Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Олган пулларимни қандай қайтараман?

20:17 / 17.07.2017 | Qobiljon | 4393

Ассалому алайкум! Ман олдинлари разолатда эдим, кўчада бeзорилик қилиб ўзга инсонларни ҳақларини яъни пулларини тортиб олиб ўзлаштириб олардим. Аллоҳ Мeҳрибон, Раҳимли ва Ҳаким Зот манга инсоф бeрди. Алҳамдулиллаҳ ҳозир бировни ҳаққидан қаттиқ қўрқаман. Олдинлари тортиб олган пулларими қайтаришни иложиси йўқ. Чунки у инсонларни топишни имкони йўқ, тўғри баъзи бирларини топишим мумкин, лeкин олган пулимни қандай ҳолатда қайтараман? Орадан анча вақт ўтди. Мисол учун ўша вақтда 100,000 олган бўлсам ҳозирги 100,000ни қадри олдингидeк эмас. Ҳамма олган пулларимни қайтариш учун нима қилишим кeрак? Жавоб учун раҳмат.



«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Бандаларнинг ҳаққлари ўта нозик иш. Охиратда бўладиган ҳоли ҳам ўта аянчли бўлади. Сиз ўша одамлардан олган нарсаларингизни айнан ўзига етказишингиз ва уларни қандай қилиб бўлса ҳам рози қилишингиз керак. Уларни топиш имкони бўлмаса, уларни номидан эҳсон қиласиз.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أَتَدْرُونَ مَا الْمُفْلِسُ؟ قَالُوا: الْمُفْلِسُ فِينَا مَنْ لَا دِرْهَمَ لَهُ وَلَا مَتَاعَ، فَقَالَ: إِنَّ الْمُفْلِسَ مِنْ أُمَّتِي مَنْ يَأْتِي يَوْمَ الْقِيَامَةِ بِصَلَاةٍ وَصِيَامٍ وَزَكَاةٍ، وَيَأْتِي قَدْ شَتَمَ هَذَا، وَقَذَفَ هَذَا، وَأَكَلَ مَالَ هَذَا، وَسَفَكَ دَمَ هَذَا، وَضَرَبَ هَذَا، فَيُعْطَى هَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ وَهَذَا مِنْ حَسَنَاتِهِ، فَإِنْ فَنِيَتْ حَسَنَاتُهُ قَبْلَ أَنْ يُقْضَى مَا عَلَيْهِ أُخِذَ مِنْ خَطَايَاهُمْ فَطُرِحَتْ عَلَيْهِ ثُمَّ طُرِحَ فِي النَّارِ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Касодга учраган кимлигини биласизларми?» дедилар.
«Бизнинг ичимизда касодга учраган дирҳами ҳам, матоҳи ҳам йўқ одам», дейишди.
«Албатта, умматимдан касодга учрагани қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келган, аммо буни сўккан, буни зинода айблаган, бунинг молини еган, бунинг қонини тўккан, буни урган одамдир.
Бунга унинг савобларидан берилур, анавинга ҳам унинг савобларидан берилур. Агар унинг зиммасидаги нарса тамом бўлмасдан аввал савоблари тугаб қолса, уларнинг хатоларидан олиниб, унинг устига ташланур. Сўнгра у дўзахга ташланур», дедилар».

Шарҳ: Тўлиқ маънода касодга учраган одам бу дунёда одамларга ёмонлик қилган киши экан. Ушбу ҳадиси шарифда ўша касодга учраганларнинг энг яхшиси ҳақида сўз кетмоқда. Чунки у қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келган бўлади.

Аммо у бу каби ибодатлар билан келган бўлса ҳам ўша даҳшатли кунда оғир аҳволда қолади. Чунки у бу дунёда буни сўккан, буни зинода айблаган, бунинг молини еган, бунинг қонини тўккан, буни урган одам бўлган эди.

Шу ерда кишини касодга учратадиган, унинг ибодатларини ҳам пучга чиқарадиган ёмонликлардан ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинганларини санаб ўтайлик:

1. Бировни сўкиш.
2. Бировнинг обрўсини тўкиш.
3. Бировнинг молини ейиш.
4. Бировнинг қонини тўкиш.
5. Бировни уриш.

Мана шу ишларни қилган одам қиёмат куни касодга учраши турган гап. Аввал ўша касодга учраган бахтсизнинг савоблари бўлса, уларни олиб, ундан ёмонлик кўрган бечораларга тақсимлаб берилади.

Кейин эса мазкур касодга учраган бахтсизнинг устига бу дунёда унинг ёмонлигидан зарар топган бечораларнинг гуноҳлари юкланади.

Охирида ўша касодга учраган бахтсиз жаҳаннамнинг қаърига улоқтирилади.

Ана, кўрдингизми, бировни сўкиш, бировнинг обрўсини тўкиш, бировнинг молини ейиш, бировнинг қонини тўкиш ва бировни уриш қандай ҳам ёмон иш! Бас, буларга ўхшаган ёмон ишлардан сақланайлик.

وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَتُؤَدَّنَّ الْحُقُوقُ إِلَى أَهْلِهَا يَوْمَ الْقِيَامَةِ حَتَّى يُقَادَ لِلشَّاةِ الْجَلْحَاءِ مِنَ الشَّاةِ الْقَرْنَاءِ. رَوَاهُمَا مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
«Албатта, қиёмат куни ҳақларни ўз аҳлига адо қилурсиз. Ҳаттоки, шохли қўйдан шохсиз қўйга ўч олиб берилади», дедилар».
Иккисини Муслим ва Термизий ривоят қилганлар. 
Шарҳ: Бу дунёда баъзи бир ёмонлар ўз ёмонлигининг баъзисининг жазосидан қутулиб қолиши мумкин. Аммо қиёмат куни ҳеч бир ҳақ зое бўлмайди. Ҳар бир нарса ўз ўрнини топиши муқаррар. Бунда фақат одамлар орасидаги ҳақ-ҳуқуқларгина эмас, балки барча махлуқотлар орасидаги ҳақ-ҳуқуқлар ҳам ўз эгасини топадилар.

Ҳаттоки, бу дунёда ўзининг шохи борлигидан фойдаланиб, шохсиз қўйни сузган қўйдан ҳам ўч олинади. Бас, шундай экан, одам болалари ҳам ўзларининг «шох»ларини ишга солиб, ўзгаларнинг ҳаққини поймол қилишга урина кўрмасинлар. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat