Ассалому алайкум! Шу сайт орқали динимизни янада чуқур билиб боряпман. Бунинг учун сайт ижодкорларига ва устозларга ташаккур! Менга бир куни бир киши беш йилдан бери беш вақт намоз ўқийдиган бир киши ҳақида айтиб қолди. Ўша киши беш йилдан буён ўқишга кира олмаётган экан. Шунда хикоя айтаётган акамиз айтдилар-ки «инсон ўз ҳаққига дуо қилмаслиги керак. Ўзгалар ҳаққига дуо қилса Аллоҳни ўша инсонга беради» деб қолди. Айтишича, ўша намозхон ҳам ўқишга кириш учун дуо қиларкан. Айтингчи, инсон ўз ҳаққига дуо қилса бўладими?
Ва алайкум ассалом! Инсон ўз ҳаққига дуо қилмайди деган гап бекор гапдир. Қуръон ва ҳадислар пайғамбарлар ўзлари ва умматларига қилган дуолар билан тўла.
عَنْ صَفْوَانَ بْنِ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَدِمْتُ الشَّامَ، فَأَتَيْتُ أَبَا الدَّرْدَاءِ فِي مَنْزِلِهِ فَلَمْ أَجِدْهُ وَوَجَدْتُ أُمَّ الدَّرْدَاءِ، فَقَالَتْ: أَتُرِيدُ الْحَجَّ الْعَامَ؟ قُلْتُ: نَعَمْ، قَالَتْ: فَادْعُ اللهَ لَنَا بِخَيْرٍ، فَإِنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَقُولُ: دَعْوَةُ الْمُسْلِمِ لِأَخِيهِ بِظَهْرِ الْغَيْبِ مُسْتَجَابَةٌ، عِنْدَ رَأْسِهِ مَلَكٌ مُوَكَّلٌ كُلَّمَا دَعَا لِأَخِيهِ بِخَيْرٍ قَالَ الْمَلَكُ الْمُوَكَّلُ بِهِ: آمِينَ، وَلَكَ بِمِثْلٍ، قَالَ: فَخَرَجْتُ إِلَى السُّوقِ فَلَقِيتُ أَبَا الدَّرْدَاءِ فَقَالَ لِي مِثْلَ ذَلِكَ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ
Сафвон ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Шомга бордим. Абу Дардонинг манзилига бориб, уни топмадим. Умму Дардони топдим. У менга: «Бу сана ҳаж қилмоқчимисан?» деди. «Ҳа», дедим. «Бизга яхшилик сўраб, дуо қил. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Мусулмоннинг ўз биродарига ғойибдан қилган дуоси мустажобдир. Унинг бошида бир муваккал фаришта туради. У ўз биродарига ҳар сафар яхшилик тилаб дуо қилганда муваккал фаришта «Омин! Сенга ҳам ўшандоқ бўлсин!» дейди» дер эдилар», деди. Бозорга чиқиб, Абу Дардони топдим, у ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан худди шу гапни нақл қилди». Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Юқоридаги ҳадиснинг шарҳида имом Нававий : “Солиҳ салафларимизнинг баъзилари қачон ўзларига бирор нарсани сўрамоқчи бўлсалар айни ўша дуо билан мусулмон биродарига сўрар эдилар. Чунки ундай дуо мустажобдир, сўраган кишига ҳам унинг мисли ҳосил бўлади” деганлар. Валлоҳу аълам!