Ассалому алайкум! Менга ризқ жуда қийин берилади. Баъзида жонимдан тўйиб кетаман. 5 вақт намоз ўқийман, рўзалар тутаман, кечаси Қуръон ёдлайман. Бу мақтаниш ёки миннат эмас. Нега бундай бўлишини билмайман. Бошқалар ортиқча ҳаракат қилмаса ҳам осон топишади. Лекин менга хамиша қийини насиб қилади. Насиҳат беринглар, мен амал қилай. Олдиндан раҳмат. Аллоҳ рози бўлсин.
Ва алайкум ассалом! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умрларининг охиригача қорни буғдой нонига тўймасдан ўтдилар. Остиларига солиб ётган нарсалари ҳақида оналаримиз “Икки қават қилиб берар эдик, бир бор тўрт қават қилиб берганимизда “бундай қилманглар бу мени тунги намозимдан қолдирди” деганлар”. У зотга подшоҳ-пайғамбар бўлиш билан оддий инсонлар каби ҳолатдаги пайғамбар бўлиш таклиф қилинганида Сулаймон алайҳиссаломдек подшоҳ-пайғамбардек бўлишни хоҳламай ҳамма қатори ҳаёт кечирадиган пайғамбар бўлишни ихтиёр қилдилар. Асосий нарса бой ёки камбағал бўлиб яшашда эмас. Аллоҳ таоло рози бўладиган покиза ҳаёт кечиришдадир. Сиз истиғфорни жуда кўп айтинг. Истиғфор айтишингиз дунё талаби учун бўлмасин. Валлоҳу аълам!