Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Забур китоби ҳақида

00:00 / 12.11.2009 | eski savollar | 14930

Ассалому алайкум, Шайx ҳазратлари! Менга муқаддас китоблардан Забур ҳақида маълумот беришингизни илтимос қиламан. Қуръони Каримда у ҳақда маълумот берилмаган. Мен у ҳақда жуда оз маълумотга эга эдим. Жавобингиз учун олдиндан ташаккур!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

«Забур ҳақида Қуръони Каримда маълумот берилмаган» деган гапни қаердан олдингиз? Аксинча, Қуръони Каримда бу китоб бир неча марта зикр қилинган.

Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга Забурни нозил қилган. «Забур»нинг луғавий маъноси «мактуб», яъни «ёзилган» деганидир.

وَلَقَدْ كَتَبْنَا فِي الزَّبُورِ مِن بَعْدِ الذِّكْرِ أَنَّ الْأَرْضَ يَرِثُهَا عِبَادِيَ الصَّالِحُونَ

«Батаҳқиқ, Зикрдан сўнг Забурда ҳам «Албатта, ерга солиҳ бандаларим меросхўр бўлурлар», деб ёзган эдик» (Анбиё сураси, 105-оят).

Уламоларимиз ушбу ояти каримадаги «зикр» ва «ер» сўзларидан кўзланган мақсад ҳақида икки хил фикр билдирганлар. Баъзилари: «Зикр»дан мурод Тавротдир, шунга кўра оятнинг маъноси: «Батаҳқиқ, Тавротдан сўнг Забурда ҳам «Албатта, ерга солиҳ бандаларим меросхўр бўлурлар», деб ёзган эдик» бўлади», дейдилар.

Бошқалари эса: «Зикр»дан мурод – Лавҳул Маҳфуз, бинобарин, «Аввал ўша маънони Лавҳул маҳфузга ёзиб, кейин Забурга ҳам ёзган эдик» маъноси келиб чиқади», деганлар.

Аллоҳ таоло бошқа бир оятда қуйидагиларни айтади:

إِنَّا أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ كَمَا أَوْحَيْنَا إِلَى نُوحٍ وَالنَّبِيِّينَ مِن بَعْدِهِ وَأَوْحَيْنَا إِلَى إِبْرَاهِيمَ وَإِسْمَاعِيلَ وَإِسْحَاقَ وَيَعْقُوبَ وَالْأَسْبَاطِ وَعِيسَى وَأَيُّوبَ وَيُونُسَ وَهَارُونَ وَسُلَيْمَانَ وَآتَيْنَا دَاوُودَ زَبُورًا 

«Биз сенга худди Нуҳ ва ундан кейинги набийларга ваҳий юборганимиздек ваҳий юбордик. Биз Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлодлари, Ийсо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймонга ваҳий юбордик. Довудга эса Забурни бердик» (Нисо сураси, 163-оят).

Аллоҳ таолодан Забур берилиб, набий бўлган вақтларида Довуд алайҳиссаломнинг ёшлари қирқда эди, дейдилар тарихчилар. Забур тўрт илоҳий китобнинг бири экани ҳаммага маълум. Унда мавъизалар, ибратлар, кўнгилни юмшатадиган ва зикр қилинадиган нарсалар бўлган.

Довуд алайҳиссаломнинг овозлари жуда ҳам ширали бўлган. Яхши овозлар у зотнинг овозларига ўхшатилиши ҳамма халқларда одатга айланган. Довуд алайҳиссалом Забурни тиловат қилганларида осмондаги қушлар ҳам тўхтаб қолар экан. Ҳозирда аҳли Забур қолмаган.

Мўмин-мусулмон одам Аллоҳ таоло Довуд алайҳиссаломга Забур номли китобни нозил қилганига жазм ила иймон келтириши лозим.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077

Топ рейтинг www.uz Openstat