Ўзи ўлиб қолмаган балиқдан бошқа барча сув ҳайвонлари ҳаромдир.Ўзи ўлиб қолган балиқдан сувда қорни осмонга бўлиб ўлиб ётган балиқ кўзда тутилган. Ҳанафий мазҳаби уламолари сув ҳайвонларига тегишли масалада жумҳурга хилоф қилганлар. Улар, балиқдан бошқа сув ҳайвони ҳалол эмас, деганлар. Чунки, дейдилар улар, сув ҳайвонларини ўзи ўлганидан кейин истецмол қилинади. Ўлимтик эса, ҳаромдир. Балиққа келсак, унинг ўлимтик бўлса ҳам ҳалоллиги ҳадисда келган.Умуман, сув ҳайвонлари ҳалоллиги ҳақида уламоларимиз ҳар хил далиллар борлиги учун кенг ижтиҳод қилганлар. Ўша кенг ижтиҳоднинг бир томонини Ҳанафийларнинг ижтиҳоди ташкил этса, иккинчи томонини, сув ҳайвонларининг ҳаммаси, ҳар бир ҳолда, ҳаттоки сув ичида ўлса ҳам ҳалол, деганларнинг ижтиҳоди ташкил этади. Чигиртка ва балиқнинг барча турлари сўйилмаса ҳам ҳалолдир.Бунинг далили ҳадиси шарифда келган.Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Бизга икки ўлимтик ва икки қон ҳалол қилинди. Икки ўлимтик; балиқ ва чигирткадир. Икки қон бўлса, жигар ва қора талоқдир», дедилар».Ибн Можа ва ал-Ҳоким ривоят қилган.Аслида, Аллоҳ таолонинг: «Менга ваҳий қилинган нарсада таомланувчи учун ҳаром қилинган нарсани топмаяпман. Магар ўлимтик ёки оқизилган қон ёки тўнғиз гўшти бўлса, албатта, у ифлос, ҳаромдир», деган ояти каримасига биноан асли ҳалол ҳисобланган ҳайвонларнинг ўлимтиги ва оқизилган қони ҳаромдир.Ушбу ҳадиси шариф эса, ўша умумий ҳукмдан тўрт нарсани; иккита ўлимтикни ва иккита қонни истисно қилмоқда.«Икки ўлимтик; балиқ ва чигирткадир. Икки қон бўлса, жигар ва қора талоқдир».Ислом шариатида ўлимтик нопок, инсон саломатлиги учун зарарли бўлгани учун ҳаром қилинган. Агар беморлик ориз бўлмаса, ҳайвон ўз ўзидан ўлмайди. Қолаверса, ҳайвон шарций йўл билан сўйилмай, бошқа сабабларга кўра ўлса, қони ва у билан бирга ундаги микроблар, касалликлар бутун баданига тарқалиб кетади. Уни таом сифатида тановул қилган одамга зарар етказади.Аммо, балиқ ва чигирткада бу ҳолат йўқ. Уларнинг қони йўқ. Шунинг учун уларнинг ўлимтиги ҳеч зарар етказмайди. Бу нарса илмий тажрибалар орқали ҳам тасдиқланди.Лекин, чигирткадан бошқа қони йўқ қуруқлик ҳайвонлари ҳаромдир. Чаёнлар, арилар, пашалар шулар жумласига киради.Жигар билан қора талоқ ҳам асосан қондан таркиб топган бўлади. Аммо ўша қон жигар ва талоққа айланганда зарарсиз ҳолга ўтиб қолади, Шунинг учун ҳам, шариатимизда бу икки нарса ҳалол қилинган.