Ассалому алайкум! Ҳурматли илм соҳиблари, Ман бир домланинг Макрух вактларда нафл номозларини ўқиб бўлмайди деган гапларини эшитиб қолдим. Менинг саволим макрух вақтларда қазо намозини ўқиб олса бўладими? Мисол учун бомдодга ухлаб қолиб қуёш чиқвотган вақтда туриб қолса фарзини ўқиб олса бўладими? Агар мумкин бўлса иложи бўлса далилни ҳам юборсангиз, илтимос. Чунки мен шундай вақтларда бомдодни ўқаганимда бар танишим ўқиб бўлмайди дегандилар. Ман Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ким бомдодга ухлаб қолса туриши билан ўқиб олсин деганларига амал килиб келардим.
Ва алайкум ассалом! Тақвимда қуёш чиқиш деб белгилаб қўйган вақт кириши билан қуёшнинг юқори қисми кўринган бўлади. Қуёш ҳадисда келганидек бир ёки ики найза юқорига кўтарилмагунча ҳеч қандай намоз ўқиш мумкин эмас. Чунки ҳадисга биноан бу вақтда шайтонга ибодат қилувчилар унга ибодат қилишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида ухлаб қолган эсига тушган вақтда ўқисин деган бўлсалар, бошқа бир ҳадисда қуёш чиқиш, тиккага келиш ва ботиш вақтида ўқимасин деганлар. Фуқаҳолар икки ҳадисни татбиқ қилиб, “намоз ўқилмайдиган вақтдан бошқа вақтда ўқисин” деганлар.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا تَحَرَّوْا بِصَلَاتِكُمْ طُلُوعَ الشَّمْسِ وَلَا غُرُوبَهَا، فَإِنَّهَا تَطْلُعُ بِقَرْنَيِ الشَّيْطَانِ. وَفِي رِوَايَةٍ: إِذَا طَلَعَ حَاجِبُ الشَّمْسِ فَأَخِّرُوا الصَّلَاةَ حَتَّى تَرْتَفِعَ، وَإِذَا غَابَ حَاجِبُ الشَّمْسِ فَأَخِّرُوا الصَّلَاةَ حَتَّى تَغِيبَ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّ
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Намозингиз ила қуёшнинг чиқишини ҳам, ботишини ҳам намоз вақти қилиб олманглар. Чунки у шайтоннинг шохлари орасидан чиқади», дедилар». Яна бир ривоятда: «Қуёшнинг қоши чиқса, намозни у кўтарилиб бўлгунча кечга суринглар. Қуёшнинг қоши ботса, намозни у ботиб бўлгунча кечга суринглар», дедилар». Икки Шайх ва Насаий ривоят қилганлар. Шарҳ: Ушбу ривоятдаги «қуёшнинг қоши» иборасидан мурод, қуёш доирасининг бир тарафи – қошга ўхшаб эгилган жойи тушунилади. Ҳадисдан олинадиган фойдалар: 1. Қуёш чиқаётган вақтда намоз ўқимаслик. 2. Қуёш ботаётган вақтда намоз ўқимаслик. 3. Қуёшнинг бир тарафи чиқиб, кўринганидан кейин у то тўлиқ кўтарилиб бўлгунча намоз ўқимай туриш. 4. Қуёшнинг бир тарафи ботганидан кейин то у тўлиқ ботиб бўлмагунча намоз ўқимай туриш. 5. Мазкур вақтларда намоз ўқиб бўлмаслигининг сабаби «Чунки у шайтоннинг шохлари орасидан чиқади» деган ибора билан баён қилинган. Имом Муслимнинг ривоятида: «Ва кофирлар унга сажда қилурлар» жумласи зиёда келган. Демак, қуёшпарастлар қуёшга у чиқаётган ва ботаётган пайтда сажда қилар эканлар. Шайтон эса ўша жойда туриб олиб, улар менга сажда қиляптилар, деб масхара қилар экан. Ана шу кофирларга ўхшамаслик учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни мазкур вақтларда намоз ўқишдан қайтарганлар. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!