Ассалому алайкум! Бир куни ирим-сирим иссиқ-совук ҳақида гапириб қолишди. Ман уларга “шу нарсаларга дуч келмаслик учун (олдимни боғлаб қўйган ишим юришмайди) Оятал курсини ўқиб юриш керак” деб айтдим. Мен хато гапириб қўймадимми? Сизларга катта раҳмат.
Ва алайкум ассалом! Сиз тўғри айтгансиз.
Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида шайтонни тутиб олган эдилар. Бу ҳодисани у киши кейинроқ ҳам эслаб юрар эдилар. Имом Тобароний Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида шайтонни тутиб олгани менга етди. Мен унинг олдига бориб, менга айтишларича, сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида шайтонни тутиб олган эмишсан?» дедим. У сўзлай бошлади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга закотдан тушган хурмони топширдилар. Мен уни ўзимнинг бир хонамга қўйдим. Ҳар куни унинг озайиб бораётганини кўрдим. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилдим. Бас, у зот менга: «Бу шайтоннинг иши. Уни пойлагин», дедилар. Кечаси уни пойладим. Кечасидан бир оз ўтганда у фил суратида кела бошлади. Эшикнинг олдига етганда у ердаги тирқишдан бошқа суратда ўтди. Сўнг хурмонинг олдига келиб, уни кемира бошлади. Мен кийимларимни саранжомлаб, ўзимни шайладим ва: «Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан абдуҳу ва Росулуҳу! Эй Аллоҳнинг душмани! Сен закотнинг хурмосига кўз олайтирдингми?! Сендан кўра ҳақлилар туриб, уни олмоқчи бўлдингми?! Сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бораман. Шармандангни чиқарадилар!» дедим. У қайтиб келмаслик ҳақида ваъда берди. Мен эрталаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига борсам, у зот: «Асиринг нима қилди?» дедилар. «Менга қайтиб келмаслик ҳақида ваъда берди», дедим. «У албатта қайтиб келади. Сен уни пойла», дедилар. Мен иккинчи кечаси ҳам уни пойладим. У худди аввалгидек иш қилди. Мен ҳам худди аввалгидек иш қилдим. У қайтиб келмасликка аҳд берган эди, қўйиб юбордим. Кейин хабарни етказиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига жўнадим. Қарасам, у зотнинг жарчилари «Муъоз қаерда?» деб жар чақириб юрибди. «Эй Муъоз! Асиринг нима қилди?» дедилар. Мен хабарни айтдим. «У албатта қайтиб келади. Сен уни пойла», дедилар. Мен учинчи кечаси ҳам уни пойладим. У худди аввалгидек иш қилди. Мен ҳам аввалгидек иш қилдим. Мен унга: «Эй Аллоҳнинг душмани! Менга икки марта сўз бериб, мана, учинчи марта келибсан. Энди сени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бораман. У зот сени шарманда қиладилар», дедим. «Мен аёлманд шайтонман. Мен сенинг олдингга Насибийндан келдим. Мен бундан бошқа нарса топганимда, келмас эдим. Сизнинг соҳибингиз Пайғамбар бўлгунича биз сизнинг шу шаҳрингизда эдик. Унга икки оят нозил бўлганидан кейин ўша иккиси бизни бу ердан чиқариб юборди. Кейин биз Насибийнга кетдик. Ўша иккиси қайси уйда тиловат қилинса, у ерга уч кунгача шайтон кира олмайди. Агар мени қўйиб юборсанг, икковини сенга ўргатиб қўяман», деди. «Хўп!» дедим. «Оятул Курсий» ва «Бақара»нинг охири – «Аманарросулу»дан охиригача», деди. Мен уни қўйиб юбордим. Кейин хабарни етказиш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига жўнадим. Қарасам, у зотнинг жарчилари «Муъоз ибн Жабал қаерда?» деб жар чақириб юрибди. Мен у зотнинг ҳузурларига кирганимда: «Эй Муъоз! Асиринг нима қилди?» дедилар. «Менга қайтиб келмаслик ҳақида сўз берди», дедим ва унинг гапларини айтдим. Шунда у зот: «Тўғри айтибди. Аммо у ўзи ўта ёлғончи», дедилар. Шундан кейин ўша икки оятни хурмога ўқир эдим. У камаймас эди». ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!