотларга хос нарсадир. Аммо уст ҳақида гап кетганда, макон эътибори ила гап кетадиган бўлса, Аллоҳ таоло бундан покдир. Агар мартаба, устунлик ҳақида гап кетадиган бўлса, у маънони Аллоҳдан рад қилиш нотўғридир. Чунки У Зот мартаба жиҳатидан оламнинг ҳаммасидан устундир. Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ таоло Уни махлуқларидан бирор нарса иҳота қилишидан ва бирор нарсага мухтож бўлишдан покдир. Жумладан, Арш ёки ундан бошқасига. Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бунга далилдир:إِنَّ اللَّهَ هُوَ الْغَنِيُّ الْحَمِيدُ
«Албатта, Аллоҳ Ўзи ўта беҳожатдир, ўта мақталгандир». (Луқмон сураси, 26-оят).وَرَبُّكَ الْغَنِيُّ ذُو الرَّحْمَةِ
«Ва Роббинг беҳожатдир, раҳмат соҳибидир». (Анъом сураси, 133-оят).وَاللَّهُ الْغَنِيُّ وَأَنتُمُ الْفُقَرَاء
«Ва ҳолбуки, Аллоҳ беҳожат, сизлар муҳтожсизлар». (Муҳаммад сураси, 38-оят).اللَّهُ الصَّمَدُ
«Аллоҳ сомаддир». (Ихлос сураси, 2-оят). Яъни ҳамма нарса Унга муҳтождир, У Зот ҳеч нарсага муҳтож эмасдир. Валлоҳу аълам!