Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Аҳли китоблар ҳақида

23:47 / 26.12.2017 | MUHAMMADJON | 11218

Ассалому алайкум! Мен билан ҳамкасбим Дилёрбек бир масалада тортишиб қолдик. Дилёрбек мендан “Кофир ким?” деб сўради. Мен “Иймон келтирмаган” дедим. У “Яхудий ва Насроний динидагиларчи?” деди. Мен “улар ҳам” десам, Дилёрбек “Улар кофир эмас” деди. Мен “Улар кофир бўлмаса, уларни аҳли китоблар дейди” дедим. Дилёрбек бўлса, “Улар ҳам жаннатга киради” деди. Мен “Улар жаннатга кирмайди” десам, Дилёрбек “Нега кирмас экан, ахир у динни ҳам Аллоҳ юборган у ҳам Аллоҳни дини. У диндагилар ҳам жаннатга киради” деди. Мен кирмайди деб билганимча бир-икки далиллар ва мисоллар келтиришга ҳаракат қилдим. Бизни тортишувимизга бошқа кўплаб ҳамкасбларимиз аралашди. Ярми мен томон, ярми у томон. Айтишаяптики, “Нима уларни айби Америка, Россия ёки бошқа давлатида туғилиб қолганими? Сиз билан бизнинг ота-боболаримиз мусулмон бўлгани учун биз мусулмонмиз бўлмаса биз ҳам бошқа динга эътиқод қилиб юрган бўлардик” деб мени оғзимни очишга ҳам қўйишмади. Бу бахсимиз узоқ давом этди, мен қисқартирдим. Мени билганим дин борасида бу даражада кўп тортишиб бўлмаслиги. Охири улар билан сиз аҳли илмларга савол билан мурожаат қилиб батафсил жавоб олишга келишиб бу тортишувни тўхтатдик. Сизлардан илтимос бу масаланинг жавобини юборинглар телеграмм тармоғида бошқа ҳамкасбларимиз ҳам жавобингизни кутиб туришибди. Олдиндан катта раҳмат!


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Баййина” сурасида марҳамат қилади:

لَمْ يَكُنِ الَّذِينَ كَفَرُوا مِنْ أَهْلِ الْكِتَابِ وَالْمُشْرِكِينَ مُنفَكِّينَ حَتَّى تَأْتِيَهُمُ الْبَيِّنَةُ۝

1. Аҳли китоб ва мушриклардан бўлган куфр келтирганлар «баййина» келмагунча, ажралмасдилар. Ушбу ояти каримадаги «Аҳли китоб»дан мурод яҳудий ва насоролардир. Бузилган бўлса ҳам, самовий китоби бор қавмга «аҳли китоб» дейилади. Ушбу ояти карима нозил бўлган пайтда ҳам, ҳозир ҳам яҳудий ва насоро(христиан)лардан бошқа аҳли китоб йўқ. Яҳудийлар Таврот аҳли, насоролар Инжил аҳлидирлар. Шунингдек, оятдаги «мушриклар»дан мурод бутпарастлардир. Баъзи кишилар: «Яҳудийлар ва насоролар ҳам мушрик-ку, яҳудийлар «Узайр – Аллоҳнинг ўғли», насоролар «Ийсо – Аллоҳнинг ўғли», дейишади-ку», деган мулоҳаза билан ушбу ояти карима маъноси ҳақида бир оз ўйланиб ҳам қолишади. Тўғри, уларда ҳам мушриклик аломати бор, лекин аҳли китоблик васфи устун. Шунинг учун уларни «аҳли китоб» дейилаверади. «Аҳли китоблар ҳам Аллоҳга, Пайғамбарга, илоҳий китобга, охиратга иймон келтиради-ку, улар мўмин бўлишмайдими?» деган савол ҳам ноўрин. Чунки улар Аллоҳ айтганидек, иймон келтиришмаган, Аллоҳнинг амрини ва Китобини ўзларича бузишган, бу эса куфрнинг каттасидир. Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръонни қабул қилиб олиб, Исломга чақиришлари очиқ-ойдин ҳужжат бўлган. Жумладан, аҳли китоб ва мушрикларнинг куфр ва залолатда эканликларини ҳам баён қилувчи очиқ-ойдин ҳужжат бўлган. Ояти каримада «Аҳли китоб ва мушриклар ана ўша «баййина» келгунча ажралмасдилар», дейилмоқда. Нимадан ажралмасдилар? Ўзлари лозим тутган куфр ва залолатдан. Уларнинг ҳаммалари ота-боболаридан уларга мерос бўлиб қолган куфрлари ва залолатларидан ажралмасдан аввал қандай бўлсалар, шундай бўлиб юраверар эдилар. Лекин Аллоҳ таоло томонидан ҳидоят ва ҳақиқатнинг «баййина»си – очиқ-ойдин ҳужжати бўлиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликлари келгандан сўнг, уларнинг баъзилари куфр ва залолатдан ажраб, иймон ва ҳидоятга кира бошладилар. Зотан, дастлаб мусулмон бўлганларнинг асли аҳли китоб ёки мушрик бўлгандир. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ушбу ояти кариманинг маъноси қуйидагича бўлади: Аҳли китоб бўлмиш яҳудий ва насоролар ҳамда мушриклардан иборат бўлган куфр келтирганларга ўтган илоҳий китобларда зикри келган «баййина» – ҳужжат – Муҳаммад алайҳиссалом пайғамбар бўлиб келмагунларича улар ўз куфрлари ва залолатларидан ажралмасдилар. «Баййина» – «ҳақни баён қилувчи ҳужжат» нималигини келаси оят тушунтиради.

رَسُولٌ مِّنَ اللَّهِ يَتْلُو صُحُفًا مُّطَهَّرَةً۝

2. У (баййина) Аллоҳ тарафидан юборилган Расул бўлиб, покланган саҳифаларни тиловат қиладир. «Баййина» Аллоҳ томонидан юборилган Расулдир. У ёлғондан, шакдан, нифоқдан, залолатдан ва барча шунга ўхшаш ифлосликлардан покланган саҳифаларни – Қуръонни уларга ўқиб беради.

فِيهَا كُتُبٌ قَيِّمَةٌ۝

3. Уларда тўғри битиклар бор. Яъни Аллоҳ таоло томонидан юборилган, ҳақнинг ботилдан фарқини баён қилувчи ҳужжат бўлмиш Пайғамбар уларга ўқиб берадиган ўша саҳифаларда тўғри, ҳақ, мазмундор, қиммматбаҳо битиклар бордир.

وَمَا تَفَرَّقَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ إِلَّا مِن بَعْدِ مَا جَاءتْهُمُ الْبَيِّنَةُ۝

4. Китоб берилганлар уларга «баййина» келганидан сўнггина бўлиниб кетишди. Аввал китоб берилганларнинг ҳаммалари бир овоздан, иттифоқ бўлиб, «Яқинда янги Пайғамбар чиқади, бизнинг муқаддас китобларимизда унинг бундай-бундай сифатлари келган», деб айтишарди. Аллоҳ таоло худди ўша сифатларга эга бўлган зотни – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар қилиб юборганидан сўнг эса улар тафриқага тушиб, бўлиндилар, баъзилари иймон келтириб, мусулмон бўлди, баъзилари ҳасад қилиб, инкор қилди, учинчилари эса «Биз айтган пайғамбар бошқа эди», – дейишди ва ҳоказо.

وَمَا أُمِرُوا إِلَّا لِيَعْبُدُوا اللَّهَ مُخْلِصِينَ لَهُ الدِّينَ حُنَفَاء وَيُقِيمُوا الصَّلَاةَ وَيُؤْتُوا الزَّكَاةَ وَذَلِكَ دِينُ الْقَيِّمَةِ۝

5. Ҳолбуки, улар фақат Аллоҳга, динни Унга холис қилган, бошқадан унга бурилган ҳолда ибодат қилишга, намозни тўкис адо этишга, закот беришга буюрилган эдилар, холос. Ана шу тўғри(миллат)нинг динидир. Ҳа, аҳли китоб бўлмиш ўша яҳудий ва насоролар Таврот ва Инжилда фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилишга амр этилган эдилар. Аммо улар бу амрни бажо этмадилар. Улар Аллоҳдан бошқага – Узайрга, Ийсога, Марямга, ҳатто ўз аҳбор ва раҳбарларига ҳам ибодат қилдилар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло «Тавба» сурасида «Аллоҳдан бошқа ўзларининг ҳибр ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Робб тутдилар. Ваҳоланки, улар фақат ягона Илоҳга ибодат қилишга буюрилган эдилар», деган. Албатта, аҳбор ва роҳибларга ибодат қилиш уларга сажда қилиш эмас, уларнинг ўзларича ҳалол деганини ҳалол билиб, ҳаром деганини ҳаром билиб, Аллоҳ таолонинг айтганини қўйиб, уларнинг айтганига юришдир. Ҳа, аҳли китоблар бўлмиш яҳудий ва насоролар фақат Аллоҳ таолонинг динигагина ихлос қилишга, холис шу дингагина амал қилишга амр қилинган эдилар. Лекин улар бу амрни бажо келтирмадилар. Улар Аллоҳ таолонинг динига турли-туман нарсаларни, жумладан, ўзлари тўқиб чиқарган бидъат-хурофотларни ҳам аралаштириб юбордилар. Аллоҳ таолонинг динига ихлос қилиш фақат Аллоҳ таолонинг Ўзини кўзлаб, розилигини ўйлаб иш қилишдан иборатдир. Ихлос ибодатнинг мағизидир. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: «Мен ширкдан беҳожатларнинг беҳожатиман. Бас, ким бир амал қилса-ю, унда Мендан бошқани ширк келтирса, Мен уни ҳам, ширкини ҳам тарк қилурман», – деган. Уламоларимиз амалларни учга тақсимлаганлар: 1) Амр қилинган амаллар. Буларни қилишда Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаш шарт. Агар ният сал бошқача бўлса, риёга айланади. 2) Наҳйи қилинган – қайтарилган амаллар. Бундай амалларни ният қилмай, тарк қилса, уларнинг зараридан фориғ бўлади, аммо савоб олмайди. Аммо ният қилиб, Аллоҳ таолонинг розилиги учун мазкур ишларни тарк қилса, ажр олади. 3) Мубоҳ амаллар. Емоқ-ичмоқ, оила ҳаётига ўхшаш ишлар. Бу амалларни ниятсиз қилса, ажр олмайди. Аммо Аллоҳ таолонинг розилигини олиш ниятида қилса, ажр олади. Ҳар бир мубоҳ амал Аллоҳ таолонинг розилигини ният қилиш ила ибодатга айланади. Ибодатга қувват бўлсин, деган ниятда таом тановул қилиш ҳам ибодат. Шунингдек, улар «…бошқадан унга бурилган ҳолда ибодат қилишга…» буюрилган эдилар. Ҳа, аҳли китоб бўлмиш яҳудий ва насоролар Аллоҳ таолонинг динида собит туришга, бошқа динларга мойил бўлмасликка амр қилинган эдилар. Улар бу амрни ҳам бажо келтирмадилар. Аллоҳ таолонинг дини Ислом қолиб, турли дин ва мазҳабларга эргашиб кетдилар. «…намозни тўкис адо этишга, закот беришга буюрилган эдилар, холос». Ҳа, аҳли китоб бўлмиш яҳудий ва насоролар намозни тўла-тўкис адо этишга, фарз бўлган закотни беришга амр қилинган эдилар. Аммо улар бу амрни ҳам бажо этмадилар. Улар ўзларига буюрилган мазкур амрларни бажо этганларида, ўзларига яхши бўлар эди. Чунки «Ана шу тўғри(миллат)нинг динидир». Ана ўша васфи юқорида зикр қилинган тўғри миллатнинг дини – Ислом миллатининг динидир. Модомики, ўша аҳли китобдан ва мушриклардан бўлган куфр келтирганлар Аллоҳ таолонинг амрини адо этмаган эканлар, тўғри йўлдаги миллатнинг динига юрмаган эканлар, энди...

إِنَّ الَّذِينَ كَفَرُوا مِنْ أَهْلِ الْكِتَابِ وَالْمُشْرِكِينَ فِي نَارِ جَهَنَّمَ خَالِدِينَ فِيهَا أُوْلَئِكَ هُمْ شَرُّ الْبَرِيَّةِ۝

6. Албатта, аҳли китоб ва мушриклардан бўлган куфр келтирганлар жаҳаннам оташидадирлар, унда мангу қолувчидирлар. Ана ўшалар халойиқнинг энг ёмонидирлар. Яъни аҳли китоб бўлсин, мушрик бўлсин – барибир, Қуръонга, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирмай, куфр келтирса, охиратда жаҳаннамга тушади ва у ерда абадий қолади. Улар халойиқнинг энг ёмонидирлар. Чунки дунёда кофирликдан кўра ёмонроқ нарса йўқ. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ.

Топ рейтинг www.uz Openstat