Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ётдим тинч номли дуо

10:08 / 11.07.2017 | Solijon ibn Abduqodir | 29325

Ассалому алайкум! Бир дўстим ётишдан аввал ётдим тинч дуосини ўқиб ётса ҳар-хил бало қазолардан сақлайди ҳамда уйқуда жони узилиб қолса фойдаси бор дeди. Қтишда ўқиладиган дуолар келган ҳадислар борми?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! 60-боб. Ухлаш учун тўшакка ётганда айтиладиган зикрлар Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасини 190-оятида: «Албатта, осмонлар ва ернинг яратилишида, кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун оят-аломатлар бордир. Улар турганларида ҳам, ўтирганларида ҳам, ётганларида ҳам Аллоҳни зикр қиладилар», дейди. 217/1. Ҳузайфа ва Абу Зарр розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларига ётсалар: «Бисмикаллоҳумма аҳйа ва амуту», дер эдилар. (Маъноси: Аллоҳим, Сенинг исминг билан тириламан ва ўламан.) Бухорий ва Муслим ривоятлари. 218/2. Алидан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима билан Алига розийаллоҳу анҳумо: «Тўшакка ётсангиз, ўттиз уч мартадан «субҳаналлоҳ, алҳамдулиллаҳи, Аллоҳу акбар», деб айтинглар», деб тайинлаганлар. Бухорий ва Муслим ривоятлари Бошқа ривоятда: «Тасбиҳни ўттиз тўрт марта айтингиз», яна биттасида: «Такбирни ўттиз тўрт марта айтингиз», деганлар. Али розияллоҳу анҳу : «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганимдан бери уларни айтишни тарк қилганим йўқ», деган эдилар, «Сиффин кечасида ҳам тарк қилмадингизми?» деб сўрашди. «Йўқ», дедилар Али розияллоҳу анҳу. 219/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши тўшакка ётаётганида кўрпа ва изорини қоқиб ташласин. Чунки унинг орасида нима борлигини билмайди. Сўнг: «Бисмика роббий вазоъту жамбий ва бика арфаъуҳу, ин амсакта нафсий фарҳамҳа ва ин арсалтаҳа фаҳфазҳа бима таҳфазу биҳи ъибадакас солиҳийн», деб айтсин», дедилар. (Маъноси: Эй Раббим, Сенинг исминг билан ётдим ва Сенинг исминг билан тураман. Агар менинг руҳимни олсанг, унга раҳм қил. Агар уни қўйиб юборсанг, худди солиҳ бандаларингни сақлаганингдек, уни ҳам ҳифзу ҳимоянгга ол.) Бухорий ва Муслим ривоятлари. 220/4. Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўшакларига ётсалар, қўлларига суфлаб, иккита «Қул аъузу»ни ўқир, сўнг таналарига суртар эдилар». Бухорий ва Муслим ривоятлари 221/5. Яна Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам агар кўрпаларига кирсалар, икки кафтларини жамлаб туриб, унга «Қул ҳуваллоҳу аҳад», «Қул аъузу бироббил фалақ», «Қул аъузу бироббиннас»ни ўқиб, қўллари етган жойларигача суртар эдилар. У икки кафтларини бошлари, юзлари ва жасадларининг олд томонидан бошлаб уч мартадан бажарардилар». Бухорий ва Муслим ривоятлари 222/6. Абу Масъуд Ансорий Бадрийдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бақара сурасининг охирида икки оят борки, ким уларни кечаси ўқиса, ўша кеча офатлардан унга кифоя қилади», дедилар. Бухорий ва Муслим ривоятлари. 223/7. Барро ибн Озиб розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ алайҳиссалом менга: «Агар тўшагингга келсанг, намозга таҳорат қилганингдек таҳорат қил, сўнг ўнг томонингга ёнбошлаб: «Аллоҳумма асламту нафсий илайка ва фаввазту амрий илайка ва алжа`ту зоҳрий илайк, роғбатан ва роҳбатан илайк, ла малжа`а ва ла манжа минка илла илайк, аманту бикитабикаллазий анзалта ва набиййикаллазий арсалта фаин митта митта ъалал фитроҳ», деб айт. Ётишдан олдин охирги айтадиганинг шу бўлсин», дедилар. (Маъноси: Аллоҳим, нафсимни Сенга таслим этдим. Ишимни Сенга топширдим. Сенинг неъматингга рағбат қилиб, ғазабингдан қўрқиб, Сенга суяндим. Сендан бошқа қочадиганим ҳам, нажот топадиганим ҳам йўқ. Нозил қилган китобларингга ва юборган пайғамбарларингга иймон келтирдим. Жонимни оладиган бўлсанг, ислом фитратида ол.) Бухорий ва Муслим ривоятлари 224/8. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени рамазон закотига қўриқчи қилдилар. Шунда бир киши келиб, таомдан ҳовучлаб ола бошлади. Мен уни ушлаб: «Аллоҳга қасамки, сени Расулуллоҳ ҳузурларига олиб бораман», дедим. У : «Болаларим кўп, жуда муҳтожман», деб айтган эди, қўйиб юбордим. Тонг оттирганимда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Ҳурайра, кечаги асиринг нима қилди?» дедилар. Мен: «Эй Расулуллоҳ, эҳтиёжи жуда қаттиқлигини ва болалари кўплигини айтган эди, унга раҳм қилиб, қўйиб юбордим», дедим. Расулуллоҳ: «У сенга ёлғон гапирган бўлмасин, яна келади», дедилар. Мен Расулуллоҳнинг сўзларидан унинг тағин келишини билиб, кутдим. У келиб, яна таомдан ҳовучлаб ола бошлади. Ушлаб олиб: «Сени Расулуллоҳ ҳузурларига олиб бораман», дедим. У яна: «Мени қўйиб юбор, болаларим кўп, шунга жуда муҳтожман, бошқа қайтиб келмайман», деб айтди. Раҳмим келиб, яна қўйиб юбордим. Тонг отгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Ҳурайра, асиринг нима қилди?» дедилар. Мен: «Эҳтиёжи жуда қаттиқлигини ва болалари кўплигини айтган эди, раҳм қилиб қўйиб юбордим», дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сенга ёлғон гапирётган бўлмасин, у яна қайтади», дедилар. Учинчи бора кута бошладим. У келиб, яна таомдан ҳовучлаб ола бошлади. Уни ушлаб олдим ва: «Келмайман, дейсан-да, яна қайтиб келаверасан, бу охиргиси, сени Расулуллоҳнинг ҳузурларига олиб бораман», дедим. Шунда у: «Мени қўйиб юбор, агар қўйиб юборсанг, сенга бир нечта калималарни ўргатиб қўяман, у билан Аллоҳ сенга наф беради», деди. «Қайси калималар?» деганимда, «Тўшагингга ётсанг, Оятул курсийни ўқи, Аллоҳнинг қўриқчиси доим сени қўриқлаб туради, тонг отгунича шайтон сенга яқинлаша олмайди», деди, сўнг мен уни қўйиб юбордим. Тонг отгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кечаги асиринг нима қилди?» деб сўрадилар. Мен: «Эй Расулуллоҳ, у Аллоҳ фойда берадиган калималарни ўргатувди, қуйиб юбордим», дедим. Расулуллоҳ: «Қайси калималар экан?» дедилар. Мен: «Агар тўшагингга ётсанг, Оятул курсийни ўқи, Аллоҳнинг қўриқчиси доим сени қўриқлаб туради, тонг отгунича шайтон сенга яқинлаша олмайди», деб айтди», дедим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзи ёлғончи бўлса ҳам, рост гапирибди. Эй Абу Ҳурайра, уч кундан бери сен билан гаплашаётган киши кимлигини биласанми?» дедилар. «Йўқ», дедим. «У шайтон эди», деб айтдилар Набий алайҳиссалом». Имом Бухорий ривоятлари 225/9. Ҳафса онамиздан розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ётишни хоҳласалар, ўнг қўлларини чаккаларининг тагига қўйиб: «Аллоҳумма қиний ъазабака йавма табъасу ъибадак», деб уч марта айтар эдилар. (Маъноси: Аллоҳим бандаларингни қайта тирилтирадиган кундаги азобингдан сақла.) Абу Довуд ривоятлари 226/10. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўшакларига ётсалар: «Аллоҳумма роббас самавати ва роббал арзи ва роббал ъаршил ъазийм, роббана ва робба кулли шай`ин. Фалиқул ҳабби ван нава муназзилут Тавроти вал Инжийли вал Қуръан. Аъузу бика мин шарри кулли зий шаррин анта ахизун бинасийатиҳ, антал аввалу фалайса қоблака шай`ун ва антал ахиру фалайса баъдака шай`ун ва антаззоҳиру фалайса фавқока шай`ун ва антал батину фалайса дунака шай`ун иқзи ъаннад дайна вағнина минал фақр», деб айтардилар. (Маъноси: Аллоҳим, Сен еру осмоннинг ва улуғ аршнинг парвардигорисан. Эй Раббимиз, Сен ҳамма нарсанинг тарбиякунандасисан, уруғ, данакларнинг ёрувчисисан. Таврот, Инжил ва Қуръонни туширган зотсан. (Бандаларингнинг) пешонасидан ушлашингга сабаб бўлувчи ёмонликнинг ҳар қанақасидан Сенинг номинг ила паноҳ тилайман. Эй Аллоҳ, Сен аввалсан, Сендан олдин бирор нарса йўқ. Ва Сен охирсан, Сендан кейин бирор нарса йўқ. Сен зоҳирсан, Сенинг устингда бирор нарса йўқ. Сен ботинсан, Сенинг пастингда бирор нарса йўқ. Эй Раббим, қарзларимни мендан еч, камбағалликдан мени беҳожат қил.) Муслим, Термизий, Насоий, Ибн Можалар ривояти 227/11. Али розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расулуллоҳ алайҳиссалом ўринларига ётаётган пайтларида: «Аллоҳумма инний аъузу биважҳикал карийм ва калиматикат таммаҳ, мин шарри ма анта ахизун бинасийатиҳи, Аллоҳумма анта такшифул мағрома вал ма`сам, Аллоҳумма ла йуҳзаму жундука ва ла йухлафу ваъдука ва ла йанфаъу зал жадди минкал жадд. Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдик», деб айтардилар». (Маъноси: Аллоҳим, карим сифатли юзинг билан ва мукаммал калималаринг билан (бандангнинг) пешонасидан ушлашингга сабаб бўлувчи ёмонликлардан паноҳ тилайман. Эй Раббим, Сен зиён ва гуноҳларни очувчи зотсан. Эй Раббим, Сенинг аскарларинг енгилмайди, ваъданг хилоф қилинмайди. Буюклик Сендандир. Бошқанинг буюклиги фойда бермайди. Эй Раббим, Сенга ҳамд айтиш ила Сени поклаб ёд этурман.) Абу Довуд ва Насоийлар ривояти 228/12. Анасдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тўшакларига ётадиган бўлсалар: «Алҳамду лиллаҳиллазий атъамана ва сақона ва кафана ва авана факам мимман ла кафийа лаҳу ва ла му`вий», деб айтар эдилар. (Маъноси: Бизни едирган, ичирган, кифоя қилган ва бошпана берган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Қанчадан-қанча кишиларнинг сақлагувчиси ва бошпана бергувчиси йўқ.) Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоятлари 229/13. Абу Зуҳайр Анморийдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ алайҳиссалом кечаси жойларига ётсалар: «Бисмиллаҳи вазоъту жамбий, Аллоҳуммағфир занбий ва ахсиъ шайтоний ва фукка риҳаний важъалний фин надиййил аъла», деб айтардилар. (Маъноси: Аллоҳим, гуноҳларимни кечир, шайтонимни ҳайда, гаровдаги нарсаларимни еч ва мени олий жамоалар (яъни, фаришталар) мажлисида қил.) Абу Довуд ривоятлари 230/14. Навфал Ашжаий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Ухлашга шайланганингда, «Қул йа аййуҳал кафирун»ни ўқи, ширкдан сени узоқ қилади», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоятлари Абу Яъло Мавсилийнинг «Муснад»ларида Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳуривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга ширк келтиришдан сақлайдиган калималарни ўргатайми? Ухлашга шайланган пайтингизда «Қул йа аййуҳал кафирун»ни ўқинглар», деганлар. 231/15. Ирбоз ибн Сориядан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ухлашдан олдин «Саббаҳа, юсаббиҳу, субҳана»лар билан бошланадиган сураларни ўқиганлар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари 232/16. Оиша онамиздан розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Исроилга тааллуқли сураларни ва Зумарни ўқимагунларича ухламас эдилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари 233/17. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ётишга шайлансалар: «Алҳамду лиллаҳиллазий кафаний ва аваний ва атъаманий ва сақоний валлазий манна ъалаййа фаафзола валлазий аътоний фаажзала. Алҳамду лиллаҳи ъала кулли ҳал. Аллоҳумма робба кулли шай`ин ва малийкаҳу ва илаҳа кулли шай`ин. Аъузу бика минан нар», деб айтардилар». (Маъноси: Менга кифоя қилгудек нарса ва маскан берган, мени таомлантирган, суғорган ва менга афзал нарсаларни бериб, тўла-тўкис қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Ҳар қандай ҳолатда Аллоҳга ҳамд бўлсин. Эй Раббим, Сен ҳар бир нарсанинг тарбиячиси, молики ва ҳар бир нарсанинг илоҳисан. Сенинг номинг ила дўзахдан паноҳ тилайман.) Абу Довуд ривоятлари 234/18. Абу Саид Худрий  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким тўшагига ётаётган пайтда: «Астағфируллоҳаллазий ла илаҳа илла ҳувал ҳаййул қоййум ва атуби илайҳ», деб уч марта айтса, гуноҳлари денгиз кўпигича ёки юлдузлар ададича ёки бир-бирига жипс қумлар сонича ёки дунё кунларининг ададича бўлса ҳам, Аллоҳ таоло кечиради», дедилар. Имом Термизий ривоятлари 235/19. Саҳоба розияллоҳу анҳумлардан бири айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ўтирган эдим, бир саҳобий келиб: «Эй Расулуллоҳ, мана шу кеча чаён чақиб олиб, тонг отгунигача ухлаганим йўқ», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар кеч кирганида: «Аъузу бикалиматиллаҳит таммати мин шарри ма холақ», десанг, иншааллоҳ, бирор нарса зарар бермайди», дедилар. (Маъноси: Аллоҳнинг мукаммал калималари ила У халқ қилган нарсаларнинг ёмонлигидан паноҳ тилайман.) Абу Довуд ривоятлари 236/20. Анасдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишига васият қилатуриб: «Тўшагингга ётсанг, Ҳашр сурасини ўқи. Агар шу куни ўлсанг, шаҳид ҳолатда ўласан ёки жаннат аҳлидан бўласан», дедилар. Ибн Сунний ривоятлари 237/21. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо бир кишига: «Тўшакка ётаётганингда: «Аллоҳумма анта холақта нафсий ва анта татаваффаҳа, лака маматуҳа ва маҳйаҳа, ин аҳйайтаҳа фаҳфазҳа ва ин аматтаҳа фағфир лаҳа, Аллоҳумма инний ас`алукал ъафийаҳ», деб айт, бу дуони Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитганман», дедилар. (Маъноси: Аллоҳим, Сен менинг нафсимни халқ қилдинг ва Сен уни ўлдирувчисан. Унинг тириклиги ҳам, ўлими ҳам Сенинг қўлингда. Агар уни тирик қўйсанг, муҳофаза қил. Агар ўлдирсанг, мағфират эт. Эй Раббим, Сендан офият сўрайман.) Имом Муслим ривоятлари 238/22. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Абу Бакр Сиддиқ (р.а.): «Эй Расулуллоҳ, менга бирор калима ўргатинг, мен уни эрталаб ва кечқурун айтиб юрай», деганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳумма фатирос самавати вал арзи ъалимал ғойби ваш шаҳадати робба кулли шай`ин ва малийкаҳ, Ашҳаду алла илаҳа илла анта, аъузу бика мин шарри нафсий ва шарриш шайтони ва ширкиҳ», деб эрта тонгда, кеч кирганда ва жойингга ёнбошлаб ётганингда айт», дедилар. (Маъноси: Эй еру осмонни бор қилган Раббим, эй ғоибни ва шоҳидни билувчи Раббим, Сен ҳар бир нарсанинг парвардигори ва подшоҳидирсан. Гувоҳлик бераманки, Сендан бошқа илоҳ йўқ. Нафсимнинг ёмонлигидан, шайтоннинг ёмонлигию ширкидан Сенинг номинг ила паноҳ тилайман.) Абу Довуд ва Термизийлар ривояти 239/23. Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон киши тўшагига ётатуриб, Аллоҳнинг китобидан бирор сурани ўқиса, Аллоҳ таоло унга бир фариштани вакил қилиб қўяди. Фаришта унга зарар берадиган нарсани яқинлаштирмайди, қачон бирор нарсадан огоҳ бўлса огоҳлантиради», дедилар. Термизий ва Ибн Сунний заиф иснод билан ривоят қилишган. 240/24. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар киши тўшагига ётадиган бўлса, фаришта ва шайтон мусобақалашади. Фаришта: «Эй Раббим, яхшилик битгин», дейди. Шайтон: «Ёмонлик битгин», дейди. Агар киши Аллоҳни зикр қилса, сўнг ухласа, фаришта уни муҳофаза қилган ҳолда тонг оттиради», дедилар. Ибн Сунний ривоятлари 241/25. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ алайҳиссалом уйқуга ёнбошласалар: «Аллоҳумма бисмика роббий вазоъту жамбий фағфирлий занбий», деб айтардилар. (Маъноси: Аллоҳим, Сенинг исминг билан ёнбошимни қўйдим. Менинг гуноҳларимни кечир.) Ибн Сунний ривоятлари 242/26. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким тўшагига пок ҳолатда ётса, то эснаб уйқуси келгунича Аллоҳни зикр қилса ва шу кечада Аллоҳдан охират ва дунё яхшиликларини сўраса, Аллоҳ таоло унга яхшиликни беради», дедилар. Ибн Сунний ривоятлари 243/27. Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳиссалом агар тўшакларига ётмоқчи бўлсалар: «Аллоҳумма амтиъний бисамъий ва басорий важъалҳумал вариса минний, вансурний ъала ъадуввий ва ариний минҳу са`рий. Аллоҳумма инний аъузу бика мин ғолабатид дайни ва минал жуъи фаиннаҳу би`саз зожиъ», деб айтардилар. (Маъноси: Аллоҳим, қулоғим ва кўзимни фойдаланишим учун қолдириб, уларни менга меросхўр қил (яъни, ўлгунимча, саломат қил) ва душманларимга қарши менга ёрдам бер ва ўч олишни менга кўрсат. Эй Раббим, менга қарз ғолиб келиши ва очликдан Сенинг номинг ила паноҳ тилайман. Чунки очлик ёмон ётиб қоладиган ҳамроҳдир.) Ибн Сунний ривоятлари 244/28. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ухлайдиган бўлсалар, қўрқоқликдан, дангасаликдан, малол кўришдан, бахилликдан, кибрдан, аҳли ва молидаги ёмон кўринишдан, қабр азобидан, шайтон ва унинг ширкидан паноҳ тилар эдилар. Шу амалларини вафот этгунларича давом эттирдилар». Ибн Сунний ривоятлари 245/29. Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ўзлари ҳам ухламоқчи бўлсалар: «Аллоҳумма инний ас`алука ру`йа солиҳатан, содиқатан ғойро казибаҳ, нафиъатан ғойро зорроҳ», деб айтар эдилар ва сўнг ҳеч бир сўз гапирмас эдилар. (Маъноси: Аллоҳим, Сендан солиҳ, ёлғон бўлмаган, ростгўй, зарарли бўлмаган, фойдали тушни сўрайман.) Ибн Сунний ривоятлари 246/30. Али розияллоҳу анҳу: «Ақлли кишининг Бақара сурасининг охирги уч оятини ўқимай ухлаганини кўрмадим», деб айтар эдилар. Абу Бакр ибн Абу Довуд саҳиҳ иснод ила ривоят қилганлар. 247/31. Яна Али розияллоҳу анҳу айтадилар: «Исломга кирган ақлли кишиларнинг Оятул курсийни ўқимасдан олдин ухлаганини кўрмадим». Бу ривоятни ҳам Абу Бакр ибн Абу Довуд нақл қилганлар. 248/32. Иброҳим Нахаий айтадилар: «Агар тўшакларига ётадиган бўлсалар, иккита «Қул аъузу»ни ўқишни ўргатар эдилар». Бошқа ривоятда: «Ҳар кеча уч мартадан «Қул ҳуваллоҳу аҳад», «Қул аъузу бироббил фалақ», «Қул аъузу бироббин нас»ни ўқиш мустаҳаб амал», деб санардилар, дейилади. Муслимнинг шартларига биноан саҳиҳ. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat