Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Футбол мухлисларининг аҳволи

12:04 / 29.04.2017 | Humoyun | 4393

Ассалому алайкум! Барса ва Реал мухлислари кўчада қарнай-сурнай чалиб, плакатларни ёзиб олиб бир-бирини устидан кулиб юриш биз ўзбек мусулмончилигига тўғри келадими?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Мусулмон киши бошқа бир мусулмоннинг устидан кулиши, унга ҳақорат назари билан қараши ҳаром амал ҳисобланади. Хусусан на диний ва на дунёвий ишларга алоқаси бўлмаган нарсаларда бундай қилиши ақлли инсоннинг иши эмас. Мўминнинг даражаси қандайлигини қуйидаги ҳадисдан билиб олишимиз керак. Бир кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳодан хурсанд бўлиб, “Эй Оиша мендан хоҳлаган нарсангни сўра” дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо жуда ҳам зийрак аёл эдилар, бу фурсатни қўлдан бой бермаслик учун энг яхши нарсани сўрашни қасд қилдилар ва “Бу борада отам билан маслаҳатлашсам” дедилар. Чунончи Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бориб воқеъани баён қилдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу : “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам меърожга чиққанларида Аллоҳ таоло у зотга сирларни айтган. Ўшалардан бирини айтиб беришларини сўра” дедилар. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ўша нарсани сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Роббим менга меърож кечасида “Менинг наздимда мўминнинг даражаси шу даражада юқорики, қайси бир мўмин бошқа бир мўминнинг қалбига хурсандчилик солса, албатта жаннатий бўлади” деди” дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо хурсанд бўлиб Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга бу гапни етказган эдилар Абу Бакр қаттиқ йиғладилар. Оиша розияллоҳу анҳо “Нега йиғлайсиз, ахир бу хурсандчилик хабар эмасми” деганларида, “Бу, мўминнинг қалби Аллоҳ таолонинг наздида шу даражада қадрлики, ким унга озор етказса, дўзахийдир” дегани бўлади – дедилар.

عن مَيْمُون بْن مِهْرَانَ، قال: " قَالَ عُمَرُ بْنُ عَبْدِ الْعَزِيزِ لِجُلَسَائِهِ: "أَخْبِرُونِي بِأَحْمَقِ النَّاسِ" قَالُوا: رَجُلٌ بَاعَ آخِرَتَهُ بِدُنْيَاهُ فَقَالَ عُمَرُ: " أَلَا أُنَبِّئُكُمْ بِأَحْمَقَ مِنْهُ؟" قَالُوا: بَلَى. قَالَ: "رَجُلٌ بَاعَ آخِرَتَهُ بِدُنْيَا غَيْرِهِ. روى أبو نعيم في الحلية"

Маймун ибн Меҳрон раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинади : Умар ибн Абдулазиз бирга ўтирган кишиларга қараб : “Менга одамларни энг аҳмоғи ким эканлиги ҳақида айтинг” дедилар. Улар : “Дунёсини деб охиратини сотган киши” дейишди. Шунда Умар ибн Абдулазиз : “Сизларга ундан ҳам аҳмоқроқ кимлигини айтиб берайми” дедилар. Улар “ҳа” дейишган эди, “Бировнинг дунёсини деб ўз охиратини сотган кишидир” дедилар. Абу Нуайм ривоят қилганлар. Шундай ҳолатга тушиб қолмайлик. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat