Ассалому алайкум муҳтарам Шайх Ҳазратлари. Ижозатингиз билан қуйидаги саволларни сизга тақдим этсам. Маълумки, насл олиш ниятида сигир новвосга қўшилганда новвоснинг эгасига пул ёки ем-хашак берилади. Ушбу ҳақни бериш тўғрими? Агар тўғри бўлса, пул ёки ем-хашак беришнинг фарқи борми? Аллоҳ рози бўлсин.
- Ва алайкум ассалом! Қочириш учун эркак ҳайвонни ижарага олиш саҳиҳ эмас.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ: نَهَى النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ عَسْبِ الْفَحْلِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا مُسْلِمًا.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак ҳайвоннинг урчитиши учун ҳақ олишдан қайтардилар».
Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Жоҳилият пайтида урғочи ҳайвонларни қочириш учун қўшиб қўйиладиган эркак ҳайвонлар учун ҳақ олишар эди. Бу иш номаълум нарса учун ҳақ олиш бўлганлиги учун Исломда бекор қилинди. Ундай ҳайвонларни иоъра – вақтинча, урғочи ҳайвонни қочириб олгунча бериб туриш тавсия қилинди. Демак, мазкур нотўғри йўл билан мол касб қилиш ҳам жоиз эмас.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077