Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Куддуснинг фатх килиниши

00:00 / 01.04.2010 | eski savollar | 4416
Умар розияллоху анхунинг Куддусни фатх килиши кандай булган? Шу хакида батафсил айтиб берсангиз.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

БАЙТУЛ МАҚДИС ФАТҲИ16-ҳижрий санада Шом жабҳасида ҳам катта ўзгаришлар юз берди. Мусулмон фотиҳлар Димашқ ва унинг атрофидаги шаҳар-қишлоқларни фатҳ қилиб бўлганларидан сўнг Ҳимс томон юрдилар.Ҳимсликлар аввалига урушмоқчи бўлдилар. Аммо Рум подшосидан ёрдам келмаганидан ке¬йин сулҳ талаб қилдилар. Кейин атрофдаги мавзелар ҳам бирин-кетин фатҳ қилинди.Румликларнинг алоҳида тўпланган катта марказий кучи бўлмаганлиги учун мусулмонлар ҳам бўлиниб ҳаракат қилар эдилар. Урдунни бошқариб турган Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу Ажнодийн номли жойда Румликларнинг Артабун номли аскарбошиси раҳбарлигидаги катта кучларини қамал қилди. Кейин эса уларни енгди. Ана шу ғалабадан сўнг мусулмонлар Илия-Байтул Мақдисга рўбарў бўлдилар.Мусулмонлар шаҳарни қамал қилдилар. Шаҳар аҳолиси «Умарнинг ўзи билан сулҳ тузамиз», дедилар. Амр у кишига бу ҳақда мактуб ёзди.Румлик ғайридинларнинг «Умарнинг ўзи билан сулҳ тузамиз», деганларининг ўзи ўша вақтда ўзга диндаги кишилар ҳам ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг бошқалардан кўра адолатли сиёсат олиб бораётганларини билганликларидан далолат беради.Бу ҳақда Амр ибн Осс розияллоҳу анҳунинг Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга мактуб ёзиши эса мусулмонларнинг урушга эмас, сулҳга истаклари кучли эканлигини кўрсатади. Бўлмаса, ўша вақтда улар Румликларни кетма-кет мағлубиятга учратиб турган эдилар. Байтул Мақдислик ғайридинларга «Сенлар вақтни чўзиш учун бизнинг халифамизнинг келишини талаб қилмоқдасанлар. У киши овора бўлиб келиб юрадими?!» деб, жанг¬ни бошлаб юборишлари, осонлик билан ҳамма нарсани ўлжа қилиб олишлари ва ўз ҳукмларини ўтказишлари мумкин эди.Аммо Ислом қоидалари бунга йўл қўймас эди. Модомики, ғайридинлар сулҳ истаяптиларми, уларга қарши уруш қилишга мусулмонларнинг ҳақлари йўқ эди.Шунинг учун ҳам ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу сулҳ ҳақидаги мактубни олишлари билан йўлга чиқишга қарор қилдилар. Бу эса мусулмонларнинг сулҳни хоҳлашларининг раҳбар томонидан тасдиқланиши ва унга амал қилиниши эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ушбу хайр¬ли ишни тезроқ амалга ошириш мақсадида одатдагидек туя эмас, от миниб, йўлга чиққанлар.У киши йўлга чиқишларидан олдин вилоятлардаги омилларига: «Менга Жобияда учрашинглар», деб мактуб ёздилар.Ҳамма Ислом жамиятининг забардаст раҳбарини кутиб олиш учун тайёргарлик кўра бошлади. Жумладан, ерлик аҳоли ҳам бу ташрифни алоҳида тайёргарлик билан кута бошладилар. Улар дунёга донғи кетган халифани ҳеч бўлмаса узоқдан бўлса ҳам бир марта кўриб қолиш иштиёқида эдилар. Ахир мусулмонлар айнан шу одам раҳбарлигида ўша пайтда дунёни бошқариб турган икки улкан империя, яъни, Форс ва Рум империя-ларининг бурнини ерга ишқаган эдилар. Мусулмонлар айнан шу одам раҳбарлигида дунёга устозлик қилмоқда эдилар. Шу вақтгача унинг номи дунёни тўлдирган бўлишига қарамай, ҳали ўзини ҳеч ким кўрмаган эди.Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни биринчи бўлиб у кишини танийдиган саҳобалардан Амр ибн Осс, Абу Убайда ва Холид ибн Валид розияллоҳу анҳум кутиб олдилар. Улар ипак ва дебождан – арқоғи ипакдан кийим кийиб олган эдилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу уларнинг саломларига алик олмай, ўтиб кетдилар. Нарироқ бориб, ерга тушдилар-да, тош олиб уларга ота бошладилар ва:«Фикрингиздан қандоқ ҳам тез қайтдингиз! Мени шу кийим билан кутиб оласизларми?! Тўйганингизга икки йилгина бўлди-я! Аллоҳга қасамки, агар шу ишни икки юз йилдан кейин қилсангиз ҳам, сизларни бошқаларга алмаштираман!» дедилар. Улар:«Эй мўминларнинг амири, булар силоҳдан, биз доим силоҳ билан юрамиз», дедилар.«Ундоқ бўлса, майли», дедилар Умар розияллоҳу анҳу.Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бошяланг, ўндан ортиқ ямоғи бор кўйлак кийиб келган эдилар. Амирлар у кишига бир яхшироқ кўйлак кийгиздилар. Ясатилган оқ от олиб келиб, миндирдилар ва «Шундоқ бўлса, ғайридинлар ичида иззатли бўлиб кўринасиз», дедилар. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу отни минган эдилар, қўнғироқлари жиринглай бошлади. У киши отдан тушиб, «Бизга Аллоҳнинг Ислом билан иззатли қилгани ҳам етади, ўзимнинг кўйлагимни олиб келинглар», дедилар.У киши Жобияда турганларида ҳузурларига Илия аҳли келиб, омонлик сўрадилар. Улар билан жизя бериш ҳақида сулҳ тузилди ва қуйидаги аҳднома ёзилди:«Бисмиллаҳир роҳманир роҳиймУшбу Аллоҳнинг бандаси, мўминларнинг амири Умар Илия аҳлига берган омонликдир.У уларнинг жонларига, молларига, черковларига, хочларига, беморларига ва соғларига ҳамда барча миллатига омонлик берди.Уларнинг черковлари маскан қилинмайди, бузилмайди ва черковлар, улардаги нарсалар, хочлар ҳамда уларнинг молу мулкларидан бирор нарса камситилмайди. Улардан бирор кишига зарар етказилмайди.Илияда улар билан бирга бирорта ҳам яҳудий маскан тутмайди.Илия аҳли зиммасида худди Мадоин аҳли берганидек жизя бериш бордир. Румларни ва ўғриларни чиқариш уларнинг зиммасидадир.У ердан ким чиқса, то омонлик ерига етиб олгунича жони ҳам, моли ҳам омонда бўлади. Улардан ким муқим қолса, у ҳам омондадир. Унинг зиммасига ҳам Илия аҳлига бўлган жизя лозим бўлади.Илия аҳлидан ким жони ва моли ила Румлар билан кетишни ва ибодатхона ҳамда хочларини қолдиришни истаса, улар омонлик жойларига етиб олгунларича ўзларига ҳам, ибодатхона ҳамда хочларига ҳам омонлик бор. У ерда ким ер аҳлидан бўлган бўлса, улардан ким қолишни истаса, қолаверади. У Илия аҳли ўтаган жизяни ўтайди. Ким истаса, Рум аҳли билан кетаверади. Ким истаса, аҳлига қайтиб келаверади. Ҳосилларини йиғиб олмагунларича улардан ҳеч нарса олинмайди. Қачон улар ўз зиммаларидаги жизяни берсалар, ушбу мактубдаги нарсаларда Аллоҳнинг аҳди, Унинг Расулининг зиммаси, халифаларнинг зиммаси ва мўминларнинг зиммаси бор».Ушбу аҳдномани Илиянинг аъёнларига олиб боришган эди, улар ниҳоятда қувондилар. Бунчалик кенгликлар ва ҳимоялар ваъда қилинишини улар етти ухлаб, тушларида ҳам кўрмаган эдилар.Бир минг тўрт юз йилдан кўпроқ олдин ёзилган ушбу ҳужжатда Ислом жамиятида ғайридин кишиларига нисбатан қандоқ муносабатда бўлинганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Уларнинг тўлиқ эркинлик ва ҳақ-ҳуқуқлар билан таъминланганликлари ҳам яққол кўриниб турибди. Шунинг учун ҳам ўша пайтларда кўпгина ғайридин халқлар ва жамоалар ўз диндошлари ҳукмидан кўра мусулмонларнинг ҳукмини афзал кўрганлар. Бунга мисоллар жуда кўп. Ушбу ҳолат ҳақида инсофли ғайридин олимлар ҳатто китоблар ҳам ёзганлар.Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шаҳарга ташриф буюрдилар. Шаҳардаги Қиёмат канисасига кириб ўтирганларида намоз вақти бўлиб қолди. У киши патриархга:«Намоз ўқимоқчиман», дедилар.«Ўша жойингда ўқиб олавер», деди патриарх.Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу намозни у ерда ўқишни истамадилар ва ташқарига чиқиб, эшик пиллапоясида ёлғиз ўзлари намоз ўқидилар. Сўнг патриархга:«Агар канисанинг ичида намоз ўқиганимда, мендан кейин мусулмонлар шуни ушлаб олиб, Умар шу ерда намоз ўқиган, дер эдилар», дедилар. Сўнгра уларга пиллапоя устида намоз ўқимаслик ва азон айтмаслик ҳақида мактуб ёзиб бердилар.Кейин Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу патриархга:«Менга бир ер кўрсат, масжид қурмоқчиман», дедилар. Патриарх:«Аллоҳ Яъқубга гапирган харсанг устига», деди.У ерда жуда кўп ахлат бор эди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу у ерни ўзлари тозалай бошладилар. Ерда ётган нарсаларни қўллари билан этакларига солиб, таший бошладилар. Мусулмонлар келиб, у кишига қўшилдилар. Ҳалиги жой бирпасда тозаланди. У киши ўша ерга масжид қуришга амр қилдилар.Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Шомни қисм¬ларга бўлиб, уларга волийлар тайин қилдилар. Жобияда волийларни тўплаб, кенгаш ўтказдилар, уларга кўрсатмалар бердилар. Ҳамма ишларни бажариб бўлиб, Мадинага қайтдилар.

Топ рейтинг www.uz Openstat