Ассалому алайкум! Ҳурматли “Зикр аҳлидан сўранг” ҳайъати! 2569-саволда лоторея ўйинида ютилган ҳар қандай ютуқ ҳаром эканлигини айтиб ўтибсизлар. Ушбу жавобдан сўнг мени бир нечта саволлар ўйлабтириб қўйди. Ҳозирда кўплаб ташкилотлар томонидан турли хил кўринишда акциялари ўтказилади. Масалан, “каналимизга аъзо бўлинг ва ютуқ соҳибига айланинг” ёки “саҳифамизни бошқаларга улашинг ва ютуқ соҳибига айланинг”. Мана шундай акцияларда фойдаланувчиларнинг рўйхати тузилади ва қуръа ташлаш натижасида ғолиб аниқланади. Савол: Ушбу акцияда ғолиб бўлсангиз, ютуғининг ҳукми қандай бўлади.
Агар ютуқнинг ҳукми ҳаром бўлса, ютилган совғани ўзимда қолдириб, унинг нархича келадиган пулни эҳсон қилса тўғри бўладими? Радио/ТВ/Интернетда бирор бир ташкилот ўзининг маҳсулотини реклама қилиш мақсадида турли хил ўйинларни ўтказиши мумкин. Масалан, бизнинг оила 5-10 йил олдин радиода шундай ўйинда иштирок этиб, турли хил саволларга жавоб бериб ғолиб бўлганмиз. Натижада ушбу ташкилотнинг раҳбари шахсан ўзи совғаларни уйга олиб келган. У совғалар эса аллақачон ишлатилиб бўлинган. Агар ушбу ютилган совғаларнинг ҳукми ҳаром бўлса, унинг совғаларининг пулини ҳозирда эҳсон қилиб юборишимиз тўғрими?
Ва алайкум ассалом! 1). Умумий қоида: кўпчилик пул тикиб, гарчи озгинадан бўлса ҳам улардан бирига ўша пул ютуқ сифатида етиши қимор ҳисобланади. 2). Бир томон ўзи тарафидан ютуқ қўйса уни олиш жоиз. Масалан, бирор ташкилот спорт мусобақасини уюштириб, қатнашувчилардан пул олмасдан ўзи тарафидан ютуқ тайинласа ғолибга уни олиш жоиз. Валлоҳу аълам!