Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Динимизда қалб хурсандчилигида яшаш

05:49 / 18.10.2017 | 3592

Ассалому алайкум! Саволим, шундан иборатки, бу дунёда хурсанд бўлиб яшаб юриш кeракми ёки охиратни ўйлаб маҳзун бўлиб яшаш кeракми? Динимизга оид китобларимни ўқиб, қилган хато, гуноҳларимни англаб, борган сари қалбим ғам-ғуссага, қайғуга тўлиб умуман тушкун ҳолатга тушиб қолдим. Ҳаёлимдан ўқиган нарсаларим кeтмай, юрагим сиқилиб, кайфиятим ёмон ҳолатда. Сизлардан илтимос, аниқроқ тушунтириб бeрсангиз. Ислом динидида бу дунёда қалб хурсандчилиги, шодлик аслида нимада? Ҳаёт ташвишлари, аламу қайғуларни, синовларни бироз унутиб, хурсанд кайфиятда бўлиш учун нима қилса бўлади?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Биз мусулмонлар Аллоҳнинг Робблигига рози бўлганмиз. Бунинг маъноси шуки, Роббимиз бизнинг устимизда нима иш юритса унга эътироз билдирмаймиз. Бу худди отамизни отамиз эканлигига рози бўлганимиздек. Отамиз бизларнинг ҳақимизда нима иш юритсалар “Хўп отамиз шундай деган бўлсалар биз розимиз” деймизку. Ҳолбуки ота гапларида, ишларида хато қилади. Гоҳида беҳикмат иш юритиши ҳам мумкин, ҳолбуки Аллоҳ таоло Ҳаким Зотдир. Бирор бир устимизда қилган иши ҳикматдан ҳоли эмас. Инсон қилган хатосини тан олиши, тавба қилиши керак, албатта. Лекин Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлиб бурканиб ўтириб олмаслик керак. Машойихлар Аллоҳ таоло билан банда орасидаги муомалани ота билан фарзанд муомалага ўхшатишади. Аксинча ота ва фарзанд орасидаги алоқадан Роббимиз ва банда орасидаги алоқа жуда яқиндир. Фарзанд гуноҳ ишни қилиб кулиб турса отага ёқмаганидек банда ҳам гуноҳни қилиб тиржайиб туриши тўғри эмас. Фарзанд итоат қилиб, буйруқларни бажариб, хуш кайфиятда юрса ота ҳам ундан хурсанд бўлганидек банда ибодат қилиб, хато қилса тавба қилиб, хурсанд бўлишини Аллоҳ таоло хуш кўради. Табассум қилиб юриш суннатдир. Исо алайҳиссаломнинг икки ҳаворий(у кишига иймон келтириб, доим хизматида бўлган)си бўлиб, бири сертабассум, қувноқ, бошқаси эса маҳзунликни ўзига лозим тутган кишилар эди. Аллоҳ таоло Исо алайҳиссалом сертабассум, қувноқнинг ҳолати мақбул эканлигини ваҳий қилган. Биз “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доим табассум қилиб юрар эдилар” деган ҳадисдаги табассумни унутиб қўйганмиз.

عن عبدالله بن الحارث رضي الله عنه قال ما رأيت أحدا أكثر تبسما من رسول الله صلى الله عليه وسلم  اخرجه الترمذي

Абдуллоҳ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади :  “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўра сертабассум бўлган бирор кимсани кўрмадим”.  Термизий ривояти. 

عَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: تَبَسُّمُكَ فِي وَجْهِ أَخِيكَ لَكَ صَدَقَةٌ، وَأَمْرُكَ بِالْمَعْرُوفِ وَنَهْيُكَ عَنِ الْمُنْكَرِ صَدَقَةٌ، وَإِرْشَادُكَ الرَّجُلَ فِي أَرْضِ الضَّلَالِ لَكَ صَدَقَةٌ، وَبَصَرُكَ لِلرَّجُلِ الرَّدِيءِ الْبَصَرِ لَكَ صَدَقَةٌ، وَإِمَاطَتُكَ الْحَجَرَ وَالشَّوْكَةَ وَالْعَظْمَ عَنِ الطَّرِيقِ لَكَ صَدَقَةٌ، وَإِفْرَاغُكَ مِنْ دَلْوِكَ فِي دَلْوِ أَخِيكَ لَكَ صَدَقَةٌ. رَوَى هَذِهِ الثَّلَاثَةَ التِّرْمِذِيُّ 

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:  «Биродаринг юзига табассум қилмоғинг садақадир. Амри маъруф, наҳйи мункар қилмоғинг садақадир. Адашган жойида одамни йўллаб қўймоғинг сен учун садақадир. Кўзи яхши кўрмайдиган кишига бир нарсани кўрсатиб қўймоғинг сен учун садақадир. Йўлдан тошни, тиканни ва суякни олиб ташлашинг сен учун садақадир. Ўзингнинг челагингдан биродарингнинг челагига қуйиб бермоғинг сен учун садақадир», дедилар». Учаласини Термизий ривоят қилганлар. Шарҳ: «Биродаринг юзига табассум қилмоғинг садақадир». Очиқ юзли бўлиш ҳусни хулқнинг бир шўъбасидир. Бировнинг юзига фақат бир бор табассум ила боқмоқ ҳам садақа экан. Исломда кишилар орасидаги ўзаро муомалаларга қанчалик эътибор берилганини қаранг! Садақа қилишдек улуғ ишнинг савобини олмоқчи бўлган одам бошқа бировга табассум ила боқиб қўйса етарли. Бу ҳадиси шарифга амал қилиб яшаган жамиятнинг қандай гўзал жамият бўлишини тасаввур қилиб кўринг-а! («Ҳадис ва Ҳаёт» китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat