Ассалому алайкум! Излаш хизмати орқали дежавю саволини топдим. Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф рахимаҳуллоҳ қуйидагича жавоб берган эканлар. “Бундай дейиш нотўғри. Мутлақо нотўғри. Ислом ақийдасини ўрганиш керак. Ишхонамдаги ҳамкасбим дежавю ҳолатини ҳамда Андей Вейрнинг кичкина ҳикоясини айтиб кўп марта тирилиб яшаш фикрини билдирди. Мен дежавю ҳолатига Исломда нима дейилганини билмаганим учун диний тушунтириш бераолмадим. У киши «Тухум» ҳикоясини яна айтиб бошқа ўта ширк келтирадиган фикрларни ҳам айтди. Дежавю ҳолатига диний тушунтириш қандай. Аллоҳ барчангиздан рози бўлсин!
Ва алайкум ассалом! Қуйида сизга бу мавзуда тушунча беришга ҳаракат қиламиз. Унда Устозимиз раҳимаҳуллоҳга берилган савол ва жавобдан фойдаланимиз.
Савол: АсСАЛОМУ алайкум шайх хазратлари. Сизга савол бериш бахтига муяссар этган ОЛЛОХ ТАОЛОГА хамду санолар булсин. Хиндуизм в Буддизм дийнларида инсон рухи дунега кайта тугилиши хакида куп езилган. Айтишларича Исломдаги баъзи мазхаблар хам, кайта тугилишни тан олишар экан. Лекин мен Ислом дийни деганда Куръон в хадисни тушунаман. Инсон рухи дуньега кайта тугилишини аник инкор этувчи оят ва хадислар борми?
Жавоб: - Мазкур тушунчани “Таносухул арвоҳ” дейилади. Яъни, руҳлар бир нарсадан бошқа нарсага кўчиб юради. Қуръони Карим ва ҳадисда сиз айтиб ўтган бу тушунча умуман, эътиборга олинмайди. Аллоҳ таоло руҳ ҳақида Қуръони Каримда марҳамат қилади:
«Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: «Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир», деб айт. Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиши сабаби ҳақида икки ривоят келтирилади. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, имом Насаий, Ҳоким ва Ибн Ҳиббон каби муҳаддислар ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббосдан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Қурайшликлар яҳудийларга: «Бизга бир нарса ўргатинг, манави одамдан сўрайлик», дейишди. Улар: «Руҳ ҳақида сўранглар», дедилар. Шунда қурайшликлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан руҳ ҳақида сўрадилар. Бу сўровга жавобан: «Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар», ояти нозил бўлди». Имом Бухорий ва имом Муслим ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда эса, қуйидагилар айтилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадийна кўчаларидан бирида борар эдим. У киши бир шохга таяниб олган эдилар. Шу пайт бир гуруҳ яҳудийлар дуч келдилар. Улар бир-бирларига: «Бундан руҳ ҳақида сўранглар», дедилар. Улардан баъзилари ўринларидан туриб келиб руҳ ҳақида сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бермай, жим туриб қолдилар. Мен у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий келаётганини дарҳол сездим. Турган жойимда кутдим. Ваҳий нузули тўхтагандан сўнг, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар», оятини тиловат қилдилар». Шунинг учун ҳам, тафсирчи уламоларимиз, ушбу ояти карима икки марта, яъни, Маккада бир, Мадийнада бир нозил бўлган, дейдилар. Шу масалада келган бошқа ривоятларга кўра, яҳудийлар руҳ ҳақидаги саволга Аллоҳдан бошқа ҳеч ким жавоб бера олмаслигини аввалдан билганлар. Тавротда шу ҳақда маълумот бўлган. Улар қу-райшликларга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан руҳ ҳақида сўрашни ўргатишлари билан баробар, агар жавоб берса, Пайғамбар эмас, жавоб бермаса, ҳақиқий Пайғамбар бўлади, дейишган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақиқий Пайғамбар бўлганлари учун ҳам, руҳ ва унинг моҳияти ҳақидаги саволларга жавоб бермадилар. Аллоҳ таоло берган жавобни уларга ўқиб бердилар. Бу жавоб: «Руҳ Роббимнинг ишидир», дейишлик эди. Руҳ, унинг моҳияти ва унга тегишли бошқа нарсалар Аллоҳнинг иши, банданинг иши эмас. Банда қанчалик мақтанмасин, илми оздир: «Сизга жуда оз илм берилгандир». Банданинг ана шу оз илм билан гердайиши ҳам оламни олади. Аслида эса, ўз идроки етадиган, ўзига фойда келтирадиган нарсаларни билдирган Аллоҳга шукр этиб, қолганини Аллоҳга ҳавола қилиши керак эди. Инсоннинг ҳамма нарсаси чеклангандир. Жумладан, ақли, идроки ҳам маҳдуддир. У ақли, идроки доирасидаги ишлар ила шуғулланиб, ундан ташқаридаги нарсалар хусусида беҳуда бош қотирмаслиги керак. Булар қаторига руҳ масаласи ҳам киради. Ҳозиргача инсоннинг руҳ ҳақида бирор нарса билиш учун қилган барча ҳаракатлари беҳуда кетди. Руҳ ҳақида ҳеч нарса била олмади. Инсон руҳ ҳақида билган бирдан-бир нарса Аллоҳ юборган ваҳий, холос. Ана ўша Аллоҳ юборган ваҳий асосида ақоид китобларимизда руҳ ҳақида қуйидагилар айтилади. Оламлар руҳларини олишга вакил қилган ўлим фариштасига иймон келтирамиз. Далил: 1-«Сен: «Сизларни ўзингизга вакил қилинган ўлим фариштаси вафот этдиради. Сўнгра, Роббингизга қайтарилурсиз»-деб айт». (Сажда: 11) Жон олувчи битта фаришта бўлмагани учун бошқа оятда: 2–«Фаришталар вафот этдирадилар», (Нахл: 28) дейилган. Шунингдек: 3-«Токи, бирортангизга ўлим келганида, элчиларимиз сизни вафот этдирур. Улар камчиликка йўл қўймаслар», (Анъомсураси, 61) деган. Фариштаалар жонларни Аллоҳнинг амри ва изни билан қабз қиладиган бўлганлари учун: 4-«Аллоҳ жонларни уларнинг ўлими пайтида вафот этдирур ва уйқусида ўлмаганларини ҳам», (Зумар: 41) деган. Ўлим фариштасига жонларни қабз қилиш ва чиқариб олиш топширилган. Сўнгра, уларни раҳмат фаришталари ёки азоб фаришталари қабул қилиб оладилар ва Аллоҳ таоло хоҳлаганича яхши ва ёмон жонларнинг турар жойларига олиб борадилар. Буларнинг ҳаммаси, Аллоҳнинг изни, қазои қадари, ҳукми ва амри билан бўлади. Шунинг учун ҳам, уларнинг ҳар бирига, ўз вазифасига қараб жон олишни изофа қилса-нисбат берса бўлади. Энди руҳ ва нафс ҳақида муҳим баҳсларни қисқагина қилиб зикр этамиз. Умид қиламизки, ушбу масалаларни билишга қизиққан одамга фойда беради. Биринчи савол: Руҳ нима ўзи? Билинки, руҳ ҳақиқати ҳақида энг аввало идрок қилиш лозим бўлган нарса шулки, у жонли нарсаларда ҳаётнинг асосидир. Албатта, ўша жонли нарса унга руҳнинг пуфланиши билан тирик бўлади. Ундан руҳ ажраб чиқиши билан ўлик бўлади. Бу руҳнинг энг юқори таърифидир. Унинг чегараси эмас. Руҳ ишига чуқур назар солинганидан кейин «руҳ» сўзи икки нарсага ишлатилиши зоҳир бўлади. 1. Қалбда (юракда) ғизоларнинг хулосасидан туғиладиган, ҳис қилувчи, ҳаракатлантирувчи, ғизонинг тадбирини қилувчи латиф буғга руҳ дейилади. Бунда барча жони бор нарсалар шерикдирлар. Яъни, бу нарса уларнинг ҳаммасида бордир. Ўша буғнинг юпқа ёки қалин, мусаффо ёки кир, бўлишига қараб жонли нарсадан турли нарсалар зоҳир бўлади. Унинг баданда бўлиши, худди атиргулдаги сув ёки кўмирдаги оловга ўхшайди. Ушбу «Буғга ҳайвоний руҳ ёки ҳавойи руҳ, дейилади. 2. Идрок қилувчи руҳ бўлиб, уни ҳақиқий руҳ, дейилади. У эса, ҳалиги буғ ёки ҳайвоний руҳ устида бўлади. Бадан ҳавойи руҳни кўтарадиган бўлганидек, ҳавоий руҳ ҳам ҳақиқий руҳни кўтарадиган бўлади. (Ҳужжатуллоҳи ал-Болиға 2-38). Ушбу ҳақиқий руҳга, нафс, ҳам дейилади. Қуръон, суннат, саҳобаларнинг ижмоъи ва ақл далолат қиладики, ўша нафс-нуроний, олий, енгил, тирик, ҳаракатланувчи, бир жисм бўлиб, аъзоларнинг жавҳарига киради. Унда худди сув атиргулда юрганига ўхшаб, ёғ зайтунда юрганига ўхшаб ва олов кўмирда юрганига ўхшаб юради. Модомики, аъзолар ушбу латиф жисмдан оқиб чиққан таъсирларни қабул қилишга солиҳ экан, ўша латиф жисм уларда юриб туради. Унинг белгилари ҳис қилишни ва иродали ҳаракатни ифода қилади. Қачонки, аъзолар, уларга қўпол ахлатларнинг устун келиши сабабли мазкур таъсирларни қабул қила олмай қолса, руҳ бадандан ажраб чиқиб, руҳлар оламига қўшилади.
РУҲНИНГ БОШҚА МАЪНОЛАРИ
1. Гоҳида Қуръонни ҳам, руҳ, деб номланади. «Шундоқ қилиб, Биз сенга ўз амирларимизла Руҳни ваҳий этдик». (Шуро: 52) 2. Гоҳида Жиброил алайҳиссаломга ҳам Руҳ дейилади: «Уни Руҳул амийн олиб тушди». ( Шуаро: 193) 3. Инсон баданида кириб-чиқиб турадиган ҳавога ҳам айтилади. 4. Аллоҳнинг танишлик, Унга қайтишлик қувватига ҳам айтилади. «Ана ўшаларнинг қалбларига иймонни ёзди ва уларни Ўзидан бўлган руҳ билан қўллади». (Мужодала: 58) Иккинчи савол: Руҳ қадимийми ёки кейин пайдо бўлганми? Баъзи сўфилар ва файласуфлар, руҳ қадимийдир, деганлар. Аммо барча пайғамбарлар, руҳ кейин пайдо бўлган, халқ қилинган, ясалган, тарбияланган нарса эканига иттифоқ қилганлар. Барча динлар олам кейин пайдо бўлган нарса эканлигига иқрордирлар. Саҳобалар ва тобеъинлар ҳам ушбу ақийда ила ўтганлар. Қуръон ва суннат таълимоти шунга далаолат қилади. Аллоҳ таоло: «Аллоҳ ҳар бир нарсанинг яратувчисидир. У зот ҳар бир нарсага вакилдир», (Зумар: 39) дейди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ бўлган эди. Аллоҳ билан ҳеч нарса бўлмаган эди», деганлар. Учинчи савол: Руҳ ўладими ёки ўлмайдими? Баъзи тоифалар, руҳ ўлади, деганлар. Чунки, у–нафсдир. Ҳар бир нафс эса, ўлимни татигувчидир. Шунингдек, у ер устидадир. Аллоҳ эса: «У (ер)нинг устидаги ҳар бир кимса фонийдир», (Ар-Раҳмон: 26) деган. Нафс - «нарса»дир. Аллоҳ таоло: «У зотнинг юзидан бошқа ҳар бир нарса ҳалок бўлувчидир», (Қасос: 88) деган. Бошқа тоифалар эса, руҳлар ўлмайди, деган. Чунки, улар боқийлик учун яратилганлар. Баданларгина ўлади. Кўпгина оят ва ҳадислар, руҳлар бадандан ажраганидан сўнг уларга яна қайтиб келгунларича роҳат ёки азобда бўлишига далолат қилган. Тўғриси шулки; Жасадлардан ажраб чиқиш - руҳларнинг ўлимидир. Агар ўлимдан ушбу нарса ирода қилинса, руҳлар ўлади. Агар бутунлай йўқ бўлиб кетиши ирода қилинса, унда ўлмайди. Улар боқий қоладилар. Далил: «Улар у ерда биринчи ўлимдан бошқа ўлимни татимайдилар». (Духон: 56) Ўша ўлим руҳнинг жасаддан ажралишидир. Руҳ учун жасаддан ажрашдан бошқа ўлим йўқ. Тўртинчи савол: «Руҳ бир нарсами ёки айри-айри икки нарсами? Таҳқиқ шуни кўрсатадики, руҳнинг зоти бир, эътибори иккидир. Идрок қилувчи нарсага бадандан ажраган ҳолида «руҳ», дейилади. Баданда турганида эса нафс, дейилади. Улар орасидаги фарқ шунда. Гоҳида бирининг ўрнига иккинчиси айтилаверади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ
Руҳнинг асл ҳақиқатини нима эканлигини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Бу борада Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Ва сендан руҳ ҳақида сўрарлар. Сен: «Руҳ Роббимнинг ишидир. Сизга жуда оз илм берилгандир», – деб айт.» (Исро, 85).(«Тафсири Ҳилол» китобидан). Руҳларнинг бир танадан бошқа танага кўчишига келсак, бу назария илм-фан тилида «реинкарнация» дейилади. Араб тилида «таносуҳ, тажассум» деб аталиб, бу атама ўлимдан сўнг руҳнинг бир танадан чиқиб, бошқа бир жасадга кўчиши ҳақидаги асоссиз назарияга нисбатан ишлатилади. Ўтмишда ғайбий ҳодисаларга ақли етмаган жоҳил кимсалар, ақидаси бузуқ қавмлар (масалан, баъзи равофизлар, буддага сиғинувчи ҳиндлар, ҳатто христиан динига мансуб бўлган баъзи бир кишилар) ана шундай тушунчада бўлишган. Улар қиёматда қайта тирилишни, ҳар бир руҳ ўз жасадига қайтиб, жаннатга ёки дўзахга киришини инкор қиладилар ва руҳлар танани тарк қилганидан кейин, бошқа янги туғилувчи чақалоқ танасига киради – дейишади. Баъзида ўз хулқи ва шаклига муносиб бўлган ҳайвон, ҳашорат ва қушларнинг танасига киради ва амалларига қараб неъматланади ёки азобланади – дейишади. Сўнг яна ўша амали ва ахлоқига муносиб бошқа таналарга киради – дейишади. Мана шу уларнинг наздида кишининг амалига яраша неъматланиш ёки азобланишдан иборатдир. Агар гуноҳ қилса, у ўлгач, руҳи ит ёки тўнғиз, ёки кофир жасадига ўтади ва азобланади. Оқибатда барча руҳлар қилган гуноҳидан покланиб, Парвардигорга қайтади. Бундай тоифадаги кишилар наздида, руҳлар танадан ажрагач, уларнинг қарор топган жойлари ўзларига муносиб ҳайвонлардан иборатдир. Баъзилари шундай яшаш доимий давом этади – деса, баъзилари инсон етти бор бу дунёга қайта келади – дейишади. Баъзилар эса : Руҳ танани тарк этгач буткул йўқ бўлиб кетади, қилган амалига яраша бўлган неъмат ёки азобланиш жасадга бўлади – дейишади. Бундай гаплар ботил ва бундай эътиқод Одам алайҳиссаломдан Муҳаммад алайҳиссаломгача ўтган барча анбиёлар иттифоқ қилган эътиқодга зид бўлиб, Аллоҳ ва қиёмат кунига кофир бўлиш ҳисобланади.(Аллоҳ сақласин). Минг афсуски, ҳозир динимиз таълимотларидан бехабар айрим кишилар ана шундай таги йўқ гапларга ишониб юришибди. Баъзи матбуот нашрлари руҳларнинг инсонга ёки жонзотларга кўчиши ҳақидаги шов-шувли хабарларни чоп этиб, уларни чалғитишга сабабчи бўлишмоқда. Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, ҳар бир жасаднинг алоҳида руҳи бор. Улар у ерда биринчи ўлимдан ташқари ўлимни тотмаслар. (У Зот)уларни дўзах азобидан сақлар. (Духон. 56). («Тафсири Ҳилол» китобидан). Ҳар бир жасад ўз руҳи билан қиёматда қайта тирилади ва ҳисобга тортилади. Сўнг уларга бериладиган азоб ёки неъмат ҳам жасадига, ҳам руҳига бўлади. Шу ўринда “инсон вафот топгач уларнинг руҳлари қаерда бўлади?” деган саволга уламолар турлича фикрлар айтганлар. Инсон вафот топиши билан қабр ҳаёти бошланади. У ҳаётда руҳларнинг турар жойлари бир-биридан фарқ қилади. 1-Набий ва расул саловатуллоҳи алайҳим ва саламуҳулар. Уларнинг руҳлари “Малаул аъло”да “Иллиййин”да бўлади. Уларнинг манзиллари ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам меърожда кўрган мақомларда. 2-Шаҳидларнинг руҳлари жаннатдаги қушларнинг жиғилдонига жойлаштириб қўйилади. Улар жаннатнинг хоҳлаган жойларига саёҳат қиладилар. Қиёмат қоим бўлгач ўз таналарига қайтарилиб, таналари ила жаннатга кирадилар. Бу мақом ҳам шаҳидларнинг ҳаммаларига тегишли эмас. Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Жаҳшдан қилинган ривоятда: Киши шаҳид бўлсада, қарзи туфайли руҳини жаннатга киришидан тўхтатиб турилади. Қачон қарзини тўласа, кейин кириши айтилади. Улардан баъзилари жаннат дарвозасининг олдида тўхтатиб қолинган бўлади ва баъзиси эса қилган гуноҳи кабиралари туфайли қабрининг ўзида тутиб қолинган бўлади. Яна баъзилари имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисга биноан турар жойи жаннат дарвозаси олдидаги яшил қуббада бўлади. Уларга эртаю кеч жаннатдан ризқлари етказиб турилади. Яна баъзи руҳлар юқорига кўтарила олмай ернинг ўзида қолади. Улар дунёда Роббисининг маърифатини ҳосил қилмаган, муҳаббатини қозонмаган, зикр ва ибодатида бўлмаган кишиларнинг руҳларидир. Баъзиларининг руҳлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам меърож кечасида кўрганларидеқ, зинокорлар ташлаб қўйиладиган тандур каби ости кенг жойда бўлади. Баъзилариники эса ўша кечада кўрилган жойларда бўлади. Кофирларнинг руҳлари эса “Сижжийн”да бўлади – дейишган. Бундан келиб чиқадики, барча бахтли ёки бахтсиз кишиларнинг руҳлари бир жойда бўлмайди. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган саҳиҳ ҳадисларни текшириб чиқиш орқали келинган натижадир. Ўлган инсоннинг руҳи маълум муддатгача яқинларининг ёнига келиб туриши ҳақида саҳиҳ ҳадислар йўқ. Лекин ҳадисларда: Бирор киши вафот топса амалига яраша юқоридаги руҳлардан қайсидир бирига қўшилиб, оиласи ва аҳли аёлининг ҳақида сўраши, яхши ишларига хурсанд бўлиб, ёмон ишларига ранжиши айтилган. “Руҳлар доим кўриб туради” деган эътиқод бирор ҳадисда йўқ. Валлоҳу аълам!
"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати.