Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Май ойида тўй қилиш

09:55 / 02.03.2017 | Mohinur | 4378

Ассалому алайкум! Мeнинг тўй кунимизни май ойига бeлгилашди. Бу ойда тўй қилса бўладими? Олдиндан котта раҳмат.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Шариатимизда фалон кунда тўй қилмасин деган гапнинг ўзи йўқ. Қайсидир кунда тўй қилиш жоиз эмас деганлар шариатга қўшимча киритган ҳисобланадилар. Аллоҳ таоло “Тавба” сурасида :

اتَّخَذُواْ أَحْبَارَهُمْ وَرُهْبَانَهُمْ أَرْبَابًا مِّن دُونِ اللّهِ وَالْمَسِيحَ ابْنَ مَرْيَمَ وَمَا أُمِرُواْ إِلاَّ لِيَعْبُدُواْ إِلَهًا وَاحِدًا لاَّ إِلَهَ إِلاَّ هُوَ سُبْحَانَهُ عَمَّا يُشْرِكُونَ۝

31. Аллоҳдан бошқа ўзларининг ҳибр ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Робб тутдилар. Ваҳоланки, улар фақат ягона Илоҳга ибодат қилишга буюрилган эдилар. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У улар ширк келтираётган нарсалардан покдир. 

«Ҳибр» яҳудийларнинг диний олимидир. «Роҳиб» эса насороларнинг диний одамидир. 

«Аллоҳдан бошқа ўзларининг ҳибр ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Робб тутдилар». 

«Аҳли китоблар қандай қилиб ҳибр ва роҳибларни Робб – Парвардигор тутишлари мумкин?» деган савол пайдо бўлиши турган гап. Буни насоро ва яҳудийларнинг ўзлари ҳам инкор қиладилар. Лекин гап тамоман бошқа ёқда. Бу нозик масалани тушуниш учун Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарҳларига қулоқ тутсак, яхши бўлади. Имом Аҳмад ва имом Термизийлар Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар: «У кишига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари етганда, Шомга қочиб кетган экан. Жоҳилият даврида Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳу насронийлик динига кирган экан. Унинг синглиси ва қавмидан бир жамоа одамлар мусулмонлар қўлига асирга тушибди. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг синглисини озод қилиб, ҳадялар берибдилар. Сингил бориб, акасини Исломга тарғиб қилибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришга ундабди. Машҳур Ҳотим Тоийнинг ўғли бўлмиш Адий ўз қабиласининг бошлиғи ҳам эди. У Мадинага борганида, одамлар унинг келгани ҳақида гап тарқатишди. У бўйнига кумушдан ясалган хоч таққан ҳолида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига киради. Шунда у зот «Улар Аллоҳдан бошқа ўзларининг ҳибр ва роҳибларини ҳамда Масиҳ ибн Марямни Робб тутдилар» оятини тиловат қилаётган эдилар. Адий розияллоҳу анҳу айтадиларки: «Мен: – Уларга ҳеч ибодат қилишгани йўқ, – дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: – Лекин уларга ҳалолни ҳаром қилдилар ва ҳаромни ҳалол қилдилар, улар эса эргашдилар. Ана ўша уларга ибодат қилишдир, – дедилар». Бундан кўриниб турибдики, бирор шахс ёки нарсани худо деб эътиқод қилиш билангина ширк бўлмас экан, балки ҳаётда шариатнинг кўрсатмаларини қўйиб, бошқанинг кўрсатмаларини олиш билан, жумладан, ҳалол-ҳаромни ажратишда Аллоҳнинг айтганидан бошқанинг айтганига юриш билан ҳам ширк келтириш содир бўлар экан. Яҳудийлар ва насоролар ўз ҳибрлари ва роҳибларини худо деб эътиқод қилишгани йўқ, қилмайдилар ҳам. Лекин уларнинг айтганларига бўйсунганлари, яъни ҳалол, деганларини ҳалол, ҳаром, деганларини ҳаром деб билганлари учун ширк келтирган, уларни Робб қилиб олган ҳисобланмоқдалар. Ким Аллоҳдан бошқанинг ҳукмини ихтиёр этса, ширк келтирган бўлади. Бошқани Робб қилиб олган ҳисобланади. Бундай одамлар ер юзида Аллоҳнинг ҳокимиятига қарши чиққан одамлар саналадилар. Ҳолбуки, 

«Ваҳоланки, улар фақат ягона Илоҳга ибодат қилишга буюрилган эдилар». 

Аммо аҳли китоблар бу амри илоҳийга амал қилмадилар. Яҳудийлар ва насоролар ўз ҳибрлари ва роҳибларини Робб тутдилар. Бу айни Аллоҳга ширк келтиришдир. Чунки 

«Ундан ўзга илоҳ йўқ. У улар ширк келтираётган нарсалардан покдир». ("Тафсири ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat