Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Чап қўлда таом ейиш

21:14 / 19.11.2017 | javlonbek | 1022

Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, танишим менга чап қўлда таомланиш ҳалол деб айтияпти. Сизлардан илтимос шу масалага ойдинлик киритиб берсангизлар. Олдиндан жавобингиз учун раҳмат Аллоҳ илмингизни зиёда қилсин.


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Узрсиз чап қўлда таомланиш суннатга хилофдир.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ  رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: إِذَا أَكَلَ أَحَدُكُمْ فَلْيَأْكُلْ بِيَمِينِهِ، وَإِذَا شَرِبَ فَلْيَشْرَبْ بِيَمِينِهِ، فَإِنَّ الشَّيْطَانَ يَأْكُلُ بِشِمَالِهِ وَيَشْرَبُ بِشِمَالِهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ 

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирортангиз еса, ўнг қўли билан есин. Қачон бирортангиз ичса, ўнг қўли билан ичсин. Чунки шайтон чап қўли билан еб, чап қўли билан ичади», дедилар».
Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Демак, чап қўли билан еб-ичган одам Роҳманнинг амридан юз ўгириб, шайтонга эргашган ва унинг ишини қилган бўлади. Шунинг учун бу масалага катта эътибор билан қарамоғимиз, фарзандларимизга ҳам ўргатмоғимиз лозим.

عَنْ سَلَمَةَ بْنِ الْأَكْوَعِ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَجُلًا أَكَلَ عِنْدَ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم بِشِمَالِهِ، فَقَالَ: كُلْ بِيَمِينِكَ، قَالَ: لَا أَسْتَطِيعُ، قَالَ: لَا اسْتَطَعْتَ، مَا مَنَعَهُ إِلَّا الْكِبْرُ، قَالَ: فَمَا رَفَعَهَا إِلَى فِيهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ

Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида чап қўли билан таом еди. Бас, у зот: «Ўнг қўлинг билан е!» дедилар.«Қодир эмасман», деди у.«Қодир бўлмагин! Уни кибрдан бошқа нарса ман қилмади», дедилар у зот. Ҳалиги одам қўлини оғзига кўтара олмай қолди».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан дийнимизда овқатланиш маданиятига қанчалик аҳамият берилганлигини ёрқин кўриб турибмиз. Албатта, гап овқатланишнинг исломий маданияти ҳақида кетмоқда. Овқатланишнинг исломий маданиятларидан бири ўнг қўл билан ейишдир. Ҳар бир мусулмон инсон бу муҳим ишга алоҳида эътибор билан қараши лозим. Баъзи бир кишилар бу исломий маданиятга риоя қилмасалар, уларни огоҳлантириш керак. Ушбу ривоятнинг қаҳрамони ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида овқатланишнинг исломий маданиятига риоя қилмай, чап қўли билан таом ейишга тутинди. Албатта, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳолга бепарво бўлишлари мумкин эмас эди. Шунинг учун мазкур одобсиз кишига таълим бериб:
«Ўнг қўлинг билан е!» дедилар». 
Бундай пайтда ҳар қандай одам таълим берувчига ташаккур айтиб, ўзини ўнглаб олишга уринади. Одоб-ахлоқ тақозоси шу. Аммо ҳалиги одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ташаккур айтиб, ўз хатосини тузатиб, ўнг қўли билан таом ейишга ўтиш ўрнига:
«Қодир эмасман», деди». 
Яъни бу «Овқатни ўнг қўлиб билан ея олмайман. Чап қўлим билан еявераман», дегани эди. Ўзи нотўғри иш қила туриб, унга меҳр кўрсатиб, хатосини тўғрилаб қўйган зот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан бундай бетгачопарлик қилган нобакор ҳар қандай жазога ва қарғишга лойиқ эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ-ойдин қилиб:
«Қодир бўлмагин!» дедилар». 
Яъни «Ўнг қўлинг билан таом ея олмасанг, бир йўла ея олмай қолгин», дедилар. Ҳамда у ерда ҳозир бўлганларга тушунтириш учун:
«Уни кибрдан бошқа нарса ман қилмади», деб, қўшиб қўйдилар. Яъни у одам юқоридаги гапни ҳақиқатда ўнг қўлида нуқсон борлиги учун эмас, кибр билан хатосини тан олишдан бош тортиб айтган эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни дуоибад қилдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари жойида қабул бўлди.
«Ҳалиги одам қўлини оғзига кўтара олмай қолди». 
Ажаб бўлди! Баттар бўлсин! Ўз фойдасини билмаган, шариат ҳукмидан кўра ўзининг кибрини устун қўядиганлар учун бу ҳам кам!
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар: 
1. Чап қўл билан таом еб бўлмаслиги.
2. Бировнинг чап қўл билан еганини кўрган одам танбеҳ бериб, ўнг қўл билан ейишини эслатиб қўйиши кераклиги.
3. Дийний ҳукмлар бўйича насиҳат эшитган одам мутакаббирлик қилмаслиги кераклиги.
4. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари дарҳол қабул бўлиши. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat