“Дорул Ислом” – Ислом диёри. “Дорул ҳарб” – уруш диёри, яҳни, мусулмонлар билан уруш ҳолатида бўлган диёрлар. Шу билан бирга «Дорул аҳд» - аҳдномали диёр ҳам бор. Авваллари биринчи икки диёр “Дорул Ислом” ва “Дорул ҳарб” ҳақида кўп гапирилган. Чунки, асосий масала улар орасида бўлган. Ҳозир замон ўзгариб дунёда “Дорул Ислом” ва «Дорул аҳд» муомалалари асосийга айланиб қолди. Чунки, давлатлар, чегаралар аниқланди ва ўзаро дипломатик алоқалар ўрнатилди. Уруш ҳолатида бўлган диёрлар деярли қолмади. Бўлса ҳам, жуда оз ва вақтинча. Шунинг учун ҳам, табиий равишда бугунга уламолар керакли гапларни айтмоқдалар.«Дорул аҳд» ҳақида фиқҳ китобларимизда маълумотлар бор. Уни дорус сулҳ, дорул муоҳада ва дорул муводаъа деб ҳам атайдилар. Қисқача қилиб айтганда мусулмонлар билан аҳднома тузган бошқа дин вакилларининг диёрлари дорул аҳд бўлади. Аҳднинг маъноси кўп бўлиб, араб тилида омонлик, зиммага олиш, муҳофаза қилиш, ҳурматини риоя қилиш ва мийсоқ маъноларини ҳам билдиради. Ҳозирги кунда уламоларимиз бу масалага кўпроқ аҳамият бермоқдалар. Кувайт давлатида ва бошқа жойларда бу масалага оид алоҳида бўлиб ўтган илмий анжуманларда бу масалага алоҳида тўхталиб ґтилди.Бу масалани «ал-Умм», «Аҳкомус Султония», «Кашшофул қиноъ», «ал-Мав-суъа ал-фиқҳияя» ва бошқа китоблардан ўрганиш мумкин. Валлоҳу аълам.