Ассалому алайкум! Ҳар хил қидирдим айнан мeн истаган савол чиқмади. Уялмасанг, кўнглинг тусаганини қил ёки хоҳлаганингни қил мазмундаги ҳадис борми? Интeрнeтда видeода эшитишимча бир ароққа муккасидан кeтган инсонга бир муҳаддис шу ҳадисни айтганидан кeйин гуноҳига тавба қилиб, у ҳам уламо бўлиб eтишибди. Видeо манбаси аниқ ва ишончли бўлмагани учун сизлардан сўрашга қарор қилдим.
Ва алайкум ассалом! Абдуллоҳ ибн Маслама Қаънабий раҳматуллоҳи алайҳ ҳақида машҳур муҳаддис Шуъба кўчада кетаётганларида Абдуллоҳ ибн Маслама унинг хачирини жуганидан тутиб беодобона “Менга ҳам ҳадис сўзла” деганида Шуъба ўз санади билан “Ҳаё қилмасанг хоҳлаганингни қил” ҳадисини сўзлаб бергани, шудан сўнг Абдуллоҳ ибн Маслама ундан таъсирланиб тавба қилиб имом Молик раҳматуллоҳи алайҳга шогирд бўлиб, имом Бухорийга устозлик қиладиган дражада илмга эга бўлганлиги қиссаларда келади. Абдуллоҳ ибн Масламанинг имом Моликка шогирд бўлгани, имом Бухорий, Муслим, Термизийлар ундан ривоят қилгани рост. Лекин тавбасига сабаб бўлди деган қисса саҳиҳ эмас. Валлоҳу аълам!