Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Аллоҳ ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат

00:00 / 11.04.2010 | eski savollar | 3485

Ассалому алайкум, муҳтарам устоз. Авваламбор сизга соғлик-саломатлик ва узоқ умр тилаймиз. Ижозатингиз билан сизга қуйидаги масалани йўлламоқдамиз. Агар бу савол такрорий бўлса, узр сўраймиз.

1. Аллоҳ таоло билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қилинадиган муҳаббат орасидаги фарқ ҳамда ушбу муҳаббатлар қандай бўлиши кераклиги ҳақида маълумот берсангиз. Яъни мусулмон одамнинг бу икки муҳаббат тўғрисидаги ақийдаси қандай бўлиши кераклигини билмоқчи эдик.

2. Бизни жамиятимизда ҳар бир инсон Аллоҳга банда ва улар ораси тенг тутилиши таъкидланади, шу жумладан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қул ҳам, хожа ҳам Аллоҳ наздида баробардир деган машҳур гаплари бор. Албатта қул хожасидан тақволироқ бўлса, Аллоҳ наздида хожадан ҳам мартабаси улуғроқ бўлиши мумкин, чунки Аллоҳ таоло Сизларнинг энг ҳурматлиларингиз тақводорларингиз деган. Лекин мен анчадан бери бир саволга жавоб тополмайман. Юқоридаги шаръий қонунларга биноан инсонларни хусусан мусулмонларнинг барчасини табақаси, даражаси Аллоҳ наздида бир хил ва инсон наздида ҳам бир хил бўлса керак деб ўйлайман. Аммо баъзилар инсонларни табақаларга, даражаларга, насл насабларга, паст баландларга, қишлоқлик ва шаҳарликларга ажратишади, шу ҳақида бирон бир маълумот берсангиз. Мен бу йўлни ҳозиргача қоралаб келаман. Мен сал қолса пасткаш билан ҳимматлини тўғри билан муттаҳамни ҳам орасини ажратмайман. Бу эса менга жамиятда ва муомалада бироз қийинчилик туғдиряпти. Мана шу саволимга ойдинлик киритиб берсангиз. Шариатимизда бирон ҳолатларда инсонларни орасини фарқлаш ҳақида йўл ёриқлар кўрсатилганми.



Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. - Ва алайкум ассалом!

Аллоҳга муҳаббат, аслини олганда, Ҳақ таолони танимоқ ва У Зот тақдир қилган қазои қадарга рози бўлмоқдир. «Муҳаббат» сўзининг истилоҳий маъноси ҳам шунга далолат қилади. Гарчи умумий маънода бу сўз севгини, яхши кўришни англатса ҳам, аслида «муҳаббат» сўзи араб тилида жуда кўп маъноларда қўлланилади. Масалан, «ёқтирмоқ», «афзал билмоқ», «қадрламоқ», «хоҳламоқ», «кўнгил қўймоқ», «суймоқ», «мойил бўлмоқ», «меҳри тушмоқ», «истамоқ», «талпинмоқ» ва шу каби кўплаб маънолар «муҳаббат» сўзи орқали ифодаланаверади.

Аммо бу маъноларни бирлаштириб турувчи умумий бир маъно ҳам борки, бу ҳақда уламоларимиз атрофлича баҳс юритганлар. Хусусан, Роғиб Асфаҳоний ва Абдул Бақо Кафавийнинг таърифлари бу сўзнинг Қуръони Каримда келган маъноларига мослиги билан диққатга сазовордир.

Роғиб Асфаҳонийнинг таърифига кўра: «Муҳаббат нафснинг ўзи яхши деб билган ва гумон қилган нарсага мойил бўлишидир. Бири табиий (онгсиз) бўлиб, у инсонда ҳам, ҳайвонда ҳам ва ҳатто баъзан жонсиз нарсада ҳам бўлади. Бошқаси ихтиёрий (онгли) бўлиб, у фақат инсонга хос бўлади».

Абдул Бақо Кафавийнинг таърифига кўра: «Муҳаббат ҳаддан ошган розиликдир. У икки қисмдан иборат.

Биринчиси ҳар бир мукаллафда бўлади. У иймонда лозим ва лобуд нарсадир. Унинг ҳақиқати Аллоҳ таолодан келган нарсани, ҳукмига ва тақдирига бўйсунган ҳолда, ҳеч қандай эътирозсиз қабул қилишдир.

Иккинчиси фақатгина мақомот эгаларида бўлади. Унинг ҳақиқати қазо қилинган нарсадан қалбнинг қувонч ва сурурга тўлиши ва розилигидир».

Демак, муҳаббат бир нарсага мойиллик, ўзи мойил бўлган нарса ёки кимсани ҳамма нарсадан афзал кўриш, ўша кимса ёхуд нарсани қандай бўлса, шундай қабул қилиш, унинг барча ҳолатларига рози бўлиш, унга боғлиқ ҳис-туйғулардан қалбнинг сурурга, қувончга тўлишидир.

Шу маънода олиб қаралса, муҳаббатларнинг энг ҳақиқийси, энг аввали бутун борлиқда яккаю ягона бўлган, ҳар қандай айбу нуқсонлардан пок, ҳар жиҳатдан мукаммал, азалий ва абадий, барча гўзал сифатларнинг ҳақиқий соҳиби бўлмиш Аллоҳ азза ва жаллага боғлиқ муҳаббат саналади. Уламоларимизнинг Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига муҳаббат қилиш фарз эканига ижмоъ қилганлари ҳам бежиз эмас.

Ҳатто ҳали онги тўлиқ ривожланмаган ёш болалар ҳам ўзларига кулиб қараган, эркалатган, ширинликлар берган кишиларга меҳр қўядилар, уларни бошқалардан афзал деб биладилар ва севадилар.

Шундай экан, вояга етиб, эс-ҳушини таниган ҳар бир инсоннинг ўзини йўқдан бор этиб яратган, турли хил неъматларни беминнат бериб қўйган Зотни ҳаммадан афзал билиб, севмоғи табиий бир ҳол, албатта. Аслида иймоннинг ўзи ҳам шу. Яъни Яратганни таниш ва Унга ишониш, Унинг сифатлари фақат Ўзига хос эканини ақл ила англаш ва шунинг учун ҳам Унга қалбдан меҳр қўйиш, барчадан ҳар жиҳатдан афзал, ягона, тенги йўқ Зот сифатида севиш. Ҳа, иймоннинг асли – ўзаги Аллоҳ таолога бўлган муҳаббат туйғусидан иборат. Аниқроғи, иймон – Аллоҳ таолони севиш демакдир. Мусулмон бўлиш эса ўз севгилисининг – Аллоҳ таолонинг барча амрларига чин дилдан рози бўлиш демакдир.

Бу ўринда «севги» ёхуд «муҳаббат» деганда онгга, ақлга асосланган мойилликни тушуниш лозим. Яъни онги, идроки, ақли даражасида Аллоҳ таолони таниш ва ўз ихтиёри ила Унга мойил бўлиш. Демакки, муҳаббат қандайдир мавҳум бир туйғу эмас. Аксинча, у инсон ҳаётини бошқариб турувчи, унга маълум бир маъно, мазмун бахш этувчи танлаш имкониятининг моддий, амалий ифодасидир.

Инсонда ҳамиша танлаш имконияти бор. Унинг инсонлик моҳияти ҳам ана шу танлаш имкониятидан қай даражада тўғри фойдалана олишида намоён бўлади.

Аллоҳ таоло борлиқдаги барча нарсаларни зидди ила яратган. Кун ва тун, муҳаббат ва нафрат, сахийлик ва бахиллик, яхши ва ёмон, оқ ва қора, тўғри ва эгри, бой ва камбағал, иссиқ ва совуқ, тақводорлик ва осийлик каби моддий ва маънавий тушунчаларнинг бари ўз зиддига эга. Бироқ буларнинг ҳаммаси аслида бири иккинчисини тақозо қиладиган тушунчалардир. Кун бўлмаса, тунни; оқ бўлмаса, қорани; яхши бўлмаса, ёмонни; тўғри бўлмаса, эгрини; иссиқ бўлмаса, совуқни; тақводорлик бўлмаса, осийликни ва муҳаббат бўлмаса, нафратни идрок қилиш мутлақо иложсиздир.

Аммо инсонда ақл ва тафаккур бўлмаса, бу тушунчаларни ўз-ўзидан фарқлай олмасди. Шунинг учун меҳрибон Роббимиз бизга ақл, фаҳму фаросат ато этиб, ёмондан яхшини, қорадан оқни, эгридан тўғрини ажрата олишга лаёқатли қилиб қўйган.

Шу билан бирга, инсон табиатини – фитратини доимо яхшиликка, эзгуликка мойил бўладиган қилиб яратган. Шунинг учун ҳам инсон табиатан барча яхши, эзгу нарсаларни севади ва қадрлайди. Яъни эгрига нисбатан тўғрини, ёмонга нисбатан яхшини, қўполликка нисбатан нафосатни, бахилликка нисбатан сахийликни, хунукликка нисбатан гўзалликни, осийликка нисбатан тақводорликни афзал деб билади ва ҳамиша эзгуликка интилиб яшайди.

Инсоннинг эзгуликка, яхшиликка, гўзалликка, нафосатга, покликка, тақводорликка ва умуман, хайрли амалларга бўлган ана шу фитратий (табиий, туғма) мойиллиги араб тилида «ҳабба» (حَبَّ) (севмоқ, яхши кўрмоқ, хоҳламоқ, тиламоқ, орзу қилмоқ, мойиллик ҳис этмоқ, афзал кўрмоқ, рағбат билдирмоқ...) сўзи орқали ифодаланади. Ўзбек тилида бу сўзнинг «муҳаббат» шакли қабул қилинган бўлиб, у «севги», «ишқ», «боғланиш», «мойиллик» ва «меҳр» маъноларида қўлланади. «Меҳр» сўзи форс тилидан қабул қилинган бўлиб, у ҳам севги ва мойилликни англатади. Соф туркий сўз ҳисобланган «севги» сўзи ҳам аслида мойилликни билдиради. «Девону луғатит-турк»да бу сўзнинг «севилди» шаклига «мойил бўлди», деб изоҳ берилган. Ўз ўрнидан оққан, қийшайган (яъни бир тарафга мойил бўлган) ҳар бир нарсага нисбатан ҳам «севилди» (яъни мойил бўлди) дейилиши таъкидланган.

Демак, «ҳабба», «муҳаббат», «меҳр», «севги» сўзларининг маъноси айнан бир хилдир ва аввалроқ таъкидлаб ўтганимиздек, умумий маънода бир нарсага ёки кимсага бўлган мойилликни, ўша тарафга оғишни англатади. Ана шу мойиллик табиий (онгсиз) ва ихтиёрий (онгли) бўлишини юқорида таъкидлаб ўтган эдик.

Ислом уммати Аллоҳ таолони ва Унинг Расулини севиш фарз эканига ижмоъ қилган.

Бу ҳақда Қуръони Каримда ҳам оятлар ҳамда уларнинг маъносига ҳамоҳанг кўплаб ҳадислар ворид бўлган.

Аллоҳ таоло Моида сурасида:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا مَن يَرْتَدَّ مِنكُمْ عَن دِينِهِ فَسَوْفَ يَأْتِي اللَّهُ بِقَوْمٍ يُحِبُّهُمْ وَيُحِبُّونَهُ

 «Эй иймон келтирганлар! Сизлардан ким динидан қайтса, Аллоҳ албатта Ўзи севадиган ва улар ҳам У Зотни севадиган қавмни келтирур...», деган (54-оят).

Демак, Аллоҳ таоло Ўз динининг ер юзида барқарор бўлишига восита қилган бандалар алоҳида сифатларга эгадир.

Биринчиси – ўзаро муҳаббат. Аллоҳ таоло уларни севади, улар ҳам Аллоҳ таолони севадилар. Бу энг катта ва қувватли боғланишдир. Аллоҳ Ўзининг динига хизмат қилувчиларни, бу динда мустаҳкам турувчиларни севар экан. Ўзини билган инсон учун бундан улкан бахт йўқ.

Ожиз бир инсоннинг муҳаббатига сазовор бўлган шахс ўзини қанчалар бахтли ҳис этади. Биз сўз юритаётган муҳаббат эса ҳамманинг, бутун оламларнинг, барча махлуқотларнинг Холиқи, икки дунёнинг Молики, уларга жон ато қилган, нозу неъмат берган, қиёмат куни ҳисоб-китоб қиладиган Зотнинг муҳаббатидир!

Аллоҳнинг маҳбуби бўлишдан ортиқ бахт йўқ. Бу муҳаббатга эришишнинг эса фақат битта йўли бор. У ҳам бўлса, ихлосли мусулмон бўлишдир.

Аллоҳнинг севгисини қозонган бандаларнинг ўзлари ҳам Аллоҳни севадилар. Демак, севги-муҳаббат икки тарафламадир. Аллоҳни севиш қандай улкан бахт! Бу севги дунёдаги ҳамма севгилардан устун туради, у жо бўлган қалбда бошқа севгилар ҳам соғлом бўлади.

Аллоҳни севгувчи одам доимо Унинг розилиги учун ҳаракат қилади. Ўзида шундай севги пайдо қила олган одам дунёни ҳам бошқача кўради. Дунёдаги ҳамма нарсани ўз қадр-қиммати билан танийди. Фақат мусулмон инсонгина бундай севгига соҳиб бўла олади.

Комил иймонга эга бўламан, иймон ҳаловатини топаман деган одам Аллоҳ таолони ва Унинг элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаммадан кўра кўп севмоғи лозим. Зотан, бусиз иймон бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки биз Аллоҳ таолони У Зотнинг элчилари, хусусан, охирги элчиси, хотамул анбиё Муҳаммад алайҳиссалом орқали таниймиз. Ўзимиз шахсан Аллоҳ таолони кўрмаган бўлсак ҳам, одамзоднинг энг афзали, карамли ахлоқлар соҳиби, энг ишончли бир зот – Расулуллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хабарлари орқали, у зотга нозил қилинган илоҳий калом – Қуръони Карим орқали Аллоҳ таолони таниймиз, У Зотнинг сифатларини ўрганамиз ва бутун борлиқдаги яккаю ягона илоҳ эканини идрок қиламиз.

Қолаверса, Аллоҳ таолонинг энг севимли бандаси, ҳабиби бўлмиш Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни севиб ва у зотга тўлиқ эргашибгина, Аллоҳ таолога бўлган севгимизни, иймонимизни тасдиқлашимиз мумкин. Айнан шунинг учун ҳам Аллоҳ таолога ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат бир-биридан айри тасаввур қилинмайди.

Хўш, Аллоҳ ва Унинг Расулини севиш нима билан бўлади? Бу борадаги муҳаббатни қандай тушунмоқ керак? Уламоларимизнинг бу саволга берган жавобларидаги иборалари турлича бўлса ҳам, маъноси бирдир. У ҳам бўлса, Аллоҳга муҳаббат Унинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтишдир; Аллоҳ таоло яхши кўрган нарсани яхши кўриб, Аллоҳ таоло ёмон кўрган нарсани ёмон кўришдир.

Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат ҳам у зотнинг шариатлари ва суннатларини лозим тутмоқдан иборат.

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى أَكُونَ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِنْ وَالِدِهِ، وَوَلَدِهِ، وَالنَّاسِ أَجْمَعِينَ». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан бирортангиз мен унга ота-онасидан, боласидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча, мўмин бўла олмайди», дедилар».

Икки шайх ва Насоий ривоят қилишган.

Ушбу ҳадисда Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «мўмин бўла олмайди» деганларидан мурод комил иймонли мўмин бўла олмайди, деганларидир. Чунки бу ерда гап эътиқод ҳақида эмас, майл ҳақида кетмоқда. Агар эътиқод бўйича қарайдиган бўлсак, бирор киши нафақат ота-она ёки болани, балки бошқа бирор шахсни Расулуллоҳдан афзал кўрса, кофир бўлиши турган гап. Ушбу ҳадисдаги муҳаббатдан мурод ота-она ёки болага бўладиган меҳр-шафқат ҳам эмас, бошқа инсонга бўладиган ишқ ҳам эмас, балки иймон-эътиқод маъносида маҳбубга нисбатан фидокорлик ва ҳар бир нарсани қурбон қилишга тайёр туриш ҳамда маҳбубнинг амрини бажариб, унинг розилигини топишга уринишдир.

Демак, мўмин банда учун Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу масалада ўз ота-онасидан ҳам, боласидан ҳам, бошқа барча одамлардан ҳам устун туришлари керак.

Уламоларимиздан Абу Зинод кишилар орасидаги ўзаро муҳаббатни учга бўладилар:

1. Улуғлаш ва таъзим муҳаббати. Асосан ота-онага бўлади.

2. Раҳм-шафқат муҳаббати. Асосан фарзандларга бўлади.

3. Ўзаро гўзал хислатларни қадрлаш муҳаббати. Ўзга одамларга нисбатан бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисларида ўзларига нисбатан муҳаббатнинг уч тури ҳаммага бўлган муҳаббатдан устун бўлгандагина инсоннинг иймони комил бўлишини қайд қилмоқдалар. Бу муҳаббат у зотнинг тириклик пайтларида шахсларига нисбатан бўлса, энди ҳам шахсларига, ҳам динларига, ҳам суннатларига нисбатан бўлиши керак.

Умуман, инсоннинг Аллоҳ таолога ва Муҳаммад алайҳиссаломга бўлган севгисини шартли равишда уч хил кўринишда таърифлаш мумкин:

1. Аллоҳни севиш. Яъни Аллоҳ таолонинг барча амрларини севиб бажариш, қайтарган нарсаларидан қатъий қайтиш, ҳар доим тақвони лозим тутиш ҳамда Унинг элчиси ва ҳабиби бўлмиш Муҳаммад алайҳиссаломга шубҳасиз ишониб, динда у зотга эргашиш, у зотни ўзига йўлбошчи, дўст, валий деб билиш, инсониятнинг энг афзали сифатида севиш ва қадрлаш.

2. Аллоҳ учун севиш. Яъни Аллоҳ таоло Қуръони Каримда мақтаган сифатларга эга инсонларни, Аллоҳ таоло учун суюкли бўлган солиҳ бандаларини севиш, улардек бўлишга интилиш. Ва албатта, энг аввало Муҳаммад алайҳиссаломни севиш.

3. Аллоҳнинг махлуқларини севиш. Яъни бутун борлиқни, ундаги жамики мавжудотларни улар ҳам ўзи каби махлуқ бўлганлари учун севиш, иймон, ақл ва қалб кўзи билан борлиққа теранроқ назар солиш, мушоҳада қилиш, ҳар бир махлуқда Аллоҳ таолонинг қудратини кўра олиш, махлуқларини ўрганиш орқали Холиқни янада яхшироқ таниш ва кучлироқ севиш. Ва бу севгида ҳам бизга устозлик қилувчи зот – мураббийимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.

عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: «... سَلْ، قُلِ: اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ فِعْلَ الْخَيْرَاتِ، وَتَرْكَ الْمُنْكَرَاتِ، وَحُبَّ الْمَسَاكِينِ، وَأَنْ تَغْفِرَ لِي وَتَرْحَمَنِي، وَإِذَا أَرَدْتَ فِتْنَةَ قَوْمٍ فَتَوَفَّنِي غَيْرَ مَفْتُونٍ، أَسْأَلُكَ حُبَّكَ وَحُبَّ مَنْ يُحِبُّكَ، وَحُبَّ عَمَلٍ يُقَرِّبُ إِلَى حُبِّكَ...» رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالْحَاكِمُ.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган узун ҳадисда жумладан, қуйидаги дуо бор:

«Сўра! «Аллоҳим, мен Сендан яхшиликлар қилишни, ёмонликларни тарк этишни, мискинларни яхши кўришни, мени мағфират қилишингни, раҳм қилишингни, бир қавмни фитнага учратишни ирода қилсанг, мени фитнага учрамаган ҳолимда вафот эттиришингни сўрайман. Мен Сендан муҳаббатингни, Сенга муҳаббат қўядиганларнинг муҳаббатини ва Сенинг муҳаббатингга яқинлаштирадиган амалнинг муҳаббатини сўрайман», деб айт».

Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.

Бу дуода биз ўрганаётган Аллоҳнинг муҳаббати мавзусига оид икки жумла бор.

«Мен Сендан муҳаббатингни… сўрайман».

Аллоҳнинг муҳаббати мўмин-мусулмон кишининг энг олий ғоясидир. Мўмин қалбда фақат Аллоҳнинг муҳаббати бўлиши керак. Аниқроғи, иймон-эътиқод борасида Аллоҳ таолонинг муҳаббатидан бошқа нарсанинг муҳаббатига қалбида жой қолмаган кишигина бир мақомга эришган бўлади. Бундай мақомга эришиш учун доимо Аллоҳ таолонинг Ўзидан ёрдам сўраш керак.

«Сенинг муҳаббатингга яқинлаштирадиган амалнинг муҳаббатини сўрайман».

Демак, инсон амал билан Аллоҳнинг муҳаббатига яқинлашар экан. Амални қилиш учун эса уни яхши кўриш керак экан. Ўша амалнинг муҳаббатини ҳам доимо Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўраб туриш лозим экан.

Қисқа қилиб айтиладиган бўлса, бу ҳолда банда дуоси тўхтовсиз қабул бўладиган шарафга ноил бўлади. Валийларнинг ҳоли шундай.

2. Инсонларни иймон эътиқоди ва тақво ибодатига қараб баҳоланади.

Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077

Топ рейтинг www.uz Openstat