Ассалому алайкум! Аллоҳ сизлардан рози бўлсин. Ҳозир муборак рамазон ойи кўчада юрганимизда баъзиларни аврати очиқ, қўл-оёғи шундоққина кўриниб туради. Кўзни олиб қочсангиз у ёғдаям шу кўриниш. Аксарияти ўзмизнинг ўзбек қиз ва аёллари. Буларнинг ака-укаси, отаси гуноҳкор бўладими?
Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло келажакда шундай аёлларни бўлишини билгани учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қуйидаги оятларни ваҳий қилган. Аллоҳ таоло “Нур” сурасида марҳамат қилади :
قُل لِّلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ذَلِكَ أَزْكَى لَهُمْ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ
30. Мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан ўта хабардордир. Ушбу ояти каримада зинога сабаб бўлувчи энг бош омил – эркакларнинг номаҳрам аёлларга шаҳват назари билан қарашлари ман қилинмоқда. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, мўмин эркакларни номаҳрам аёлларга назар солишдан тийилишга ва фаржларини зинодан сақлашга буюришни амр этмоқда. Бу дегани, эркак киши аёлнинг қорасини ҳам кўрмасин, дегани эмас. Балки ҳожатдан ташқари қарамасин, деганидир. Мисол учун, бир номаҳрам аёлга назари тушиши билан бошқа томонга кўзини бурсин, унга қараб туравермасин, қараши шаҳват назарига айланиб кетмасин, деганидир. Чунки аёл кишига бир муддат давомли қараш эркак одамда шаҳвоний туйғуни қўзғатади. Шаҳват билан қараш зинога олиб бориши ҳам мумкин. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай қарашларни «кўз зиноси» деб атаганлар. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар: «Одам боласига зинодан бўлган насибаси ёзилгандир. Икки кўзнинг зиноси назар солишдир. Тилнинг зиноси гапиришдир. Икки қулоқнинг зиноси эшитишдир. Икки қўлнинг зиноси ушлашдир. Икки оёқнинг зиноси юриб боришдир. Нафс орзу ва иштаҳа қилади, фарж эса уни ё тасдиқлайди, ё ёлғонга чиқаради». Мусулмон эркак номаҳрам аёлга қайта-қайта қарамаслиги лозим. Имом Термизий Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Али, назарга назарни эргаштирма! Биринчиси фойда бўлса, иккинчиси сенга зарардир», – деганлар. Дарҳақиқат, биринчи назарда зарур мақсад ҳосил бўлади. Аммо кетма-кет қараш, аввал айтилганидек, шаҳват қўзғатади. Шунингдек, бехосдан назар тушиши ҳам гуноҳ эмас. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ Бажарий розияллоҳу анҳу: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бехосдан тушган назар ҳақида сўраган эдим, кўзимни бошқа томонга буришни амр қилдилар», – деганлар. Исломда эркаклар номаҳрам аёлларга шаҳват назари билан қарашдан қайтарилибгина қолмай, балки бу амрга риоя этганлари учун ажру савоб ва маънавий мукофотлар ҳам ваъда қилинади. Имом Тобарий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси қудсийда: «Албатта, (номаҳрамга) назар қилиш иблиснинг заҳарланган ўқларидан биридир. Ким Мендан қўрқиб, у(назар)ни тарк қилса, бадалига бир иймон бераманки, унинг ҳаловатини ўз қалбида топади», – дейилган. Имом Аҳмад Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир мусулмон бирорта аёлнинг зийнатларига назари тушса-ю, сўнгра кўзини олиб қочса, албатта, Аллоҳ уни шундай ибодатга алмаштирадики, унинг ҳаловатини топади», – деганлар. Эркакларни номаҳрам аёлларга назар солишдан қайтарувчи ушбу оятни нотўғри талқин қилиб, Аллоҳ эркакларни аёлларга шаҳват назари билан қарашдан қайтарган, аёллар ўзларини авайлаб, шаръий кийимда юришга амр қилинмаганлар, дейиш мутлақо нотўғридир. Чунки аёлларнинг авратларини беркитиб юришлари лозимлиги ҳақида бошқа оятларда ҳукм бор.وَقُل لِّلْمُؤْمِنَاتِ يَغْضُضْنَ مِنْ أَبْصَارِهِنَّ وَيَحْفَظْنَ فُرُوجَهُنَّ وَلَا يُبْدِينَ زِينَتَهُنَّ إِلَّا مَا ظَهَرَ مِنْهَا وَلْيَضْرِبْنَ بِخُمُرِهِنَّ عَلَى جُيُوبِهِنَّ وَلَا يُبْدِينَ زِينَتَهُنَّ إِلَّا لِبُعُولَتِهِنَّ أَوْ آبَائِهِنَّ أَوْ آبَاء بُعُولَتِهِنَّ أَوْ أَبْنَائِهِنَّ أَوْ أَبْنَاء بُعُولَتِهِنَّ أَوْ إِخْوَانِهِنَّ أَوْ بَنِي إِخْوَانِهِنَّ أَوْ بَنِي أَخَوَاتِهِنَّ أَوْ نِسَائِهِنَّ أَوْ مَا مَلَكَتْ أَيْمَانُهُنَّ أَوِ التَّابِعِينَ غَيْرِ أُوْلِي الْإِرْبَةِ مِنَ الرِّجَالِ أَوِ الطِّفْلِ الَّذِينَ لَمْ يَظْهَرُوا عَلَى عَوْرَاتِ النِّسَاء وَلَا يَضْرِبْنَ بِأَرْجُلِهِنَّ لِيُعْلَمَ مَا يُخْفِينَ مِن زِينَتِهِنَّ وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعًا أَيُّهَا الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
31. Мўминаларга айт: «Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, зоҳир бўлгани мустасно. Рўмолларини кўксларига тўсиб юрсинлар. Эрларидан, ё оталаридан, ё эрларининг оталаридан, ё ўғилларидан, ё эрларининг ўғилларидан, ё ака-укаларидан, ё ака-укаларининг ўғилларидан, ё опа-сингилларининг ўғилларидан, ё аёлларидан, ё ўз қўлларида мулк бўлганлардан, ё (аёлларга) беҳожат эркак хизматчилардан, ё аёллар авратининг фарқига бормайдиган ёш болалардан бошқаларга зийнатларини кўрсатмасинлар. Махфий зийнатларини билдириш учун оёқларини (ерга) урмасинлар. Барчангиз Аллоҳга тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, зафар топсангизлар». Ушбу оятда Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, мўмина аёлларга кийим кийиш ва авратларини беркитиш борасида ўзларини қандай тутишлари лозимлигини баён қилиб беришни буюрмоқда. «Мўминаларга айт: «Кўзларини тийсинлар...» Мусулмон эркаклар каби, муслима аёллар ҳам номаҳрамларга шаҳват назари билан қарамасликлари лозимлиги ушбу оятдан тушунилади. Агар бехосдан назарлари тушса, кўзларини бошқа томонга буришлари керак. Чунки аёлларнинг эркакларга давомли назар солишлари ҳам ўртада фитна, ҳаром ишлар, зино келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, аёл киши бошқа аёлнинг авратига назар солиши ҳам ман этилади. Аёлнинг аёлга нисбатан аврати киндигидан тиззасигачадир. Уламоларимиз Қуръони Карим оятларини ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини чуқур ўрганиб чиқиб, аёлларнинг эркакларга назар солишида енгил йўл тутилганини таъкидлашган. Аёлларнинг бир жойда ўтириб олиб, номаҳрам эркакка ноўрин қарашлари ҳаром. Аммо кўча-кўйдаги ёки ҳаром бўлмаган ўйинлар ўйнаётган эркакларга узоқдан қарасалар, майли. Имом Бухорий ва имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда зикр қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ийд куни хабашийларнинг масжиддаги ўйинларига қараб турганларида Оиша онамиз ҳам у зотнинг орқаларидан туриб, томоша қилганлар. Ул зот Оиша онамизни улардан тўсиб турганлар. Оиша онамиз ўзларига малол келгандагина қайтиб кетганлар. Шу билан бирга, ўша пайтда аёлларнинг масжид, бозор ва бошқа жойларга боришларига рухсат берилган. Сафарларга чиққанлар. Табиийки, бу ҳолатларда эркакларни кўрадилар. «...фаржларини сақласинлар...» Бу ибора эркаклардаги каби, аёлларда ҳам икки маънони ифода этади: аёллар фаржларини ҳаром иш, зинодан сақласинлар ҳамда бировнинг назари тушишидан сақласинлар. Аёл кишининг номаҳрам эркакларга нисбатан аврати юзи ва икки кафтидан бошқа бутун баданидир. Маълумки, муслима аёлга баданини номаҳрам эркаклардан тўсиб юриш Аллоҳ томонидан буюрилгандир. Мўмина-муслима аёл ўз шарафини сақлаш учун Аллоҳнинг амрига итоат этиб, авратини номаҳрам эркаклардан беркитмоғи керак. Бунинг учун эса юзи ва икки кафтидан бошқа бутун танасини тўсиб турадиган кийим киймоғи лозим. Шунингдек, кийим юпқа, баданга ёпишган ва тор бўлмаслиги ҳам зарур. Умуман, аёлларнинг либоси номаҳрам эркакларнинг эътиборини жалб қилмайдиган даражада бўлиши керак. Имом Абу Довуд Оиша онамиздан ривоят қилган ҳадисда опалари Асмо бинти Абу Бакр у зотнинг олдиларига юпқа кийим билан кирганларида, у ерда ўтирган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларини ўгириб олганлар ва: «Эй Асмо, аёл киши ҳайз кўрадиган бўлганидан кейин ундан мана бу ва мана бундан бошқа жойи кўринмаслиги керак», – деб, икки кафтлари ва юзларига ишора қилганлари айтилган. Ибн Жарир Тобарий ўз тафсирларида Оиша онамиздан келтирган ривоятда у киши айтадилар: «Олдимга она бир акам Абдуллоҳ ибн Туфайлнинг қизи зийнатланган ҳолда кирган эди. Расулуллоҳ келиб қолдилар ва юзларини ўгириб олдилар. Мен: – Эй Аллоҳнинг Расули, бу она бир акамнинг қизи, ёш қиз, – дедим. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: – Аёл киши балоғатга етганидан кейин, ундан юзи ва мана бу жойларидан бошқа жойи кўриниши ҳалол эмас, – деб, ўз билакларини тутумлаб кўрсатдилар. Ушлаган жойлари билан кафтлари орасида яна бир тутумча жой қолди». Ҳанафий мазҳаби уламолари аёл кишига юз ва кафтларини очиб юришга изн берар эканлар, юз ва қўлни зийнатламасдан, табиий ҳолда тутишни шарт қилиб қўядилар. ("Тафсири ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!