Бисмиллаҳир Роҳмаанир Роҳим.Ва алайкум ассалом. Сиз ўзингиз сотиб олган дискдан ўз жиҳозингизга фақат ўзингиз учун кўчириб олишингиз мумкин. Бундан бошқа тасарруфлар илм йўлига ғов бўлиши мумкинлигини яхши биласиз, деб ўйлайман. Қуръонни хатм қилишда хатми Қуръон одобларига риоя қилиш тавсия этилади. Бу, умумий қироат одобларига қўшимча равишда, алоҳида тайёргарлик билан, муносиб вақт ва жой танлаб, иложи бўлса, оила аъзолар ва яқин кишилар иштирокида хатм қилиб, уларнинг ҳам хатми Қуръон фазилати ва дуоларидан баҳраманд бўлишларига кўмак бериш каби ишлар билан бўлади. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳар сафар Қуръонни хатм қилганларида шундай қилар эканлар. "Хатми Қуръон чоғида ижобат бўладиган дуо бор", деган маънодаги ҳадисни ҳам шу зот ривоят қилганлар.Қуръонни хатм қилишдаги такбир ва хатми сағирлар ҳақида олдинги савол жавобларда етарли маълумотлар бор. Хатми Қуръонда энг катта эътиборга молик амал бу кўпроқ дуо қилишдир. Салафи солиҳларнинг одатлари шундоқ бўлган. Бунда энг аввал ҳамду сано ва саловатлардан сўнг Қуръони Каримда ва ҳадиси шарифларда келган дуоларни қилиш айни мақсадга мувофиқ бўлади. Қолаверса, инсон ўзи билганича, истаганча дуо қилиши мумкин. Дуонинг арабча бўлиши шарт эмас. Энг муҳими, қалбдан бўлиши керак. Чунки бу фурсатни ғанимат экани юқоридаги ҳадисдан ҳам маълум бўлиб турибди. Айрим салафлар хатми Қуръон муносабати ва хурсандчилиги учун ҳадялар ҳам тортиқ қилганлари айтилади. Аллоҳ таоло Ўзи ёрдамчи бўлсин. Валлоҳу аълам.