Ассалому алайкум! Айтайлик, мен одамларга иш ва турли тадбиркорларга эса ишчи топиш билан шуғулланаман. Савол: Ташиш хизматида ишлаши учун тадбиркорга одам топиб берсам ва мен топган одам шаръан ҳаром нарсалар юк ташувчиси ва етказиб берувчиси бўлиб ишга кирса, уларнинг бу қилаётган иши сабабли менга гуноҳ бўлмайдими?
Ва алайкум ассалом! Билиб туриб шу ишни қилсангиз, гуноҳларидан сиз ҳам тенг насибадор бўласиз. Аллоҳ таоло “Моида” сурасида марҳамат қилади: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатлидир». Ушбу мўъжазгина жумла дунёдаги барча ҳамкорликлар учун асосий қоида ҳисобланади. Исломдан аввалги даврда ҳамкорлик қоидаси уруғчилик, қабилачилик ва бошқа шунга ўхшаш ўлчовлар асосида бўлар эди. Ўзига яқин бўлган шахс, тоифа, қабила, давлат ёки халқ нима қилса, унга ҳамкор бўлиш зарур эди. Жумладан, зулм ва душманлик ишларида ҳам. Исломда эса ҳамкорликнинг бош шарти яхшилик ва тақводир. Агар шу шарт вужудга келса, ҳамма билан ҳамкорлик қилинаверади. Аммо қаерда гуноҳ ва ёмонлик бўлса, ким бўлишидан қатъи назар, ҳамкорлик қилинмайди. Бу ишларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолога боғлиқ. Мазкур ишларни амалга оширишда, албатта, тақво шарт. Шунинг учун ҳам «Аллоҳга тақво қилинг», – деб алоҳида таъкидланмоқда. Инсон Аллоҳдан қўрққанидагина Аллоҳни рози қиладиган ҳамкорликларни амалга оширади. Инсон Аллоҳга тақво қилгандагина ундан яхшилик кутиш мумкин. Кимки яхшилик қилса, ўзигадир. Ёмонлик қилса ҳам ўзигадир. Аллоҳдан қўрқмаган, Унинг амрида юрмаганлар билиб қўйсинларки: «Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатлидир». ("Тафсири ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!